Аллоҳ таоло инсониятга кўп неъматлар берган, уларнинг саноғига етиш қийин. Жумладан, одам ҳаёти учун муҳим бўлган деҳқончилик ва боғдорчилик қилишга ер юзида қулай шароитлар яратиб берган. Деҳқончилик қилиш мўл ризқ-рўз, барака гаровидир. Шу боис деҳқонлар, баҳор фаслида бир қарич ерни ҳам бўш қолдирмасликка ҳаракат қиладилар. Аслида, бизга деҳқончилик Одам алайҳиссаломдан мерос. У зот инсониятни ерни меҳнат билан обод қилиш, ундан ризқ топиш ва уни асрашга ўргатганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам деҳқончиликнинг фазилати ҳақида алоҳида тўхталиб шундай деганлар: مَا مِنْ مُسْلِمٍ يَغْرِسُ غَرْسًا أو يَزْرَعُ زَرْعًا فَيَأْكُلُ منه طَيْرٌ وَلاَ إِنْسَانٌ إِلَّا كَانَ لَهُ بِهِ صَدَقَةً яъни: “Қайси бир мусулмон кўчат экса ёки деҳқончилик қилса, кейин ундан куш, инсон ёки ҳайвон еса, бунинг учун эккан кишига садақа қилганнинг савоби ёзилади" (Имом Муслим ривояти). Демак, кўчат ёки экин эккан кишининг меҳнати ҳеч қачон зое кетмайди. Ундан еган барча жонзотлар сабабли соҳибига садақа савоби ёзилиб туради. Деҳқон ва боғбонларга мана шундай савоб ваъда қилиниши билан бирга уларнинг зиммаларига "ушр" бериш ҳам фарз қилинган. "Ушр" араб тилида “ўндан бир" дегани. Шариатда эса, деҳқончилик ва боғдорчилик маҳсулотларининг закоти ҳисобланиб, асосан етиштирилган маҳсулотнинг ўндан бир қисми мискинларга берилиши эътиборидан "ушр" деб номланади. Ушр шариатимизда Қуръони карим, ҳадиси шариф ва уламолар ижмосига кўра фарздир. Ушр бериш фарзлиги борасида Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган: وَآتُوا حَقَّهُ يَوْمَ حَصَادِهِ وَلَا تُسْرِفُوا إِنَّهُ لَا يُحِبُّ الْمُسْرِفِينَ яъни: "Йиғим-терим куни ҳақини (ушрни) беринглар ва исроф қилманг. Зеро у (Аллоҳ) исроф қилувчиларни ёқтирмагай" (Анъом сураси, 141-оят). Ушбу ояти каримани тафсир қилган уламоларимиз, ушрнинг фарз бўлиш вақти ҳосил пишиб етилган ва йиғиштириб олинадиган кунда эканлигини таъкидлайдилар. Оятнинг давомидаги: "...исроф қилманг. Зеро у (Аллоҳ) исроф қилувчиларни ёқтирмагай", жумласининг маъноси “қиладиган эҳсон, яъни ушр ва закотларингизни Аллоҳ таоло буюрган ўринлардан бошқа жойларга сарфламанг", деб баён қилинади. Бошқа ояти каримада Аллоҳ таоло шундай деган: يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا أَنْفِقُوا مِنْ طَيِّبَاتِ مَا كَسَبْتُمْ وَمِمَّا أَخْرَجْنَا لَكُمْ مِنَ الْأَرْضِ وَلَا تَيَمَّمُوا الْخَبِيثَ مِنْهُ تُنْفِقُونَ وَلَسْتُمْ بِأَخِذِيهِ إِلَّا أَنْ تُغْمِضُوا فِيهِ وَاعْلَمُوا أَنَّ اللَّهَ غَنِيٌّ حَمِيدٌ яъни: "Эй, имон келтирганлар, ўзингиз касб этган ва биз сизлар учун Ердан чиқарган нарсаларнинг яхшиларидан эҳсон қилингиз! Ўзингиз фақат кўзингизни чирт юмибгина оладиган даражадаги ёмон нарсаларни (эҳсон