Инсонларни орасини ислоҳ қилиш улкан савобдир

Ораларида жанжал келиб чиққан икки мусулмон ўртасини ислоҳ қилиш улкан савобли ишдир. Қуръони Каримда бу ҳақида шундай дейилган:
“ Албатта, мўминлар биродардирлар, икки биродарингизнинг ўртасини ислоҳ қилинг ва Аллохга тақво қилинг, шоядки раҳм қилинсангиз ” ( Ҳужурот сураси, 10-оят) .


Икки мусулмон орасини ислоҳ қилиш ва уларнинг алоқалари тикланишига уриниш нақадар яхши амал экани Қуръони Каримнинг кўрсатмаларидан маълум бўлмоқда
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам : “ Қуёш чиққан ҳар бир кунда одамларнинг ҳар бир бўғини учун садақа лозим. Икки киши ўртасида адолат қилиш садақадир. Бир кишига улови борасида ёрдам бериб, уни миндириб қўйиши ёки юкини ортиб бериши ҳам садақадир. Ширин сўз ҳам садақадир. Намоз сари босган ҳар бир қадам ҳам садақадир. Йўлдан озорни олиб ташлаш ҳам садақадир ” дедилар”. Имом Буҳорий ривояти.
Одамлар ўртасида ғазаб ва адоват тарқатиш шайтоний ишдир. Ҳадислардан маълум бўлишича, иблис инсонларни бир-бирига душман қилишдан хурсанд бўлганчалик бирор ишдан хурсанд бўлмас экан. Шунингдек, ҳадисларда шайтон эр-хотин ўртасига тафриқа солишни ўзининг энг катта ишларидан деб билади. Бунинг акси ўлароқ, эр-хотин орасидаги совуқчиликни кетказиш ҳамда уларнинг ўрталарини ислоҳ қилишга ҳаракат қилиш бениҳоя ажру савобли ишдир.
Бу сўзларни айниқса катта оилада биргаликда истиқомат қиладиган кишилар ёдда тутишлари лозим. Бизнинг жамиятда қайнона, келин ва овсинлар ўртасида турли келишмовчиликлар бўлиб туради. Шундай ҳолатларда исломнинг мазкур таълимотини ёдда тутиб, унга амал қилсалар, дунёю охиратда икки баробар мукофотга эга бўладилар.
Қизириқ тумани “ Чилгазота ” жомеъ масжиди имом-хатиби: Абдуназаров Абдухалил

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here