Диний бағрикенглик ғоясига таянган Ўзбекистонда  хилма-хил диний эътиқодга эга бўлган турли миллат вакиллари ҳамжиҳат бўлиб, бир заминда яшаб, меҳнат қилиб келаётган, бир вақтда “дунёвийлик” тамойилини тўғри англаш, жамият, давлат ва дин орасидаги муносабатларда мувозанатни сақлаш масаласи долзарб аҳамият касб этмоқда. Бу ҳақда Ўзбекиcтон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан айтилган қуйидаги сўзлар ниҳоятда муҳимдир: “Дунёвий ва диний қадриятлар ўртасидаги нозик муносабатларнинг моҳиятини ҳар томонлама тўғри тушунтиришимиз лозим. Тарих ва ҳаёт тажрибаси шундан далолат берадики, дунёвий ва диний қадриятлар бир-бирини тўлдирмас экан, бугунги куннинг оғир ва мураккаб саволларига тўлақонли жавоб топиш осон бўлмайди. Шу маънода, биз муқаддас динимиз арконлари ва қадриятларини доимо улуғлаб, шу билан бирга, дунёвий ҳаётга ҳам қатъий ишонч билан интилиб яшаган тақдирдагина ўз эзгу мақсадларимизга ета оламиз”.

Изоҳли луғатларда дунёвийлик атамасига инсоннинг маънавий мезонларни дунёга нисбатан ўлчаб яшашини англатадиган тушунча сифатида қаралади. Шунингдек, барча динлар  ҳамда турли қарашларни тенг ҳурмат қилиш, фуқароларнинг динидан қатъий назар қонун олдида тенглиги масаласи ҳам дунёвийликка хосдир. Дунёвийлик тушунчасини динийлик билан мутлақ қарама қарши қўйиш тўғри эмас. Улар дунё ва инсон ҳаётининг моҳиятига турлича қараш усулларидир.   Дунёвийлик тушунчасида диний ташкилотларни сиёсий ташкилотлардан ажратиш ва динийликни барча учун асос қилиб олмаслик тамойили туради.

Бугунги кунда дунёвий турмуш тарзига диннинг мослашиш жараёнини ифодалаш ва дин билан сиёсатнинг ўзаро нисбатини тавсифлаш учун илмий адабиётларда “секуляризация” атамаси кенг қўлланилади. Секуляризация сўзи лотинча «saeculum» сўзидан олинган бўлиб, “дунёвий” деган маънони англатиб, у давлат ва жамият бошқарувида диний анъаналар ўрнини дунёвий қонунчилик тизими эгаллашига нисбатан ишлатилади.

Бизга маълумки. дин ўзида фақатгина диний ақида ва ибодатларни камраб олиш билан кифояланмай, аввало  ўзига умуминсоний ахлоқ меъёрларини сингдирган ва уларни умуммажбурий ҳулқ–атвор қоидаларига айлантира олган. Жамиятда турли миллат ва дин вакилларининг  баҳамжиҳат яшашида, жамият аъзоларида эртанги кунга ишонч ҳиссини мустаҳкамлашда, турли ҳаёт синовлари, муаммо ва қийинчиликларни енгиб ўтишларида, энг муҳими  умуминсоний ва маънавий қадриятларни сақлаб қолиш ҳамда авлоддан–авлодга етказишда диннинг алоҳида ўрни бор. Бизга маълумки, дин  маънавий яқинлик ва руҳий ҳамоҳангликни таъминлашдек функциясига кўра, интеграциянинг муҳим омили ҳисобланади. Дин, жамият ва давлат муносабатлари тизимида манфаатлар уйғунлигини  таъминлашда ҳам  диннинг улкан ижтимоий гуруҳларни уюштира олиши, бирлашишини таъминловчи мафкуравий вазифаси алоҳида аҳамият касб этади. Ўзбекистонда дин  давлатдан ажратилган бўлсада, мамлакатдаги маданий-маънавий анъналарнинг ажралмас қисми ва аҳоли маънавий камолотининг асоси сифатида қаралади. Дин кишилар менталитети, ахлоқи ва маданияти билан диалектик алоқадордир. Шу сабабли ҳам, ҳар қандай дунёвий давлатда жамиятнинг бирдамлиги, ўзаро аҳиллиги, жипслиги, тинчлиги ва барқарорлигини сақлашда дин ўзининг алоҳида ўрнига эга.

