![]()
Ислом таълимотида инсонларнинг бир-бирларининг мол-мулкини ноҳақ йўл билан ўзлаштириши қаттиқ ман этилган. Қуръони каримнинг Бақара сураси 188-оятида шундай марҳамат қилинади:
«Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманглар. Ва билиб туриб, одамларнинг молларидан бир қисмини гуноҳ йўли билан ейиш учун уни ҳокимларга узатманглар».
Ушбу оят коррупция, порахорлик ва ноҳақ манфаат орттиришнинг ҳар қандай кўриниши Ислом динида улкан гуноҳ эканини яққол кўрсатади. Зеро, пора орқали бировнинг ҳаққини ейиш, адолатни сотиш ва ҳақиқатни яшириш жамиятнинг маънавий асосларига путур етказади.
Пора — икки дунё хорлиги
Коррупциянинг энг кенг тарқалган кўринишларидан бири порахорликдир. Пора бериш ҳам, пора олиш ҳам инсонни гуноҳга етаклайдиган оғир амаллар сирасига киради. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада умматларини қаттиқ огоҳлантириб шундай деганлар:
«Пора берувчини ҳам, пора олувчини ҳам Аллоҳ лаънатласин».
Аллоҳнинг лаънати — Унинг раҳматидан узоқ бўлиш демакдир. Бу эса мусулмон инсон учун энг оғир оқибатлардан биридир. Қайси жамиятда порахорлик илдиз отса, ўша ерда барака йўқолади, адолат мезонлари бузилади, муносиб ва билимли кишилар четда қолиб, нолойиқ инсонлар масъул лавозимларга чиқиб олади. Бундай ҳолат эса охир-оқибат жамият тараққиётига тўсиқ бўлади.
Пора фақат бир инсоннинг гуноҳи эмас, балки бутун жамиятга зарар етказадиган хавфли иллатдир. Чунки пора сабабли ҳақ эгаси ҳаққидан маҳрум бўлади, ноҳақ инсон эса асоссиз равишда устунликка эга бўлади. Бу эса халқ орасида норозилик, ишончсизлик ва адолатсизлик муҳитини келтириб чиқаради.
Ҳаром луқма ва унинг тарбияга таъсири
Коррупция йўли билан топилган мол-мулк ҳаром ҳисобланади. Динимизда ҳаром луқманинг инсон қалбига, оиласига ва фарзанд тарбиясига салбий таъсир қилиши кўп бор таъкидланган. Ҳаром ризқ инсоннинг қалбини қотиради, дуоларининг ижобат бўлишига тўсиқ бўлади, ҳаётидан хотиржамлик ва баракани кетказади.
Энг ачинарлиси, ҳаром мол орқали боқилган фарзандлар тарбиясида ҳам салбий таъсирлар намоён бўлиши мумкин. Чунки оиладаги ризқнинг ҳалол ёки ҳаромлиги фарзанднинг маънавий камолотига бевосита таъсир кўрсатади. Шунинг учун ҳар бир инсон ўз оиласига олиб кираётган ризқининг манбаи ҳақида жиддий ўйлаши лозим.
Инсон оз бўлса-да ҳалол ризққа қаноат қилиши, нафсини тийиши ва вақтинчалик манфаат учун охиратини бой бермаслиги керак. Ҳалолликда хотиржамлик, барака ва обрў бор. Ҳаромда эса доимий қўрқув, виждон азоби ва икки дунё расволиги бор.
Коррупцияга қарши кураш — ҳар бир инсоннинг бурчи
Коррупцияга қарши курашиш фақат ҳуқуқ-тартибот органларининг вазифаси эмас. Бу ҳар бир иймонли, виждонли ва масъулиятли инсоннинг бурчидир. Жамиятда ҳалоллик муҳити қарор топиши учун ҳар бир фуқаро ўзидан бошлаши, ҳар қандай ноҳақлик, порахорлик ва адолатсизликка бефарқ қарамаслиги лозим.
Ислом дини инсонни доимо Аллоҳнинг назорати остида яшаётганини ҳис қилишга чақиради. Қачонки инсон Аллоҳ таоло уни ҳар доим кўриб, кузатиб турганини англаса, у ҳаромдан, порахорликдан ва бировнинг ҳаққига хиёнат қилишдан ўзини тияди. Бу ҳолат эҳсон мақоми деб аталади. Эҳсон руҳида яшаган инсон нафақат қонундан, балки аввало Аллоҳдан қўрқиб, пок ва ҳалол ҳаёт кечиришга ҳаракат қилади.
Хулоса
Коррупция — жамиятни емирувчи, инсонлар ўртасида ишончни йўқотувчи ва адолатни поймол қилувчи хавфли иллатдир. Ислом дини бу иллатни қатъий қоралайди ва мусулмонларни ҳалоллик, омонатдорлик ҳамда адолатга чақиради.
Динимиз буюрган ҳалоллик, поклик ва адолат тамойилларига амал қилиш ҳар бир инсоннинг муқаддас бурчидир. Зеро, ҳалоллик бор жойда барака, адолат бор жойда тинчлик, омонатдорлик бор жойда эса тараққиёт бўлади. Коррупциядан холи, адолатли ва маънавий соғлом жамият қуриш эса ҳар биримизнинг виждоний ва диний масъулиятимиздир.
Ярашев Хабиб – Сурхондарё вилояти, Термиз шаҳар «Мангузар» жоме масжиди имом ноиби, Термиз Давлат университети талабаси