Чақимчилик араб тилида “намсийма” дейилиб луғавий маъноси бирор нарсани зоҳир қилишни англатади. Қуръони каримда ва Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида қораланган бу иллат ҳақида Имом Наввий: “Чақимчилик бузғунчилик йўли билан одамларнинг гапини бир-бирига етказишдир” деган. Саҳобалардан Ҳузайфа розиллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васалламнинг “Чақимчи жаннатга кирмайди” деганларини эшитганман” деган. Ушбу ҳадиси шарифлардан ҳам чақимчилик нақадар оғир гуноҳ эканлигини англаш мумкин. Уламоларимиз “чақимчиликни ҳалол санаган одам жаннатга кирмайди” дея огоҳлантиришган.

Ҳасан Басрий: “Ким сенга чақимчилик қилса, сенинг ҳаққингда ҳам чақимчилик қилади”. Имом Заҳобий эса “Чақимчилик гуноҳи кабирадир” деган гапларни айтишган. Иллатлардан яна бири ғийбат-кишини ёмон кўрадиган нарса билан зикр қилмоқлик. Сиз ҳоҳ унинг халқи-ю хулқи, ҳоҳ дини-ю дунёси хусусида бўлсин, уни лавфзи билан ёзиш ёки ишора билан ифодалаганда ҳам ғийбат бўлаверади.

Аллоҳ таоло амр қилган: “(кишилар ортидан) ғийбат қилувчи, (олдида) масхара қилувчи хар бир кимсанинг ҳолига вой!” (Ҳумаза 1). Ҳамда: “(Эй Муҳаммад:) Ҳар қандай тубан қасамхўрга (Валид ибн Муғийрага) итоат этманг! (У) ғийбатчи, чап тушувчи…” (қалом 10-11) .

Мўмин ғийбатдан сақланмоғи лозим. Зеро, ғийбат бардавом ёмонликдир. Ғийбат озор, зарар, хусумат ва нафрат сабабчисидир. Одамлар орасидаги муҳаббат ришталарини узувчи омилдир. Ғийбатчилик пасткашлик, ундан иймон нури ва ислом асори кетади. Ғийбат қилинган шахс кечирмагунча, ғийбатчининг гуноҳи кечирилмайди. Ғийбатчи қабрида Аллоҳ таолонинг азобига дучор бўлади, дўзахда азобланади.Тилдан келиши мумкин бўлган офатларни билганлар, нафсига мужоҳада қилиб сукутни афзал кўрадилар. Сукут сақлаш риёзат арбобларининг сифатларидан бўлиб, халқни тарбия этишдаги муҳим воситалардан биридир.

Олтинсой туман “Саъд ибн Абуваққос”
жомеъ масжид имом хатиби Ш.Яхёев

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here