Дунёвийлик – даҳрийлик эмас  ибораси Ўзбекистон Республикаси Биринчи  Президенти Ислом Каримов томонидан илгари сурилган бўлиб, у фоний ва боқий дунёнинг маънавий-руҳий жиҳатдан уйғунлигини ифода этади. Ислом Каримов ўзининг “Юксак маънавият енгилмас куч” асарида: “Дунёвийлик даҳрийлик дегани эмас. Дин ва диний эътиқод бутунлай рад этиладиган ҳаёт қандай ғайриинсоний  кўринишга эга эканини биз кечаги тарихимиз мисолида яхши биламиз .  Бундай мафкуранинг хатарли томони шундаки, у  неча асрлар давомида дин негизида  шаклланган, халқ ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб кетган қадриятлар— бу ёзма ёки оғзаки, моддий ёки маънавий мерос бўладими,  ахлоқ ёки анъаналар бўладими, миллий дунёқараш ёки турмуш тарзи бўладими—буларнинг барчасини рад этади”-, дея таъриф беради.

Диний манбаларда нафақат эътиқод ва ибодат масалалари ёритилган, балки ўтган халқлар ҳаётидан ибратли ҳикоялар ҳам мужассам бўлиб, уларда оғир синовларни бошидан кечирган пайғамбарлар ҳаёти, бузғунчиликка берилган халқлар, натижада улар бошига жазо сифатида тушган фалокатлар намуна қилиб кўрсатилади. Мазкур ҳикояларни ўқиб, тўғри хулоса чиқарган киши гуноҳлардан тийилишга, савобли ишларни кўпроқ қилишга ҳаракат қилади. Албатта бу ўз навбатида ҳар қандай жамиятда соғлом ижтимоий ҳолатнинг юзага келишига ёрдам беради. Бизга маълумки, улуғ аждодларимиз азалдан дунё ва охиратни ўзаро муштарак ҳолда тасаввур этганлар. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадисларида таъкидланганидек, “Охиратни ўйлаб дунёни, дунёни ўйлаб охиратни эсдан чиқарманглар”, зеро дунё охират зироатгоҳидир, дунёни обод қилган кишининг охирати ҳам обод бўлади. Жумладан, ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанднинг “Даст ба кору дил ба Ёр” (Қўлинг ишдаю, қалбинг эса Аллоҳ билан бўлсин) шиорида ҳам айнан шу мазмун, яъни дунё ва охират ишларини баравар, бирга олиб бориш маъноси мужассам.

