Саодат асрида сахобалар ҳузурига бирор киши масала сўраб келганида “Мендан кўра фалончи билимлироқ”, деб уни бошқа саҳобага йўллашар,   у ҳам ўз навбатида бошқасига юборар, гоҳо сўровчи шу тариқа айланиб- айланиб, яна биринчи учрашган одамига келиб қолар экан.

Абу Ҳомид Ғаззолий айтадилар: “билмайман” дейиш илмнинг ярмидир.  Ким билмаган нарсаси ҳақида Аллоҳ учун сукут қилса, гапирганидан кам савоб олмайди, чунки бу борада билимсизлигини эътироф қилиши нафсига оғир келади”.

Сергаплик ва сўзамоллик фазилат эмас, қусурдир. Холбуки, Расулуллоҳ ( салллаллоҳу алайҳи ва саллам): «ҲАҚИҚАТДА, СЕРГАП, БЕҲУДА ЖАВРАЙДИГАН ВА ЭЗМАЛАРИНГИЗ МЕНГА ЭНГ ЁМОН КЎРИНГАНЛАРИНГИЗ ВА ҚИЁМАТДА МЕНДАН ЭНГ УЗОҚЛАРИНГИЗДИР» , деганлар (Имом Термизий).

 

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)-нинг муборак чеҳраларини кўрган бир аъробий Исломни қабул этганини эълон қилиб, бунга шундай изоҳ берган эди: «Гувоҳлик бераман, бу юз — ёлғончининг юзи эмас» .

Солиҳ салафлар билмаган нарсаси ҳақида гапирмасликни, сўзлаган вақтларида ҳам фақат зарур, рост, фойдали сўзлашни одат қилишган, бошқаларни ҳам шунга чорлашган.

Агар ақл, илм кишиларнинг гап-сўзи миқдорига кўра ўлчанганида эди, одамларнинг энг илмли ва ақллиси уларнинг энг сергаплари бўлар эди.

 

Ўтмишда барча уламоларимиз сўзамолликдан қочганлар. Абу Толиб Маккий: Аллоҳ таолодан қўрқиб сукут қилиш гўзаллиги илм билан гапиришдаги гўзаллик кабидир”, дейди.

Имом Аъзам Абу Ханифа (раҳматуллоҳи алайҳ) ҳам бу қоидаларга қатъий амал қилганлар. У зот ҳар нарсани  «биламан» , дейишдан ўзларини тийганлар. «Билмаган нарсаларимни оёғим остига қўйганимда бошим кўкка тегарди» , деган эканлар. мазҳаббошимиз.

 

Олимнинг салоҳияти унинг ҳар нарсага топган жавобида эмас, балки нима дейишида ё сукут сақлашида аён бўлади. Ўзининг нимани билмаётганини англаши билимларининг энг муҳимидир.

Инсон илмни қанчалик чуқур эгалласа, хулоса қилишида шунчалик эҳтиёткор, эътиборли бўлади. Билмайдиган нарсасини, биламан, дейишдан ор қилади. Аксинча, илми қанчалик саёз ва юзаки бўлса, ўрганган нарсаларини тўғри ва теран фаҳмламаса, ортиқча сўзларни кўп гапиради ва ҳақ йўлдан адашиши, залолатга юз буриши шунчалик осонлашади.

 

Абдусалом Султонов

Олтинсой туман «Хидиршо Ота» жомеъ масжид имом-хатиби

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here