Абу Мансур Мотуридий кўплаб устозлардан таълим олади ва тафсир, усулул фиқҳ, ақоид, фиқҳ ва мантиқ каби илмларда етук олим бўлиб танилади. Ушбу етук олимнинг илмий изланишларига олимлар эргашадилар ва кейинчалик уларни мотуридия таълимоти маъносида эътироф этадилар.

Мотуридия таълимотининг шаклланишида турли адашган фирқалар, хоссатан, мўътазилий фирқаси билан бўлган баҳс-мунозаралар муҳим ўрин тутган. Шунинг учун ҳам Мотуридийнинг калом илмига оид асарларида раддия услуби яққол кўзга ташланади. Яъни, бу зот жаҳолатга қарши маърифат билан курашган энг машҳур олимлардан бири ҳисобланади.

Шу ўринда ўша пайтларда жамиятда кўплаб баҳс-мунозаралар келтириб чиқарган мўътазилий фирқасининг Мовароуннаҳрда пайдо бўлиш сабабларини ўрганиш ҳам мақсадга мувофиқдир. Чунки мазкур сабаблар ўртадаги баҳслар қай даражада бўлганини янада тўлиқроқ тасаввур қилиш имконини беради.

Мовароуннаҳрга мўътазилий таълимотининг кириб келиш сабабларини Балқосим Ғолий қуйидагича таҳқиқ қилган:

  1. “Аббосий халифа Мутаваккил ҳижрий 234 (милодий 848) йилда мўътазилийлар қўзғаган “Қуръон махлуқ” масаласига нуқта қўйиб, “Қуръон Аллоҳнинг каломи” деган сунний олимларни қўллаб-қувватлаган ва мўътазилийларнинг давлат тизимидаги фаолиятига расман чек қўйган. Натижада мўътазила эътиқодидаги аксар аҳли илмлар пойтахтдан кетган ва сомонийлар ҳукмронлик қиладиган ҳудудларга келиб ўрнашган;
  2. Мовароуннаҳрдаги икки машҳур олим Абул Қосим Каъбий ва Абу Зайд Балхийларнинг мўътазила эътиқодида бўлганлари ушбу ҳудудда бу эътиқоднинг тарқалишига сабаб бўлган. Мазкур икки олим халқ орасида обрўли бўлгани сабабли бу эътиқод халқ орасида тез тарқалган. Абу Мансур Мотуридий ва ушбу икки олим ўртасида кўплаб илмий баҳслар бўлиб ўтган;
  3. Мўътазилий олимларининг балоғат ва фасоҳат илмида авом халқни ўзига жалб қиладиган даражада моҳир бўлганлари ҳам бу эътиқоднинг тарқалишига сабаб бўлган”.

Бу каби омиллар туфайли мўътазилийлик таълимоти таъсирлари жамият вакилларида кўзга ташлана бошлаган. Буни ҳис қилган Аҳли сунна вал жамоа олимлари тўғри эътиқодни сақлаб қолиш йўлида фидокорона ҳаракат қилганлар. Албатта, бу ҳаракатлар ақлий ва нақлий далилларга асосланган илмий баҳс-мунозаралар кўринишида бўлган. Ушбу илмий баҳс-мунозараларда энг салмоқли меҳнат қилган олимлардан бири шубҳасиз Абу Мансур Мотуридий эди.

Абу Мансур Мотуридий  мазкур илмий баҳс мунозаралар муносабати билан ёзган асарларида Аҳли сунна вал-жамоанинг қарашлари тўғрилигини исботлаш билан бирга адашган фирқаларнинг хатога йўл қўйган жойларини ҳам баён қилиб берган. “Баяну ваҳмил мўътазила” (Мўътазилий фирқасининг нотўғри тасаввури баёни), “Родду аълал қаромита” (Қарматийларга раддия) каби асарларида адашган фирқаларнинг умумий қарашларидаги хатоларини баён қилиб берган.

Абу Мансур Мотуридийнинг қилган энг улкан хизмати Аҳли сунна вал-жамоага қарши чиққан фирқаларнинг даъволарига умумий раддия қилишдан ташқари, уларга батафсил раддиялар қилганидир. Яъни, бу зот ўша пайтларда омма мусулмонларга ташвиш туғдириб турган мўътазилий етакчиларининг асарларига бирма-бир раддиялар ёзиб, уларни “очиқ майдон”да мағлуб қилган. Бунга у зотнинг қуйидаги асарлари яққол далилдир:

  • Абу Муҳаммад Боҳилий мўътазилийнинг “Усулул хомса” (Бешта асос) китобига “Родду усулил хомса” (“Бешта асос” китобига раддия);
  • Абулқосим Каъбий мўътазилийнинг “Таҳзийбул жадал” (Илмий баҳсларни ўргатиш) китобига “Родду таҳзийбил жадал” (“Илмий баҳсларни ўргатиш” китобига раддия);
  • Абулқосим Каъбий мўътазилийнинг “Ваъийдул фуссақ” (Фосиқларга таҳдид) китобига “Родду “Ваъийдил фуссақ” (“Фосиқларга таҳдид” китобига раддия);
  • Абулқосим Каъбий мўътазилийнинг “Аваилул адилла” (Дастлабки далиллар) китобига “Родду аваилил адилла” (“Дастлабки далиллар” китобига раддия) каби асарлар ёзган.

Имом Мотуридий ушбу асарларида мўътазилий фирқасининг эътиқодий хатоларини баён қилиш билан бирга, Аҳли сунна вал жамоа эътиқодининг тўғрилигини ақлий ва нақлий далиллар билан исботлаган. Худди шу ишни айни шу даврда Абул Ҳасан Ашъарий ҳам Мовароуннаҳрдан ташқарида Бағдодда амалга оширган. Олимлар бу икки зотнинг ақида бобида амалга оширган ишларини эътироф этганлар. Уларнинг баъзилари Абул Ҳасан Ашъарийнинг услубига эргашган бўлсалар, бошқалари Абу Мансур Мотуридийнинг услубига эргашганлар. Шундай қилиб бу икки олим Аҳли сунна вал жамоанинг ақидасини баён қилувчи имомларига айланганлар.

Абдулқодир Абдур Раҳим,

Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом

институти ўқитувчиси

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here