Бизни Ўзигагина ибодат қилишга, намозни тўкис адо этишга буюрган, хушуъли бандаларига жаннат хушхабарини берган Меҳрибон Парвардигоримиз Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтамиз! Хушуъ қилувчилар пешвоси, тақводорлар имоми, муаллим Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога, оила аъзоларига, саҳобаи киромларига салавотлар, саломлар йўллаймиз!
Абу Молик Ашъарий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Поклик имоннинг ярми. “Алҳамдулиллааҳ” мезонни тўлдиради. “Субҳааналлоҳ” ва “Алҳамдулиллааҳ” осмон билан ер ўртасини тўлдиради (ёки тўлдирадилар). Намоз нур, садақа ҳужжат, сабр зиёдир. Қуръон сенинг фойдангга ёки зарарингга ҳужжатдир. Ҳар бир инсон ҳаракат қилиб, ўзини сотади – ё (Аллоҳ розилигини истаб, охиратни афзал билиб, уни) қутқаради ёки (шайтонга, нафсига қул бўлиб, ўзини) ҳалок этади”.
(Муслим, Термизий, Аҳмад, Байҳақий, Табароний ривоят қилган).
Ушбу ҳадиснинг мавзуимизга тегишли қисмини шарҳлаймиз.
— “Намоз – нур”. Яъни:
– Намоз ўқиган банда юзидан нур ёғилиб туради:
– намоз кишини маъсиятдан, бузуқ ишлардан сақлайди;
– намознинг савоби қиёмат куни бандага нур бўлади;
– намоз қалбни мунаввар қилади. Очилмай қолган ҳақиқатлар, ботиний жиҳатлар кашф этилишида намознинг ўрни беқиёс;
– намоз қабрни нурга тўлдиради.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Беш (маҳал) намоз, жума келаси жумагача орадаги (гуноҳлар)га каффорат бўлади, фақат кабиралардан сақланилса”
(Муслим, Термизий, Ибн Можа, Аҳмад, Байҳақий ривоят қилган).
Намоз ўқиган кишининг аввалги гуноҳлари ювилади. Агар беш вақт намоз ўқиса, гуноҳлардан тўлиқ покланади. Фақат бунинг битта шарти бор: катта гуноҳлардан тийилиш лозим. Яъни, Аллоҳ қайтарган катта гуноҳлардан йироқ юрилса, беш маҳал фарз намози, ҳафтада бир адо этиладиган жума намози бандачилик билан йўл қўйилган саҳву хатоларга, кичик гуноҳларга каффорат бўлади. Ғийбат, туҳмат, ўғрилик, зино, рибохўрлик каби катта гуноҳлар кечирилиши учун чин дилдан тавба қилиш, истиғфор айтиш, ҳақ эгалари розилигини олиш, ўша гуноҳни бошқа такрорламасликка қатъий аҳд қилиш шарт.
Бу ҳадисдан “Намозхон кичик гуноҳларни бемалол қилаверса бўлади” ёки “Бир марта жумага борса, ҳар қанақа гуноҳи кечирилади”, деган хулоса чиқмайди. Банда хатодан холи эмас. У гуноҳдан сақланишга ҳарчанд уринган тақдирдаям ожизлик қилиб қандайдир камчиликка йўл қўяди.
Ана шундай гуноҳлар намоз билан ювилади. Бу – Аллоҳнинг раҳмати, бандаларга берган имтиёзи. Ундан қандай фойдаланиш ҳар кимнинг ўзига боғлиқ.
Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, намоз ўзидан аввалги (гуноҳлар)ни тўкиб юборади”, деб айтардилар.
(Аҳмад, Табароний ривоят қилган. Ҳадис санади ҳасан).
Намозхон гуноҳлардан қандай покланиши қуйидаги ривоятда батафсилроқ ифодаланган.
Абу Зар Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қиш вақтида (ташқарига) чиқдилар. Ўшанда барглар тўкилаётганди. Дарахтдан икки шох олгандилар (унинг) барглари тўкила бошлади. У зот: “Эй Абу Зар”, дедилар. Мен: “Лаббай, ё Расулуллоҳ!” деб жавоб бердим. У зот: “Агар мусулмон банда Аллоҳ розилигини истаб намоз ўқиса, мана шу дарахт барглари каби гуноҳлари тўкилади”, деб марҳамат қилдилар.
(Аҳмад ривоят қилган. Ривоят санади ҳасан лиғайриҳ).
Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтилишича, мусулмон киши намоз ўқиётганида гуноҳлари бошига кўтарилади, ҳар сафар сажда қилганида тўкилади. Намоздан чиққанида гуноҳлари (бутунлай) тўкилган бўлади10 . Намоз билан гуноҳлар ювилиши Аллоҳнинг фазли. Лекин мана шу ҳадисларга ишониб қолиб, “Истаганча гуноҳ қилиб, кейин бир марта намоз ўқиб қўйса, қанча гуноҳи бўлсаям ювилиб кетаркан”, деб ўйлаш нотўғри. Бу ерда билиб-билмай қилинган гуноҳлар кечирилиши назарда тутилган. Ҳар банда ҳоли ўзига аён. У гуноҳдан сақланаман деган тақдирдаям билимсизлик ёки заифлик сабаб хатога йўл қўяди. Мана шундай нуқсонлар намоз билан тузатилади. “Ҳозир гуноҳ қилаверай, намоз ўқиб қўйсам, олам гулистон, ҳеч нарса бўлмагандай ҳаммаси изига тушиб кетади”, деган одам ўзини алдаган бўлади. Чунки, бирон ишнинг гуноҳлигини билиб туриб, атайлаб Аллоҳга осий бўлишдан, маъсиятни енгил санашдан ёмони йўқ. Қолаверса, осий банда ҳали намоз ўқишга, тавба қилишга ургурадими, йўқми? Масаланинг бу тарафи ҳам бор.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Намоз (Аллоҳ тарафидан) жорий этилган энг яхши (ибодат)дир. Шундай экан, ким кўпайтиришга қодир бўлса, кўпайтирсин!”
(Табароний “Кабир”да ривоят қилган. Ҳадис санади ҳасан лиғайриҳ).
Аллоҳга қурбат (яқинлик) ҳосил қилиш учун намоздан афзал ибодат йўқ. Ким имконини топса, кўпроқ нафл намоз ўқисин, Аллоҳга янада севимли банда бўлсин. Маълумки, намозда жисмоний ҳаракатлар бажарилади. Масалан, қиём (туриш), рукуъ (эгилиш), сажда (пешонани ерга қўйиш) кабилар кишидан маълум миқдорда куч-қувват талаб этади. Тана жисмонан бақувват бўлса, намоздаги амаллар мукаммал адо этилади. Одам қариганда танасидан қувват кетади, узрли ҳолатлари кўп бўлади. Бундай пайтда намозни кўнгилдагидек ўқиш иложи бўлмаслиги мумкин. Шунинг учун белда мадор бор вақтларни, тоғни урса талқон қиладиган йигитлик дамларни ғанимат билиб, кўпроқ ибодат қилиш, ёшлик чоғларида охират захирасини тўплаб олиш мақсадга мувофиқдир. Афсуски, кўпчилик тан-жони соғ, билаги кучга тўлган дамларни фақат дунё ташвишида ўтказиб юборади, охират ғамини сал кейинроқ – бола-чақадан қутулганда, нафақага чиққанда еса ҳам бўлаверади, деб ўйлайди. Албатта, тирикчилик қилиш, бола-чақани боқиш ҳам керак. Бусиз ҳаётни тасаввур қилиш қийин. Лекин, навқирон ёшлик даврларини нуқул беш кунлик дунё ғамида ўтказиб, кексайиб, ҳолдан тойиб, белдан куч-қувват кетгачгина абадий охират саодатини ўйлаш тўғримикан?..
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир қабр олдидан ўтдилар, “Бу кимнинг қабри?” деб сўрадилар. “Фалончиники”, дейилди. Шунда у зот: “Бу (маййит) учун икки ракат намоз дунёйингизнинг қолганидан яхшироқдир”, дедилар.
(Табароний ривоят қилган. Ривоят санади ҳасан-саҳиҳ).
Одам вафот этганидан кейин тана аъзолари ҳаракати тўхтайди, унга савоб келиш йўллари ёпилади. Фақат садақаи жория сабабидан номаи аъмолига ажр ёзилиб туриши мумкин… Ҳар қандай маййит вафот этганида афсусланади. Нима учун? Имондан айро кимсалар, гуноҳ-маъсиятга ботганлар Аллоҳ айтган йўлдан юрмаганларига надомат қилишади. Солиҳ инсонлар эса савобли ишларни бундан ҳам кўпроқ қилмаганларига пушаймон чекишади. Чунки ажрлари бисёр бўлганида жаннатда баландроқ мартабаларга кўтарилишарди…
Ҳа, дунёдан ўтган инсон учун ақалли икки ракат намоз ўқиш ҳам, бир марта “Субҳааналлоҳ”, “Алҳамдулиллаҳ”, “Аллоҳу акбар”, дейиш ҳам армон бўлиб қолади. Бу ишларни тирикликда: кўз очиқлигида, юрак дукиллаб уриб, нафас тинмай кириб-чиқиб турганида бажариш мумкин. Боқий дунёга риҳлат қилгач, амаллар дафтари ёпилади. Ўлимдан сўнг фақат ҳисоб-китоб бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек, қабрда ётган маййит учун икки ракат намоз дунёнинг ўткинчи матоҳларидан, зеб-зийнатларидан яхшироқдир. Чунки маййит бойлик аслида қадрсиз нарса эканини, бандага охиратда фақат намоз, рўза, закот каби солиҳ амаллар фойда беришини шак-шубҳасиз билади. Аввал тан олмаганлар ҳам дунёдан ўтгач бунга иқрор бўлади. Оқил инсон келажакни ақл кўзи билан кўра олади, вақт борида охирати учун етарли озуқа тўплайди.

Хурсандов Абдурахмон
“Мурч бобо” жомеъ масжиди имом ноиби

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here