Бир шаҳарда Аллоҳга ишонмайдиган даҳрийлардан бири ўша юртнинг мусулмон уламолари билан тортишмоқчи бўлди. Уламолар ораларидаги энг кучли олимни у билан тортишиш учун танладилар. Тортишув куни ҳам белгиланди. Белгиланган кун етиб келгач, ҳамма уламолар ҳалиги олимнинг келишини кута бошлашди. Лекин у айтилган вақтдан кеч қолди. Шунда ҳалиги мулҳид (Худога ишонмайдиган) ҳозир бўлганларга қарата: “Олимларингиз қўрқиб, қочиб кетди. Чунки, мен ғолиб чиқишимни ва бу коинотнинг илоҳи йўқлиги исбот қилишимни билди” деб керилди. У шундай деб гапириб турган пайтда бояги олим киши кириб келди. Кеч қолгани учун барчадан узр сўради ва кеч қолишининг сабабини қуйидагича изоҳлади: “Мен бу ерга келаётганимида йўлда дарё бор экан. Ундан сузиб ўтгани қайиқ тополмадим. Қирғоқда бироз кутиб турдим. Шунда тўсатдан дарёда бир нечта тахталар пайдо бўлди. Қараб турсам, ҳалиги тахталар бир-бири билан тартибли тарзда бирикиб, қайиқ ҳолига келди. Кейин ўша қайиқ мен томонга сузиб келди. Мен унга миндим ва дарёдан ўтиб, сизларнинг олдингизга келдим. Шунинг учун бироз кеч қолдим”. Бу гапларни эшитган мулҳид: “Бу одам жинни экан. Қандай қилиб ҳеч бир дурадгор устасиз оддий, жонсиз тахта бирлашиб, қайиққа айланади?! Оддий тахта ҳеч кимсасиз бир ўзи қандай қилиб ҳаракатланади?!” деб масхара қилди. Шунда олим киши табассум қилиб: “Ахир ўзинг “Бу улкан коинот ҳеч бир яратувчисиз ўз-ўзидан пайдо бўлган” демаганмидинг?! Битта қайиқнинг ўз-ўзидан пайдо бўлганига ишонмаяпсан-ку!” деган экан.
Жаннат тупроғи….
Бошланғич синфларга араб тилидан дарс ўтадиган муаллим ўқувчилардан имтихон олибди. Имтиҳон жавобларини текширгач, жавоб варақаларини яна ўзларига тарқатибди. Шунда ўқувчилардан бири:
— “Устоз, менинг жавобларимга бирорта ҳам тузатиш қўймагансиз. Барчасини тўғри бажарганим кўриниб турибди. Аммо нега менга ўн баллдан саккиз балл қўйдингиз?!”, — деб сўрабди.
Муаллим:
— “Сенинг сўз тузишдаги камчилигинг туфайли икки балл кам қўйдим” деб жавоб берибди.
— “Мен ўн балл олишни ҳоҳлайман” деб устози билан тортишиб кетибди ўқувчи. Ҳақиқатан ҳам у имтиҳондаги барча саволларга тўғри жавоб берган ва ёзма ишни ҳам жуда яхши ёзган эди. Бироқ устоз унинг синфдаги энг иқтидорли, аълочи ўқувчи эканлигини тан олгиси келмаётган эди.
Устоз ўқувчига:
— “Агар менга ЖАННАТ тупроғидан олиб келсанг, сенга ўн балл қўйиб бераман”, — деб шарт қўйди. Устоз бу шарти билан ўқувчини чорасиз қолдиришни ва ўн балл қўймасликни ҳоҳлаётган эди. Эртаси куни ўқувчи муаллимга ҳамёнини тўлдириб «ТУПРОҚ» олиб келди.
Устози ундан — «Бу нима?!” деб сўради.
— “Жаннат тупроғи” дея жавоб берди ўқувчи.
— “Қаердан олдинг буни?!” деб ҳайрон бўлди устоз. Ўқувчи шундай деб жавоб берди:
— “ОНАМни тупроқ устидан ЮРГИЗДИМ ва ўша тупроқдан ҳамёнимга солиб, олиб келавердим. Эсингиздабўлса, бир куни бизга:
— “Жаннат оналар оёғи остидадир” деган ҲАДИСни айтган эдингиз”…!
Бу жавобни эшитган устоз нима қилишини билмай, довдираб қолди. Кейин шогирдининг заковатию — ФАРОСАТИГА қойил қолиб, унга ўн балл қўйиб берди…!
“Рахмонберди хожи”жомеъ масжиди имом хатиби З. Абсаломов