Барча динларда мавжуд бўлган мутаассиблик кайфиятидаги айрим гуруҳлар дунёвийликни гўёки “даҳрийлик” (истилоҳга кўра, даҳрийлик бу Худонинг борлигига шак келтириш, ишонмасликдир), “диндан чиқиш” деб талқин қилишга ҳаракат қилишмоқда.Гўёки уларнинг даъволарига кўра, дунёвий шахс гўё яратганнинг буйруқларини, муқаддас китобларини инкор этади. Бу каби тоифалар дунёвий илм-фан, маданият ва санъатни мутлоқ инкор этишни гўёки дин кўрсатмаси даражасига кўтарадилар. Тарихда дин номидан жаҳолатни тарғиб этишга мисол тариқасида ўрта асрларда Европадаги инквизиция судларида черков номидан илм-фан соҳаларида янгиликларни очган кашфиётчиларнинг турли жазоларга тортилиши, олимларнинг таъқиб қилинишини келтириш мумкин. Бундай ҳолат бошқа динлар доирасида ҳам кузатилиб туради. Аслида эса, соф диний таълимотга кўра, инсонлар манфаатига хизмат қиладиган илмнинг ҳар қандай тури савобли амаллардан саналади. Ўзбекистон аҳолисининг 90 фоиздан кўпроғи эътиқод қиладиган ислом динида ҳам дунёвийлик ва динийлик чегаралари белгиланмаган. Ислом таълимотига кўра, инсонларнинг дини, жони, насаби, ақли ва молига фойда келтирадиган ҳар қандай амал диний жиҳатдан ҳам маъқулланган, савобли иш ҳисобланади. Масалан, кишиларнинг оғирини енгил қилиш мақсадида техник воситаларни, тиббий ёки кимёвий моддаларни кашф этиш, деҳқончиликда янги усулбларни қўллаш каби ишлар учун ҳам киши икки дунё саодатига эришиб, ажр ва мукофотлар олади. Ўз навбатида инсонлар зарарига хизмат қиладиган, ғаразли мақсадларда кашфиётларни амалга ошириш гуноҳ деб топилади. Мазкур тамойилларга асослаган ҳолда ўрта асрларда ислом оламидан илм-фаннинг барча соҳалари бўйича етук, қомусий алломалар етишиб чиққан. Дин уламолари ҳам ўз навбатида уларни “куфр” ёки динбузарликда айбламаганлар.

Исломда дунёвийликка динга ёт тушунча сифатида қаралмай, балки, динининг муқаддас манбалари-Қуръони Карим ва Ҳадисларда ҳам инсон бу дунёси учун ҳам ҳаракат қилиши кераклиги уқтирилади. Жумладан, “Бақара” сураси 201- оятда: Яна шундайлари борки, улар:”Эй, Роббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато этгин, охиратда ҳам яхшилик (ато этгин) ва бизни дўзах азобидан асрагин”,-дейдилар. Қуръони Каримдаги “Динда(динга) зўрлаш йўқ”(Бақара сураси, 256- оят) оятида дунёвийликнинг энг муҳим асосларидан бири мужассам бўлган. Унга кўра диний ҳаёт тарзини мажбурлаб сингдириш мумкин эмасдир. Шунингдек, “Аллоҳ сенга ато этган нарса билан охиратни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин” (Қасас сураси, 77-оят) мазмунидаги ояти каримани Абу Лайс Самарқандий “Бу дунёдаги насибангни тарк қилмагин, токи охиратинг учун хизмат қилсин”, дея тафсир қилган. Мазкур оятда охиратни ёдда тутган ҳолда, бу дунё неъматларини ҳам ёддан чиқарма, дейилмоқда. Чунки сенда тананг, оиланг, қўни-қўшни, жамият, қўл остингдагиларнинг ҳаққи бор, ҳар бир ҳақдорнинг ҳақини адо этишинг керак. Шулар билан бирга Қуръонда кўплаб оятлар дунёвий масалаларни ҳам қамраб олади. Мисол учун, “Бақара” сурасининг 282- ояти қарз олди-бердиси ҳақида бўлиб, унда масаланинг моддий ва маънавий жиҳатларига эътибор қаратилган.

Ҳадиси шарифдаги “Сизларнинг яхшиларингиз дунёни деб охиратни, охиратни деб дунёни унутмаганларингиз” деган ҳикматнинг мазмун-моҳиятини англаб, ҳаётга татбиқ этиши, дунё ва охират ишини уйғунлаштириши, дунё охират экинзори,  охират учун  амалиёт манбаи эканини тушуниш тамойили мўътадил йўлдир. Ислом динининг пайғамбари Муҳаммад(с.а.в.) диний масалаларда барчага муаллим бўлса ҳам, дунёвий ишларда мутахассисларнинг фикрларига қулоқ тутар эди. Яъни Расулуллоҳнинг баъзи гаплари динийдан кўра тажрибавий асосга  ёки шахсий фикрга таянган. Шунинг учун ҳам саҳобалар Расулуллоҳнингбаъзи буйруқлари борасида “Шахсий фикрингизми ёки Аллоҳнинг амрими?”, деб сўрар эдилар. Шахсий фикр бўлса, унда баъзан бошқа афзалроқ таклиф айта олардилар. Албатта дунёвий соҳа мутахассисларининг бу таклифлари инобатга олинарди. Халифалардан Ҳазрати Умар (р.а.):”Сизларнинг яхшиларингиз у дунё ва бу дунё учун ҳаракат қилганларингиздир” деб алоҳида таъкидлаши ҳам бежизга эмас. Зеро у зот масжиддан чиқмай, эртаю кеч ибодатга машғул бўлган ёш йигитларни таёқ билан ҳайдаб, дунёвий иш билан шуғулланишга чақирганлари ривоятларда машҳурдир.

