​Қарз олиш ва бериш шариатимизда мубоҳ амаллардан ҳисобланади. Албатда, инсоннинг ҳаёти бир текис давом этмайди. Умуман олганда, инсонлар доимо ўзаро ёрдам ва кўмакка мухтож бўладилар. Шунга кўра динимизда ўзаро ёрдам, бировнинг оғирини енгил қилиш жуда савобли ишдир. Имом Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган ҳадисда жаноб Пайғамбаримиз с.а.в шундай деб марҳамат қилганлар: “Кимки, бирорта мусулмонни дунё ташвишларининг биридан қутқазса, Аллоҳ таоло у бандани қиёмат кунидаги битта ташвишидан қутқазади. Кимки, бирорта кишининг оғирини енгил қилса, Аллоҳ таоло у банданинг дунё ва охиратдаги ишини енгил қилиб қўяди. Ўз биродарига ёрдам бериб юрган бандага Оллоҳ таоло ҳам ёрдам беради”.
Имом ибн Можжа ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз с.а.в: “Бирорта мусулмон киши бошқа бир мусулмонга икки марта қарз берган бўлса, садақа қилганлик савобини топади”, деганлар.
Бошқа бир ҳадисда эса: “Садақа қилган одамга ўнта савоб бўлса, қарз берган одамга ўн саккизта савоб бўлади. Чунки , садақа сўровчи кишида эҳтимол эҳтиёжига етадиган бирор нарса бўлиши мумкин. Аммо қарзни фақат муҳтож кишингина сўрайди” , дейилган.
Шу ва шунга ўхшаш ҳадислардан қарз олиш ва бериш шариатимизда жоиз экани маълум бўлади.Бироқ , қарз олиш ва беришнинг ҳам қонун қоидалари бор.Оллоҳ таоло Қуръони каримда: “Эй имон келтирганлар, бир-бирингиздан бирор муддатга қарз олиб, қарз берсангиз, уни ёзиб қўйинг…” (Бақара,282).
Бундан ташқари, шу оятда: “…Сизлар рози бўладиган (адолатли) гувоҳлардан икки эркак кишини гувоҳ қилинглар. Агар икки эркак топилмаса, бир эркак билан икки аёлдир…” деб марҳамат қилганлар.
Қарзни маълум бир муддатга олинган вақтда уни ёзиб қўйиш ёки унга гувоҳлар чақириш, кейинчалик қарз олди-берди қилувчилар орасида тушунмовчиликлар, низолар чиқмаслигини таъминлайди.
Шариатимиз қарз — олди берди муомаласига рухсат берар экан, ўз навбатидаҳар икки тарафга ҳам ўзининг талаб ва масъулиятларини юклайди. Масалан қарзни унга муҳтож бўлганда олиш, олганда ҳам вақтида қайтари зарур.Аммо, бировга ҳасад қилиб, молига кўз олайтириб, уни мол-дунёсидан айириш мақсадида қарз олиш гуноҳи азим. Зеро, Пайғамбаримиз с.а.в : “Кимки бировдан қайтариб бериш ниятида қарз олса, Оллоҳ унга қарзини узишга ёрдам беради. Кимки молига талофат етказиш мақсадида олса,Оллоҳ унинг ўзига талофат етказади” , деганлар.
Қарздор киши қарзини имкон қадар тезроқ узишга ҳаракат қилиши лозим.Қарзини узишга етадиган моли бўла туриб, уни эгасига бермай вақтини ўтказиб юриш зулмдир деган маънодаги ҳадис Пайғамбаримиз с.а.в дан ворид бўлган. Қарзни узишга қодир бўла туриб, уни адо этмай туриб вафот этиб кетган киши ҳақида ворид бўлган ҳадисларда айтилишича, ундай киши гуноҳкор бўлади, унинг гуноҳини Оллоҳ таоло кечирмайди. Ҳатто Расулуллоҳ с.а.в ундай одамнинг жанозасини ҳам ўқимаганлар. Аммо шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, ҳақиқатдан ҳам муҳтожлиги туфайли қарх олган, лекин уни адо этолмай вафот этиб кетган киши ҳам хадис ворид бўлганки, унда ундай кишининг нияти яхши бўлгани, аммо тақдир тақозоси билан қарзини уза олмагани учун қиёмат кунида унга қарз берган одамни Оллоҳнинг ўзи рози қилади. Яъни берган қарзи эвазига унинг гуноҳларини кечиради, савобларини зиёда қилиб беради ва шу орқали қарздорни қарзидан фориғ қилади, дейилади.
Шариатимиз ўз навбатида қарз берувчи кишига ҳам бир қанча талаб ва масъулиятлар юклайди.Жумладан қарз берганда аввало бировнинг бировнинг оғирини енгил қилиш билан Оллоҳнинг розилигини топишни мақсад қилиш лозим. Зинҳор қарз бериш орқали мўмайгина даромад топишни кўзлаш мумкин эмас. Қарз бериб унинг эвазига. Қарздордан фойда олиш сўдхўрликдир. Сўдхўрлик эса, гуноҳи кабиралар жумласига киради. Бундан ташқари қарз берган киши қистайвермаслиги, иложи борича унга имконият яратиб, вақтни чўзиб бериши лозим. Бу ҳақда Пайғамбаримиз с.а.в : “Кимки қиёмат кунининг қийинчиликларидан Оллоҳ нажот берсин деса, қарз олиб, қайтаришга қийналиб турган қарздорга тўлаш муддатини узайтириб қўйсин ёки бутунлай қарзидан кечиб юборсин” (Имом Муслим ривояти) деганлар.
Шундай экан, қарз олди-берди қилувчилар ўз ҳуқуқ ва масъулиятларини яхши билмоқликлари билан бир қаторда, бир-бирларига нисбатан мурувватни унутмасликлари лозим.

Олтинсой тумани “Хўжа Бурхон”
жомеъ масжиди имом хатиби: Т.Худойқулов

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here