“(Қасамёд этаман), ҳақиқатдан, уни (нафсни) поклаган киши нажот топур” (шамс,9) Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Пайғамбарларимиз ушбу мазмунли оятни тиловат қилганларидан сўнг, Аллоҳ таолога бундай дуо қилар эканлар: “Ё Аллоҳ, нафсимга тақво ато эт, Ўзинг унинг Хожасисан ва энг яхши поклагувчисан”.
Нафсни поклаш Аллоҳ таолонинг ғазабидан қўрқиб гуноҳлардан тийилиш, имонни қувватлантирадиган амалларда давомли бўлиш ва Ундан мағфират сўраб, ихлос билан тавба қилиш билан бўлади. Гуноҳлардан тийилмаган банданинг қалби хотиржам бўлолмайди ва ибодати ҳам халоватсиз кечади. Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу бундай насиҳат қилади: “Дунёга ҳирс қўйишдан қалбда зулмат пайдо бўлди. Аллоҳ таоло ғазабидан қўрқув, қаноат, Қуръони каримга амал қилиш ва охиратга тайёргарлик кўриш каби амаллар у (зулмат) ни тарқатиб юборади”.
Шубҳасиз Аллоҳ таолога муҳаббат, қўрқув инсонни камтарин сабрли, амалларда, Яратганни кўрмаса ҳам, У кўриб турганини ҳис этадиган қилиб қўяди. Ҳадисда: “Аллоҳ таолони кўриб турганингдек ибодат қил. Гарчи сен Уни кўрмасанг ҳам у сени кўради” (Имом Муслим ривояти), дейилган. Донишмандлар, Ҳақ таолодан қўрққан инсон нафсини ҳар сонияда назорат қилиб, ҳудди тижоратдаги шериги билан ҳисоб-китоб қилганидек, у билан ҳисоблашади, дейилган.
Гуноҳлардан сақланиб, яхшилик қилувчиларга жаннат ваъда қилинган. Унга эришиш йўли эса осон кечмайди. Қуръони каримда: “Аллоҳ тақволи бўлганлар ва эзгу иш қилувчилар билан (ҳамиша) биргадир” (наҳл, 128), дейилган. Шу боис мўмин киши дунёга муккасидан кетмаган, қўли ва тили билан бошқаларга зарарсиз, ёмон сўз ва ишларни қилмайдиган, ибодатларда ғайратли бўлмоғи лозим. Қийинчилик ва кенглик кунларида ҳам сахий, қалби кенг бўлиш қўрқўвнинг белгиси, деб баён қилинган. Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васалламдан кишиларнинг ҳурматлиси ким, деб сўрашганида, у зот “Улардан энг тақволиси” деб айтганлар (Имом Буҳорий ва Муслим ривояти). Қуръони каримда тақводорлар учун тайёрланган кенглиги осмону ерга тенг жаннатга шошилиш бу ибодатларни вақтида адо этиш, жамоатни тарк этмаслик, тавба ихлосда давомли бўлиш каби амаллардир (Насафий тафсири, 1-жилд, 182-бет) дейди. Демак, жаннатга эришишнинг энг осон йўли эзгу ният ва яхши амаллар бўлади. Шунда нафс ҳам покланади ва инсон нажот топади.

Олтинсой туман бош имом хатиби М.Маматқулов

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here