Бугунги кунда айрим бузғунчи кучлар томонидан замонавий дунёвий қонунчилик асосида ҳаёт кечириш мусулмонлар учун мақбул эмаслиги ҳақида сохта даъволар тарқатилмоқда. Ваҳоланки, дунёвий қонунлар ҳақида ислом уламоларининг фикрларини қуйидагича умумлаштириш мумкин: замонавий жамият талабларига мувофиқ чиқарилган қонунлар шариатга зид келмаса, ундай қонунлар шариатдандир. Дунёвий ишлар шахс ва жамият манфаатларини кўзлар экан, улар дин таълимотларида доим қўллаб-қувватланган. Дин дунёвий ишларнинг маънавий жиҳатларини тартибга солиб турган. Масалан, бу ишнинг савоб ёки гуноҳ, маънавий жиҳатдан мумкин ёки мумкин эмаслиги  каби.

Динийлик ва дунёвийлик ҳақида сўз борганда, давлатчилик мавзусини ҳам назардан четда қолдириш мумкин эмас. Ислом дини таълимотида давлат сиёсий тузилмасининг муайян шакли кўрсатилмаган. Фақатгина умумий тамойиллар белгиланган. Уламолар бу тамойиллар 4 та эканини айтадилар: тенглик, эркинлик, адолат ва машварат. Ушбу тамойиллар ўрнатилса, давлат қандай шаклга эга эканидан қатъий назар, у ислом динига мувофиқ келади.  Бугун Ўзбекистонда ушбу тўрт тамойил асосига эга фуқаролик жамияти қуриш босқичида динийлик ва дунёвийлик ўртасидаги мувозанатни шакллантириш силлиқ кечмади. Ҳали ҳануз бу йўлда мусулмон аҳоли диний онгини радикаллаштириш ва сиёсийлаштиришга қаратилган уринишлар давом этмоқда. Дунёвийлик тамойили Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонуни билан ҳуқуқий кафолатланган. Ўзбекистон танлаган тараққиёт йўли—дунёвий демократик йўлдир. Халқимиз диний эътиқодни чуқур ҳурмат қилган ҳолда дунёвий тараққиёт йўлидан бормоқда.

Хулоса шуки, дунёвийлик  Аллоҳга имон келтирган ҳолда, уни қалбда сақлаб, Яратган инъом этган ақл-заковат, билим ва тажрибани ишга солиш, эл-юртни обод қилишга ҳисса қўшиш, халқнинг ҳурматини қозонишдир. Зеро, “Халқ рози бўлса, Холиқ рози бўлади”, дейди улуғ мутафаккиримиз Алишер Навоий. Ёшларимиз жамият, давлат манфаатларига хизмат қилувчи янги-янги инновацион ғоя ва технологияларни кашф этишса, энг сўнгги илм-фан ютуқларини  қўлга киритишса, энг муҳими “портлаш эффекти” сифатида дунёга ўз миллати интеллектини тараннум этишса нур устига аъло нурдир. Зеро Президент Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда:”Халқимизни рози қилсак, уларнинг оғирини енгил қилсак, уларнинг дарду ташвиши билан яшасак, Яратган ҳам биздан рози бўлади”.

Махмуд   МАЖИТОВ

ТерДУ фалсафа кафедраси катта ўқитувчиси    

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here