Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.
«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).
«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).
«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).
Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.
Аммо баъд…
Бугунги суҳбатимиз «Дунё имтиҳонлар ҳовлиси ва синовлар уммонидир» деб номланади.
Севикли биродарим! Бу дунёга келган кунингиздан бошлаб сиз имтиҳону синовлар гирдобига ташланган бўлдингиз. Агар Аллоҳ сизга мол-давлат ато этган бўлса, билингки, сиз синовлар уммонидасиз. Агар сиҳат-саломатлик ато этган бўлса, билингки, яна имтиҳондасиз. Агар Аллоҳ сизни шак-шубҳалар ва тангликларга дучор этган бўлса, билингки, бу ҳам бир имтиҳон.
«Биз сизларни (сабр-тоқатларингизни синаш учун) ёмонлик билан ҳам, (шукр қилишингизни билиш учун) яхшилик билан ҳам «синаб» имтиҳон қилурмиз» (Анбиё: 35). Бу дунё имтиҳон ҳовлисидир, синовлар уммонидир. У абадий ўрнашиш ҳовлиси эмас, йўқлик ва заволга юз тутиш ҳовлисидир.
Аллоҳ таоло айтади: «Билингларки, бу ҳаёти дунё фақат (бир нафаслик) ўйин-кулги, зеб-зийнат, ўрталарингиздаги ўзаро мақтаниш ва мол-дунё ҳамда фарзандларни кўпайтиришдир, холос. (У) худди бир ёмғирга ўхшарки, унинг (ёғиши сабабли униб чиққан) ўт-ўлани деҳқонларни хайратга солиб (ақлларини банд қилиб қўюр). Сўнгра у қурир, бас уни сарғайган ҳолда кўрурсиз. Сўнгра у қуруқ чўп бўлиб қолур. (Ҳаёти дунёнинг ҳоли ҳам шундан ўзга эмасдир). Охиратда эса (ўша тўрт кунлик дунёга алданиб қолганлар учун) қаттиқ азоб ва (иймон-эътиқод билан ўтганлар учун) Аллоҳ томонидан мағфират ва ризолик бордир. Ҳаёти дунё эса фақат алдовчи матодир» (Ҳадид: 20).
Аллоҳ таолонинг ушбу ҳовлидаги ҳукми шудир.
Дунё ҳаёти ҳар қанча узун бўлмасин, барибир қисқадир, ҳар қанча улкан бўлмасин, барибир ҳақирдир. Зотан, тун ҳар қанча узоқ давом этмасин, тонг отиши аниқ, умр ҳар қанча узоқ бўлмасин, қабрга киришдан бошқа чора йўқ..
Шундай экан, азиз дўстим, билингки, Аллоҳнинг ҳузуридаги нарсага фақат Унинг тоати билан эришилади, сиз Аллоҳ ҳузуридаги нарсага Унинг маъсияти билан ҳам етишса бўлади деган хато фикрга бориб қолманг ва ҳалолдан топиб, ҳалол ейишга қаттиқ урининг. Зеро, умр қисқа, сиз кутаётган энг яқин ғойиб меҳмон ўлимдир. Жасаддаги ҳаромдан унган ҳар бир эт дўзахга лойиқроқдир.
Порахўрликдан, ҳаромдан, ботилдан сақланинг, бола-чақангиз ҳузурига фақат ҳалол ризқ келтиринг. Токи, Аллоҳ таоло фарзандингизни сизнинг ҳаётлик пайтингизда ҳам, вафотингиздан кейин ҳам фақат солиҳ ва покиза тарбияга муваффақ қилсин.
Сурхондарё вилояти бош имом хатиби Алиакбар Сайфидинов