Бир кишининг онаси тикувчилик қиларди. Оилани шунинг эвазига боқар, ўғлини ишлашга қўймасди. Ўғли ишлайман деса ҳам, ўқишни мукаммал битириб олишини насиҳат қиларди. Онаси хоҳлагандек яхши ўқиди ва ўқишни битириб ишга кирди.
Ўғил ойлигининг кўпроқ қисмини онасига бериш ниятида, шу билан онасини хурсанд қилиб туришни хоҳлади.
Аллоҳ таолонинг тақдир тақозосини қарангки, она Аллоҳ азза ва жалла ҳузурига риҳлат қилди. Онасидан айрилган ўғил жуда кўп йиғлар, онасига ойлигини бера олмаганидан жуда ҳам хафа бўлар эди.
Аллоҳ учун онаси номидан ойлигининг тўртдан бирини фақиру фуқароларга бериб туришни назр қилди.
Онасининг вафот этганига ўттиз йил ўтди. Шу йиллар асносида намоздаги ҳар бир саждада онасининг ҳаққига дуо қилмасдан турмасди. Савоби онасига бориб туришлиги учун. Бир нечта масжидга намозхонлар фойдаланишликлари учун, махсус сув идишларини қўйди. Кунларнинг бирида намоз ўқиш учун маҳалла масжидига чиқди-да жамоатни қилаётган ишини кўриб ўзидан хафа бўлиб кетди. Маҳалла оқсоқоллари масжидга махсус сув идиш қўйишаётган эди. Чунки, у ўзи яшаб турган ердаги масжидга бошқа масжидларга қўйган сув идишларидан қўймаган эди.
Машриқу мағрибдаги масжидларга қўйибман-у, лекин кунда намоз ўқиш учун чиқадиган масжидга қўйишни унутибман, деб ўзини-ўзи койиб юраги сиқилиб турганида масжид имоми келиб «эй фалончи, масжидимизга юборган сув идиш учун Аллоҳ сизни яхшилик билан мукофотласин», деди. Ҳалиги киши шошиб қолиб «йўқ-йўқ уни мен юборганим йўқ», деди. Имом «бугун ўғлингиз келиб «буни отам юборди», деб айтганди».
Ўғли ҳам шу ерда эди.
Шу пайт ўғли отасини бошидан ўпиб «отажон, савоби сизга ёзилиб туриши учун сизнинг номингиздан мен олиб келиб қўйдим», деди. «Отажон, Аллоҳ таоло сизни жаннат анҳорларидаги сувларидан ичирсин», деб дуо қилди.
Ота ҳайратланиб «ўғлим (!) сен мактаб ўқувчиси бўлсанг, бирор жойда ишламасанг пулни қаердан олдинг?!» — деб сўради. «Сизни (Аллоҳ раҳмат қилсин) бувамнинг номидан хайр-эҳсон қилиб, бувамга яхшилик қилганингиздек мен ҳам сизнинг номингиздан садақа қилиб, сизга яхшилик қилиш учун беш йилдан буён менга ишлатиш учун берган пулларингизни йиғдим», — деб жавоб берди.
Субҳаналлоҳ, олдингиларнинг айтгани қандай ҳам рост-а!? «Катталар (ота-она)га яхшилик қилсанг, фарзандингдан кўрасан» дейишгани бежиз эмас экан.
Қумқўрғон тумани “Мулло Худойберди”
жоме масжиди имом хатиби А.Аминов