қилишга) танламангиз! Шунингдек, билингизки, албатта, Аллоҳ ғаний ва мақтовга лойиқдир" (Бақара сураси, 267-оят). Мазкур ояти каримада ўзининг касбу-кори орқали топган моли ва ердан чиққан экинлардан Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилишга буюриш билан бирга, хайру-эҳсонни энг яхши маҳсулотлардан бериш, яъни муддати ўтган ёки яроқсиз нарсалардан эҳсон қилишдан ҳам қайтарилмоқда. Ушр бериш борасида Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай деганлар: فِيمَا سَقَتِ الأَنْهَارُ وَالْغَيْمُ الْعُشُورُ، وَفِيمَا سُقِيَ بِالسَّانِيَةِ نِصْفُ الْعُشْرِ яъни: "Анҳорлар ва булутлар сугорган нарсалардан - ушр (ўндан бир), сув чиқарувчи ҳайвон ила сугорилган нарсалардан - ушрнинг ярми (йигирмадан бир) берилади" (Имом Бухорий ривояти). Демак, ушрнинг миқдорини белгилашдаги асосий мезон бу суғориш бўлиб, яъни экинларни бепул ва ортиқча машаққатларсиз суғорилган бўлса, чиққан ҳосилнинг ўндан бирини (умумий ҳосилнинг 10% фоизини) бериш фарз бўлади. Агар суғориш пулли бўлса ёки сув чиқаришга махсус техника, насослар, чархпалак, ҳайвон ва бошқа нарсаларни ишлатиб, сарф-харажат ва машаққат қилинган бўлса, йигирмадан бир (яъни, умумий ҳосилнинг 5% фоизи) миқдорида закот берилади. Суғоришдан бошқа ишларда қилинган харажатлар эътиборга олинмайди. Яъни, чиққан ҳосил кўп ёки кам бўлсин, юқоридаги айтилган ҳолатга қараб, ўндан бир ёки йигирмадан бири берилади. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ: “Зироат маҳсулотларининг озидан ҳам, кўпидан ҳам ушр олинади", деганлар. Бу борада "Мухтасарул виқоя" китобида шундай дейилади: وفي عَسَلِ أَرْضٍ عُشْرِيَّةٍ أَوْ جَبَلٍ وثَمَرِهِ وَمَا خَرَجَ مِنَ الأَرْضِ وَإِنْ قَلَّ عُشْرٌ إِنْ سَفَاه سَيْحٌ أَوْ مَطَرُ إِلَّا فِي نَحْوِ حَطَبٍ وَنِصْفُ عُشْرٍ إِنْ سقي بِغَرْبٍ أَوْ دَالِيَةٍ بِلا رَفْعِ مُؤَنِ الزَّرْعِ وماء السماء والعَيْنِ والبقر عشري яъни: "Оз бўлса ҳам, ушрий ернинг ва тоғнинг асалидан, мевасидан ҳамда ердан чиққан нарсалардан, агар уни оқар сув ёки ёмғир сугорган бўлса, ушр берилади. Ўтинга ўхшаш нарсада ушр йўқ. Осмон, булоқ ва қудуқнинг суви ушрийдир. Агар катта пақир ёки чархпалак ила сугорилса, ушрнинг ярми (йигирмадан бир) берилади. Бунда зироат учун қилинган харажат чиқариб ташланмайди". Демак, сув ўзи оқиб келса, уни сотиб олмаса, сув чиқариш ё олиб келиш учун харажат қилмаса ёки ёмғир суви суғорган бўлса, у ердан чиққан ҳосилнинг ўндан бири берилади. Асалнинг ушри соф фойдадан эмас, йиғилган жами асалнинг ўндан бири берилади.
