Ҳунайн куни, Аллоҳ Расулига Ҳавозин ўлжаларини насиб қилганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қурайшлик кишиларга ундан бера бошладилар. (Қурайшлардан бирига) юз туя бердилар. Шунда ансорийлардан бўлган кишилар:
«Расулуллоҳни Аллоҳ мағфират қилсин, қурайшларга бериб, бизни тарк қилмоқдалар»— дейишди.
Бу хабар Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламга етиб келди. Ҳамма ансорий саҳобаларни Маккадан узоқроқдаги бир водийга жамладилар ва уларга хутба қилиб меҳру-муҳаббатга ва меҳру-шафқатга чўмдирилган нафис сўзларни зикр қилдилар.
Қани эди шу сўзларни ҳар-бир мусулмон ёдлаб олса, мен буни жуда истар эдим.
Аллоҳга ҳамду сано айтиб кейин айдилар: ˝Эй ансорлар жамоаси! Менга сизлардан нимага бундай хабар келмоқда? Сизларни адашган ҳолингизда топмадимми, Аллоҳ мен туфайли сизларни ҳидоят қилдику? Бўлиниб ҳар томонга тарқалган эдингиз, мен туфайли сизларни дуст улфат қилдику? Камбағал эдингиз мен сабабли бой қилдику˝?— дедилар.
Шунда Ансорлар: ˝Ҳа рост тўғри айтдингиз, Аллоҳ ва Расули миннат қилишга лойиқроқ˝-дейишди.Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир муддат тўхтаб туриб: ˝Менга жавоб бермайсизларми˝?— дедилар.˝Жавоб бердик ё Расулуллоҳ, рост. Тўғри айтдингиз, Аллоҳ ва Расули миннат қилишга лойиқроқ˝— дейишди.
Шунда Расулуллоҳ: Сизлар хоҳласагиз мана бундай деб айтсангиз, тўғри айтган ва (бошқалар ҳам) сизларни тўғри деган бўларди:˝Бизни олдимизга (юртингдан) қувилиб келган эдинг, биз бошпана бердик, ёлғончига чиқарилган эдинг, биз сени рост деб билдик, камбағал ҳолингда келган эдинг, биз юпатиб таскин бердик˝, айтинглар, айтаверинглар-(мен розиман. дедилар). ˝Агар шундай десангиз (ҳаққингиз бор) тўғри айтган ва (бошқалар ҳам) сизларни тўғри деган бўлади˝— дедилар.
Шунда ансорлар: ˝Йўқ. йўқ, миннат қилишга Аллоҳ ва Расули ҳақлироқ˝-дейишди.
Кейин Расулуллоҳ қараб туриб:
˝Эй ансорлар жамоаси! Ўзингизга берилган дунё (бойлиги)ни оз деб билдингизми, мен уларни қалбини улфат қилиб исломга киритиш учун берган ва сизларга эса исломингизни топширган эдим˝- дедилар. Одамлар (уйларига) қўй ва туялар билан кетганида, сизлар ўз чодирларингизга Расулуллоҳ билан бирга кетишингизга рози эмасмисизлар? Аллоҳга қасамки сизлар олиб қайтаётган нарса улар олиб қайтаётган нарсадан яхшидир. Нафсим қўлида бўлган зотга қасамки, агар ҳижрат бўлмаганида мен ҳам ансорлардан бири бўлар эдим. Одамлар (чопонимнинг)аврасидир, ансорлар эса астаридир. (кийимнинг астари одамга яқин турганидан ансорларни ҳам ўзига яқин олиб айтганлар). Яқинда нишонасини топасизлар,сабр қилинглар, хатто мен билан ҳавз (кавсар)да учаршасизлар˝— дедилар.
Кейин: ˝Аллоҳим ансорларни раҳм қил ва уларнинг болаларини раҳм қил ва болаларининг болаларини раҳм қил˝— деб дуо қилдилар.
Бу нафис сўзлардан барча одамлар йиғладилар, кўзларининг ёшлари билан соқоллари ҳўл бўлиб кетди.
Ушбу хутба ва бу сўзлар ортидан саййидимиз Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламнинг меҳрибонликларини ҳис қилиш учун бу гапларни ҳар бир мусулмон тушунишга, ёд олишга ва такрорлаб юришга ҳаракат қилиши керак.
Олтинсой тумани «Саййид Мухиддинхон» жоме масжид имом хатиби Сирожиддин Мухиддинов