Виждон эркинлиги — инсон қадри ва тинчлик кафолати!
Виждон эркинлиги — ҳар бир инсоннинг эътиқод қилиш ёки қилмаслик, ўз динини эркин танлаш ва унга амал қилиш ҳуқуқидир. Бу тамойил инсон қадрини улуғлайдиган, жамиятда тинчлик, ўзаро ҳурмат ва бағрикенгликни таъминлайдиган муҳим қадрият ҳисобланади.Ўзбекистонда виждон эркинлиги қонун билан кафолатланган бўлиб, у миллатлар ва динлар ўртасида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ислом дини инсон виждонига зўравонлик қилишни қатъий рад этади. Қуръони Каримда шундай марҳамат қилинади: «Динда мажбурлаш йўқ»(Бақара сураси, 256-оят).
Бу оятдан маълум бўладики, иймон — қалб иши. Уни мажбурият ёки босим билан эмас, ақл, идрок ва ихтиёр орқали қабул қилиш лозим. Ислом бағрикенглик, сабр ва ҳикмат билан даъват қилишни буюради.
Пайғамбаримиз Муҳаммад ҳам турли эътиқод эгаларининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳурмат қилганлар, улар билан адолат ва инсоф асосида муомала қилганлар.
Виждон эркинлиги тўғрисидаги концепциянинг асосий мақсади — жамиятда:
дин ва давлат ишларини ўзаро мувофиқ равишда олиб бориш,
фуқароларнинг эътиқод эркинлигини таъминлаш,
диний бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни мустаҳкамлаш,
диний ниқоб остидаги экстремизм ва адоватга қарши маърифат билан курашишдан иборат.
Бу концепция динни сиёсийлаштирмасдан, уни маънавий тарбия манбаи сифатида қадрлашни кўзда тутади.Маърифат эса — адоватга қарши кучдир.
Ислом таълимотида жоҳиллик энг катта хавф сифатида баҳоланади. Шу боис виждон эркинлиги концепциясида маърифатга алоҳида эътибор қаратилади. Чунки тўғри диний билим инсонни адашишдан, турли бузғунчи ғояларга эргашишдан асрайди.
Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ таълимотида ҳам ақл, илм ва ҳикмат устувор қўйилган. Бу эса бугунги кунда виждон эркинлигини тўғри англаш учун муҳим асосдир.Жамият барқарорлиги ва тинчликни англатади.
Виждон эркинлиги таъминланган жамиятда турли миллат ва дин вакиллари бир оиладек яшайди. Ўзаро ҳурмат ва қонунга итоат жамиятни барқарор қилади. Бу эса тараққиёт ва осойишталикнинг асосий шартидир.
Виждон эркинлиги — фақат ҳуқуқ эмас, балки масъулият ҳамдир. Ҳар бир инсон ўз эътиқодини қонун доирасида, бошқаларнинг ҳақ-ҳуқуқини ҳурмат қилган ҳолда амалга ошириши лозим.
Аллоҳ таоло юртимизда тинчлик, ўзаро ҳурмат ва маънавий юксалишни бардавом этсин. Қалбларимизга ҳикмат, бағрикенглик ва соф иймон ато этсин.
ЎМИ Сурхондарё вилояти вакилининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари Хосият Қосимова.