Ушр бериладиган ҳосилдан харажатлар чиқариб ташланмаслигининг сабаби бу мавзудаги оят ва ҳадислар мутлақ (ҳеч қандай қайдларсиз) келган. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنَّهُ أَخَذَ مِنْ الْعَسَلِ الْعُشْرَ (رواه الامام ابن ماجه) яъни: "Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам асалдан ушр (ўндан бири)ни олдилар" (Имом Ибн Можа ривояти). Бу ҳадиси шарифда ҳам харажатлар ҳақида тафсилот келтирилмаган. Деярли барча ҳанафий фикх манбаларида ушр бермокчи бўлган киши харажатларни чиқариб ташламайди ва йиғиб олинган асал миқдори кўп ёки кам бўлишидан қатъи назар, ундан ушр берилиши лозимлиги таъкидланган. Жумладан, “Ал-Мухтор лил-фатво" китобида бундай дейилган: وَلَا تُحْسَبُ مُؤْنَتُهُ، وَالْخَرْجُ عَلَيْهِ. وَفِي الْعَسَلِ الْعُشْرُ قَلَّ أَوْ كَثُرَ إِذَا أُخِذَ مِنْ أَرْضِ الْعُشْرِ яъни: "Ушр бериладиган маҳсулотларнинг сарф-харажатлари ҳисобланмайди. Асал кўп ёки кам бўлишидан қатъи назар, ушрий ердан олинса, унинг ўндан бири берилади". Агар асал йигирмадан бир бериладиган ерда турса, ундан ҳам йигирмадан бир берилади. Ҳовлидаги экинлар ҳамда мевали дарахтлар мевасидан ушр берилмайди. Балки даласидаги дарахтлар мевасидан ушр берилади. Зеро, ҳовлидаги нарсалар ундаги иморатларга тобе ҳисобланиб, улардан ушр берилмайди ("Фатавои Қозихон" китоби). Лекин ҳовлисини боққа айлантириб даромад оладиган кишилар ундан ушр берадилар. Сомондан ушр берилмайди, чунки буғдой сомони учун эмас, балки дони учун экилади. Бедани уруғ олиш учун экилса, уруғидан ушр берилади. Агар бедани пояси учун экилган бўлса, унда беда поясидан ушр берилади. Маккажўхори ҳам худди шундай, дони учун экилган бўлса, донидан ушр берилади. Поясидан ушр берилмайди. Лекин ҳайвонларга ем қилиш учун экилган маккажўхори ёки жўхорининг поясидан ушр берилади. Бугунги кунда кўп бериладиган саволлардан яна бири, ушрни ер эгаси берадими ёки ижарага олувчими, деган саволдир. Ҳанафий мазҳабининг буюк мужтаҳидлари Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад роҳматуллоҳи алайҳимонинг фатвосига кўра, ерни ижарага олиб, деҳқончилик қилинса, унинг ушрини ижарага олган деҳқон беради. Чунки ушр ердан чиққан ҳосилнинг закоти бўлиб, ҳосилнинг барчаси ижарага олган деҳқонга тегишлидир. Бунинг устига ҳозирги кунда ушрни ерни ижарага олувчи деҳқонлар бериши урфга кирди. Агар ер эгаси деҳқонга чиққан ҳосилнинг бир қисмини беришга келишган бўлса, у ҳолда ҳар ким ўз ҳиссасидан ушр беради. Уламоларимиз таъкидлайдиларки, мўмин кишининг моли нисобга етса, унинг моллари орасига садақа олишга ҳақдор кишининг ҳақи қўшилиб қолади. Закотини чиқарса, моли покланади, кўпаяди, хонадонига барака киради. Аксинча бўлса, гуноҳкор бўлади. Ушрда ҳам худди закотдаги каби, мискиннинг ҳақи қўшилиб қолади. Ушр бериш молни поклаш ҳисобланади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом мол садақа қилиш билан камаймаслигини, аксинча кўпайишини таъкидлаб, шундай деганлар: مَا نَقَصَتْ صَدَقَةٌ مِنْ مَالٍ، وَمَا زَادَ اللَّهُ عَبْدًا بِعَفْوِ إِلَّا عِزًّا، وَمَا تَوَاضَعَ أَحَدٌ اللَّهِ إِلَّا رَفَعَهُ اللَّهُ ( رواه الامام مسلم) яъни: "Садақа молни камайтирмайди ва Аллоҳ таоло бир бандани кечиримли бўлгани сабабли фақат азизлигини юқори қилади ҳамда ким Аллоҳ учун камтарлик қилса, Аллоҳ таоло уни мартабасини юқори қилади" (Имом Муслим ривояти). Демак, деҳқон ва боғбонлар экин-тикин ва боғдорчилик маҳсулотларини хоҳ маҳсулот кўринишида бўлсин, хоҳ сотилган бўлса, пул кўринишида бўлсин, албатта ушрларини ўз вақтида бева-бечора ҳамда етим-есир ва муҳтожларга беришлари лозим бўлади. Шундай қилсалар, Аллоҳ таоло рози бўлади ва ҳосилга барака беради. Аксинча, улар бахиллик қилиб, ушрларини бермасалар, Аллоҳ таоло турли самовий ёки арозий бало ва офатларни юбориб, қолган экин ва зироатларидан ҳам маҳрум бўлиб қолишлари ва энг ёмони охиратда Аллоҳ таолонинг ғазаби ва азобига дучор бўлишлари мумкин. Аллоҳ сақласин! Бу ҳақида Аллоҳ таоло ўз каломида бизларни огоҳлантириб, шундай дейди: أَفَرَأَيْتُم مَّا تَحْرُثُونَ. أَأَنتُمْ تَزْرَعُونَهُ أَمْ نَحْنُ الزَّارِعُونَ. لَوْ نَشَاء لَجَعَلْنَاهُ حُطَامًا فَظَلْتُمْ تَفَكَّهُونَ. إِنَّا لَمُغْرَمُونَ. بَلْ نَحْنُ مَحْرُومُون яъни: "Сизлар экаётган зироатларингиз ҳақида ўйлаб кўрдингизми?! Уни сизлар ундирурмисизлар ёки биз ундирувчимизми?! Агар биз хоҳласак, уни қуруқ чўп қилиб қўйган бўлур эдик, сизлар эса ажабланиб қолаверган бўлур эдингиз. "Бизлар зиён кўрувчилармиз, балки, бизлар (ризқимиздан) маҳрумдирмиз" (деб надоматда қолган бўлур эдингизлар)" (Воқеа сураси, 63- 67-оятлар). Илгари ота-боболаримиз ушбу буйруқ ва кўрсатмаларга ортиғи билан амал қилишган. Биз ҳам уларнинг изларидан бориб, закот ва ушрларни ўз вақтида бериб борайлик! Муҳтарам жамоат! Деҳқончилик маҳсулотларининг закоти ушрни фақирларга бериш буюк фарз ва улкан саховат намунаси саналади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадиси шарифларида эҳсон ва садақа қилувчи сахий инсонларни Аллоҳга маҳбуб бандалар деб таърифлаб, шундай марҳамат қилганлар: "Сахий Аллоҳга яқин, жаннатга яқин, одамларга яқин ва дўзахдан узоқдир. Бахил Аллоҳдан узоқ, жаннатдан узоқ, одамлардан узоқ ва дўзахга яқиндир. Албатта, сахий жоҳил бахил обиддан кўра Аллоҳ азза ва жаллага маҳбубдир", дедилар (Имом Термизий ривояти). Қолаверса, ушр фақат иқтисодий эмас, балки руҳий тарбия воситаси ҳам ҳисобланади. Ушр берган инсон бахилликдан халос бўлади, ризқига барака киради, жамиятда ўзаро меҳр-мурувват кучаяди. Аллоҳ таоло ўзи барчамизга тавфиқ берсин, ҳамда юртимиз деҳқонларининг зироатлари ва боғбонларимизнинг боғдорчиликларига ғайбий баракотлар ато этсин ҳамда ушрларини ортиғи билан ва ихлос билан адо этувчи сахийлардан қилсин. Омин!