Ҳар-бир нарсага зарурат бўлгани каби кийинишга ҳам эҳтиёж бор. Танани исиқ-совуқдан сақлаш, авратни беркитиш либос орқали амалга оширилади.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Эй Одам авлоди! Сизларга авратларингизни беркитадиган либос ва патлар (зийнат кийимлари)ни туширдик. (Аммо) тақво либоси – бу, яхшироқдир. Бу(лар) Аллоҳнинг мўъжизаларидандир. Шояд (буни) эслаб кўрсалар!» (Аъроф сураси 26-оят).

Инсонни ҳайвондан ажратиб турадиган, авратини ва аъзоларини беркитадиган нарса либосдир. Либос зийнат ҳамдир. Аллоҳ таоло оятда (Аммо) тақво либоси – бу, яхшироқдир” демоқда.

Аллоҳ таоло инсонга кийим-бошни авратини тўссин, ўзини тузатсин, деб берган. Лекин ҳаддини билмас айрим кимсалар буни фахр ва ғурур воситаси қилиб олишган. Баъзилар кийимни тор ва ўта юпқа қилиб кийиб, ундан кўзланган мақсадни суиистеъмол қилишяпти.

Абу Ҳомид Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Инсоннинг кўркам ва қимматбахо кийимларга ўч бўлиши шайтонга қалбининг эшикларини очиб беришидир. Чунки шайтон инсонни фахрли кийимлар билан зийнатлаб, ўзига бўйсундиради ва нафс қулига айлантиришга ҳаракат қилади”.

Шайх Шаъбий айтади: “Аҳмоқлар устингдан кулмайдиган ва фақиҳлар айбламайдиган кийим кий”.

Алишер Навоий “Маҳбуб ул-қулуб” асарида: “Эркакларнинг ўзини кўз-кўз қилиши учун ясаниши аёлларнинг ўзига оро бериши кабидир. Аммо бу каби безанмоқ ҳар-иккаласи учун ҳам номуносибдир. Хусусан, эркаклар учун кўпроқ шарманда ҳолатдир”, деганлар.

Кийим кийишдан, асосан, учта фойда кўзланади. Биринчиси, азиятдан сақланса, иккинчиси, авратини беркитади, учинчиси, гўзаллик ва зийнат учундир.

Инсоннинг кийиниши унинг ички маънавий оламини акс эттиради. Кимда уят, ҳаё, ор-номус каби тушунчалар бўлса, ўша инсон ўз обрўсини сақлайдиган даражада кийинади.

Исломда кийим-бошга алоҳида эътибор қаратилади. Ислом ҳукумлари баён этилган китобларимизда алоҳида “Либос боби” бор. Айниқса, ҳадис, тасаввуф ва фиқҳ китобларимизда либос масаласига алоҳида урғу берилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қачон кийим кийсангиз ва қачон таҳорат қилсангиз, ўнг томонингиздан бошланг”, дедилар.

Исломий маданиятга кўра, кийим ўнг томондан кийилади.

Ривоят қилинишича, бир куни Пайғамбаримиз алайҳиссалом ва саҳобалар жангдан қайтиб, дам олиш учун бир дарахт соясида ўтирганларида, туясини боқиб юрган бир саҳобий уларнинг олдига келади. У эскриб, йиртилиб кетган кийимда эди. Бу ҳолатни кўрган Набий алайҳиссалом Жобир ибн Абдуллоҳга: “Унинг бошқа кийими йўқми?” деб сўрадилар. У киши: “Тўрвасида яна иккита кийими бор экан”, деди. Пайғамбар алайҳиссалом: “Уларни кийса бўлмайдими?” дедилар. Жобир ибн Абдуллоҳ бояги саҳобийни чақириб, Пайғамбар алайҳиссаломнинг гапларини етказдилар. У дарров кийимларини алмаштириб олди. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: “Мана шуниси яхши эмасми?”  дедилар.

Фуқаҳоларимиз кийим масаласида келган далилларни ўрганиб, қуйидаги хулосага келишган.

–  фарз – бу авратни беркитадиган ва иссиқ-совуқдан ҳимоя қиладиган кийим;

  • мустаҳаб – бу авратни тўсиб, зийнатни зоҳир қиладиган кийим;
  • мубоҳ – бу жума, ҳайит ва одамлар жамланадиган кунлари ясаниш учун кийиладиган кийим;
  • макруҳ – бу такаббурлик ва манманлик учун кийиладиган кийим;
  • ҳаром – бу авратни тўсмайдиган ҳамда эркаклар учун шойи-ипак кийимлардир.

Диний одобимизда аёлларнинг кийинишига катта эътибор қаратилади. Уларинг юзи, икки қўли, кафтидан бошқа ҳамма жойи аврат бўлгани сабабли номаҳрамлардан яширилиши, кийимни ҳам шунга муносиб танланиши лозим.

Кийиниш масаласида мусулмон киши, аввало, ҳалол-ҳаромга эътибор бериб, киядиган кийимини ҳалол йўл билан топиши зарур.

Эргашали РУСТАМОВ,

Чилонзор тумани бош имом-хатиби

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here