Пайғамбаримиз салоллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат банда учун дунё-ю охират саодати гаровидир. У зотга муҳаббат дўзахдан нажот ва жаннатга кириш учун сабабдир. У зотга муҳаббат Аллоҳнинг муҳаббати ва жаннатига йўлдир. Бир аъробий киши Пайғамбаримиз салоллоҳу алайҳи васалламдан қиёмат қачон бўлади деб сўради. У зот қиёматга нима тайёрладинг деб сўрадилар: У Аллоҳ ва Расулига муҳаббатни деб жавоб беради. Шунда У зот “Сен муҳаббат қилганинг билан бирга бўласан” дедилар. Пайғамбаримиз салоллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қуруқ даъво ёки юзаки гаплар билан эмас, балки чин қалбдан бўлиши ва амалда акс этиши лозим. Пайғамбаримиз салоллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат У зотни яхши кўришни, У зотни эслаш ва унутмасликни, У зотни барчадан устун қўйиш ва афзал кўришни, У зот яхши кўрган нарсани яхши кўришни , ёмон кўрган нарсани ёмон кўришни , У зотга эргашиш, итоат қилиш, суннатларига амал қилишни, У зот суннатларини, шариатларини ҳимоя қилишни, У зотни энг олий наъмуна қилишни, У зотдан ўрнак олишни, У зотга кўп саловату саломлар айтишни,У зотга хилоф иш қилишдан қўрқишни тақозо этади.
Оиша розияллоҳу анху айтади: “Бир киши Пайғамбаримиз салоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб “Ё Расулуллоҳ Сиз менга ўзимдан ҳам , аҳли оиламдан ҳам, бола чақаларимдан ҳам севимлисиз. Мен уйда бўлганимда сизни эслайман ва сабр қилолмасдан олдингизга келиб сизни кўраман. Аммо бу дунёдан ўтишимни ўйласам, биламанки,сиз жаннатда Пайғамбарлар билан олий даражаларда бўласиз. Мен эса, жаннатга кирсамда сизни кўролмасам керак, деб қўрқаман” деди. Пайғамбаримиз салоллоҳу алайҳи васаллам унга жавоб беришдан олдин бу ояти карима нозил бўлди. “Ким Аллоҳ ва Унинг расулига итоат этса , ана шулар Аллоҳнинг инъомларига эришган зотлар. Яъни Пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳ кишилар билан бирга бўладилар. Улар қандай ҳам яхши ҳамроҳдирлар” (Нисо сураси 69 оят) .
Аллоҳ таоло барчамизга Пайғамбаримиз салоллоҳу алайҳи васалламга ҳақиқий муҳаббат қилиш ва у зотни чинакам севиш бахтини насиб этсин.

Олтинсой туман «Хўжа Бурхон»
жомеъ масжиди имом-хатиби Т.Худойқулов

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here