Ўзбекистон Республикаси, Сурхондарё вилояти, Термиз шаҳар, Саҳоват МФЙ, Шимолий дарвоза кўчаси 1-уй
Термизшаҳри
Бомдод
04:20
Пешин
13:00
Аср
18:15
Шом
20:00
Хуфтон
21:30
Бош сахифа/Маколалар/Ўзинг бўлиб яша

ЎЗИНГ БЎЛИБ ЯША

ЎЗИНГ БЎЛИБ ЯША

 

Аннотация. Мазкур мақолада шахснинг ўз табиий “мен”ига содиқ қолиши, бошқалар билан ўзини қиёслашдан воз кечиши ва ички қадр-қимматини англаши масаласи ахлоқий-психологик нуқтаи назардан таҳлил қилинади. Халқ орасида кенг тарқалган арабча ҳикматли сўзлар, Қуръони карим оятлари ҳамда ижтимоий қиёслаш назарияси мисолида инсоннинг ўзига хослигини сақлаб қолиш зарурати асосланади.

Таянч сўзлар: ўзлик, ўз-ўзини қадрлаш, ижтимоий қиёслаш, руҳий барқарорлик, самимийлик, шукроналик.

Кириш: Инсон шахсининг соғлом камолоти унинг ўз табиати билан уйғун яшашига, яъни ўзгалар олдида сунъий бир қиёфа яратишдан воз кечиб, ҳақиқий “мен”ига содиқ қолишига боғлиқдир. Замонавий ижтимоий муҳит, айниқса ижтимоий тармоқлар таъсирида кўпчилик бошқаларга тақлид қилиш, ўзини бошқача кўрсатиш ёки ўзгалар билан рақобатлашиш йўлини тутади. Бундай ҳолат эса кўпинча ички зиддият ва руҳий чарчоққа сабаб бўлади. Ушбу муаммонинг долзарблиги араб халқлари орасида кенг тарқалган қуйидаги ҳикматли сўзларда ҳам ўз аксини топган:

«كُنْ بَسِيطاً تَكُنْ أَجْمَل»

«وَعِشْ كَمَا أَنْتَ»

«لَا تَتَصَنَّعْ شَخْصِيَّاتٍ مِنْ أَجْلِ أَحَدِهِمْ»

«فَمَنْ لَا تُعْجِبُهُ ذَاتُكَ لَا يَسْتَحِقُّكَ»

Асосий қисм: Юқорида келтирилган иборалар мазмунини қуйидаги тўрт жиҳат орқали таҳлил қилиш мумкин.

Биринчидан, содда ва табиий бўлиш ғояси илгари сурилади. “Оддий бўл, шунда янада гўзал бўласин” мазмунидаги ибора инсонни ортиқча сохталик, ясама кўринишлардан воз кечиб, ўз табиий ҳолатида қолишга ундайди. Соддалик — инсон учун ички хотиржамлик манбаи ҳисобланади.

Иккинчидан, ўзлигини қадрлаш зарурати таъкидланади. “Ўзинг бўлиб яша” мазмунидаги ибора шахснинг ўз табиий хусусиятларини, қадр-қимматини ҳурмат қилиши лозимлигини кўрсатади.

Учинчидан, сохталикдан воз кечиш ғояси мавжуд. “Бировлар учун ўзингни бошқа қилиб кўрсатма” мазмунидаги ибора фақат ёқтиришга эришиш мақсадида ўзини ўзгартиришнинг зарарли оқибатларини ифодалайди. Шахс ўз ҳақиқий қиёфасини сақлаб қолгандагина атрофдагиларнинг чин ҳурмат ва эътиборига сазовор бўлади.

Тўртинчидан, ҳаққоний муносабатлар масаласи кўтарилади. “Кимга ўзлигинг ёқмаса, у сенга лойиқ эмас” мазмунидаги ибора инсоний муносабатларнинг самимийлик асосида қурилиши лозимлигини эслатади. Шахснинг ўзлигини қабул қилмаган киши билан муносабатни давом эттиришнинг зарурати йўқлиги таъкидланади.

Ушбу таҳлилдан келиб чиқиб айтиш мумкинки, инсон ўзини қандай бўлса, шундайлигича қабул қилиши ва бошқалар кўнглини топиш учун ўзгармаслиги лозим. Шу билан бирга, атрофдагиларнинг рози бўлиши ёки бўлмаслиги шахснинг ички қадриятларига таъсир қилмаслиги керак.

Диний-ахлоқий нуқтаи назардан ҳам ушбу масалага алоҳида эътибор қаратилган. Қуръони каримнинг Аъроф сурасида Аллоҳ таолонинг Мусо алайҳиссаломга қарата айтган сўзлари келтирилади: “Бас, сенга берган нарсамни ол ва шукр қилувчилардан бўл!” (Аъроф сураси, 144-оят). Ушбу оят инсонга берилган неъмат ва қобилиятларга шукроналик билан ёндашиш зарурлигини, уларни бошқаларникига қиёслаб турмаслик лозимлигини кўрсатади.

Ҳар бир инсон ўз табиати, истеъдоди, яшаш шароити, замони ва муҳити билан бошқалардан фарқ қилади. Шу боис бошқалар билан рақобатлашиш ёки уларга ҳавас қилиш ўрнига, ўзига хос қобилият ва имкониятларни англаб етиш мақсадга мувофиқдир. Зеро, ҳар бир шахсга берилган фазилат ва имкониятлар ўзига хос бўлиб, уларни бошқа биров билан тўлиқ солиштириш имконсиздир. Шахснинг руҳий соғломлиги унинг ўзгаларга тақлид қилишида эмас, балки ўз ҳақиқий “мен”ини қабул қилишида намоён бўлади.

Хулоса: Хулоса қилиб айтганда, инсон камолотининг муҳим шарти — ўз табиий қиёфасига содиқ қолиш, ортиқча сохталикдан ва бошқалар билан беҳуда қиёслашдан воз кечишдир. Шахс ўзига берилган қобилият ва имкониятларни англаб, уларга шукроналик билан ёндашгандагина ички хотиржамлик ва руҳий барқарорликка эриша олади. Шунингдек, атрофдагиларнинг баҳоси эмас, балки шахснинг ўз-ўзига бўлган самимий муносабати унинг қадр-қимматини белгилайдиган асосий омил ҳисобланади.

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати

  1. Қуръони карим маънолари таржима ва тафсири. Аъроф сураси,

144-оят. — Тошкент: Тошкент ислом университети нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2020.

“Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси директор ўринбосари:  Бобоқулов Имомиддин Рамазонович

 

 

Контакт маълумотлари
Манзилимиз:
Ўзбекистон Республикаси,
Сурхондарё вилояти, Термиз шаҳар, Саҳоват МФЙ, Шимолий дарвоза кўчаси 1-уй
Муҳим саволга жавоб топа олмадингизми?
Телефон орқали маслаҳат олинг ёки бизга ёзинг.
Биз билан богланинг
это поле обязательно для заполнения
Исмингиз:*
это поле обязательно для заполнения
Телефон ракамингиз:*
это поле обязательно для заполнения
Галочка*
Спасибо! Форма отправлена