Ҳаётий дарс

Бир кишининг тўрт ўғли бўлиб, уларга жуда гўзал тарбия бериб вояга етказаётган эди. Аммо кун келиб ота ўғилларига ҳаёт борасида ҳам ажойиб ҳаётий дарс беришни ўйлаб юрарди. Бундан мақсад, ўғилларини ҳаёт ишларида тезда қарор қабул қилмасликларини ва назарий қарашлари, бир нарса борасида фикр юритишлари юзаки бўлмаслигини билдириб қўйиш эди. Чунки улар эндигина катта ҳаёт остонасига қадам босаётган эдилар. Шунинг учун фарзандларини узоқ бир жойга жўнатмоқчи бўлди, у ерда катта дарахт бор эди. Шарт эса оддий: ўғиллар ўша дарахтни сифатлаб беришлари керак эди. Катта ўғли қиш фаслида, иккинчи ўғли баҳор фаслида, учинчи ўғли ёз фаслида, кенжа ўғил эса куз фаслида белгиланган жойга бордилар. Барчаси узоқ сафардан қайтганларида ота уларни тўплаб, кўрган барча нарсаларини тасвирлаб беришларини сўради.

Катта ўғли аввал гап бошлади: “У дарахт қуриган ва жуда ҳам кўримсиз экан”. Шунда иккинчи ўғли: “У дарахт кўм-кўк бўлиб, барглари дилга ором бахш этади!” – деди.

Ушбу гаплардан ажабланган учинчи ўғил: “У дарахт ёқимли ҳидли гуллар билан ўралган эди!” – деб ўз муносабатини билдирди.

Кенжа ўғил ушбу гапларни инкор қилиб: “У дарахт мевалар ила тўлиб-тошган, унда ҳаёт мавжланар эди-ку!” – деди. Шундай қилиб, фарзандлар бир-бирининг сўзларини инкор қилиб, турли фикрлар билдирдилар.

Ушбу фикрларни эшитиб турган ота уларнинг сўзларини тушунтириб берди: “Барчангизнинг сўзларингиз тўғри. Чунки ҳар бирингиз у ерга  турли фаслларда бориб, дарахтни турли кўринишларда кўрган эдингиз. Шунинг учун бир-бирингизнинг сўзларингиздан ажабландингиз.

Сизларга айтадиган ягона насиҳатим шуки, ҳеч қачон бир шахсни  бир ҳолатда ёки бир ўринда кўриб, шу заҳоти кўрганларингиз асосида ҳукм чиқарманг. Қиш таассуротларига алданиб қолсангиз, албатта, баҳордаги гўзалликдан, ёздаги ажиб ҳиссиётлардан, куздаги ҳаёт лаззатидан  маҳрум бўласиз. Ўзганинг ҳаётини эса ўз қарашларингиз билан барбод этиб қўйишингиз хавфи бор”.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ҳаётда бир ҳолатга қараб ҳукм чиқарманг. Ҳар бир қийинчиликлардан ибрат олишга  ҳаракат қилинг.  Чунки Аллоҳ таоло сиз учун гўзал онлар ва унутилмас лаҳзаларни тайёрлаб қўйган.

ТИИ 2 курс талабаси Абдувосиев Муҳаммад Носир

Манба: mumina.uz

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here