Раддия “такфир тушунчаси”
October 25, 2021
Раддия “такфир тушунчаси”
Аввало, имон инсон қалби билан боғлиқ бўлиб, у ихтиёрлик асосида қабул қилиниши лозим. Исломнинг биринчи аркони ҳисобланган имонни мажбуран, куч билан сингдириб бўлмайди. Шу билан бирга инсон имонни қалбан тасдиқ этганини яъни имонли эканини билиш илми фақат Аллоҳга хос. Бу борада бир инсоннинг бошқалврни имонсиз яъни кофир деб ҳукм чиқариш қаттиқ қайтарилган амаллардандир. Шунга қарамай замонавий сохта салафийлар такфир масаласида ҳаддан ошиб ҳар қандай гуноҳ содир этган мусулмонни кофирликда айблашдан тортинмайдилар.
Мусулмонларни кфрда айблаш мусулмон жамиятларида бугун пайдо бўлган ҳолат эмас. Бундай аянчли амалиёт ҳазрати Али (р.а) халифалик даврларининг сўнгида юзага келган хорижийлар фаолиятида авжига чиққан эди. Бу тоифа вакиллари инсонлар ўртасида фитна келиб чиқишига сабаб бўлувчи турли саволлар билан мусулмонларга мурожаат этар ўзлари учун мақбул жавобни бермаганларни “кофир” дея эълон қилишарди.
Маълумки “куфр” сўзи “беркитмоқ” “яширмоқ” деган маъноларни англатади. Шунингдек “куфр”нинг “кофир бўлмоқ” “динсиз бўлмоқ” каби маънолари бўлиб у имоннинг акси ҳисобланади. Қалбида умуман имони бўлмаган шахс эса “кофир” дейилади. Имом Ғаззолий “куфр”га таъриф бериб: “Расулуллоҳ (алайҳиссалом) олиб келган нарсани ёлғонга чиқаришдир” деганлар.
Қалбида имони бор одамни куфрда айблаш ва унинг қонини тўкишни ҳалол санаш мўътабар манбаларда қатъий далиллар асосида тақиқланган. Жумладан, Қуръони каримда: “Эй имон келтирганлар! Аллох йўлида сафарга чиққанингизда аниқ иш тутингиз! Сизларга салом берган (ёки таслим бўлган) кишига бу дунё матоҳини (ўлжани) кўзлаб: “Мўмин эмассан” – демангиз!..” (“Нисо” 94) дейилади. Бу оят тафсирида муфассирлар “Сизларга мусулмонлигини билдирган кишига мўмин эмассан деб адоват қилманг” деганлар.
Кимки мусулмон эканини тил билан айтиб турса шунинг ўзи мусулмончиликка кифоя қилади. Бу ҳақида Усома ибн Зайд (р.а) дан ривоят қилинган ҳадис ҳам кучли далил бўлиб хизмат қилади: “Расулуллоҳ (алайҳис-салом) бизларни Жуҳайнадан бир қабилага юбордилар. Биз улрни сувларигача қувиб етиб бордик. Мен ва ансорлардан бир киши улардан бир кишини қувиб етиб қуршаб олганимизда “Лаилаҳа иллалоҳ” деди. Ансорий ундан қўлини тортди. Мен эса уни найзам билан яралаб ўлдирдим. Мадинага келиб бу хабар Набий саллаллоҳу алайҳи васалламга етганида менга “Эй Усома сен уни “Ла илаҳа иллалоҳ” деганиндан сўнг ўлдирдингми?”деб такрорлайвердилар. Ҳатто мен (пушаймон бўлиб) ўша кунгача мусулмон бўлмаган бўлсайдим дедим”.
Бундан ташқари агар бир мусулмон киши иккинчи мусулмонни куфрда айбласа унинг имонига путр етиши ҳақида қатъий огоҳлантирилган. Жумладан Имом Бухорийдан ривоят қилинган ҳадиси шарифда: “Киши бошқа бир мусулмонни кофир ёки фосиқ деса агар шу нарсалар унда топилмаса айтган инсоннинг ўзи кофир ёки фосиқ бўлади” дейилган. Ҳадис мазмунидан кўриниб турибдики мўмин инсонни куфрда айблаш айбловчининг имони дарз кетишига олиб келади.
Шу боисдан ҳам имон тушунчасини ёритган етуқ уломоларимиз масалага ўта эҳтиёткорлик билан ёндашиб имон масаласидаги ҳар қандай тортишув ва даҳанаки низолардан ўзларини четда сақлашга ҳаракат қилганлар.
Бугунги кунда эса ўзларига “олимлик” нисбатини берувчи айрим экструмистик оқим вакиллари жумладан сохта салафийлар томонидан бу каби тушунчаларни нотўғри талқин этиш натижасида мусулмон жамиятларида турли ихтилоф ва низолар келиб чиқаётгани сир эмас.
Мотуридийлик ақидасига кўра гуноҳи кўп киши ҳам гуноҳи кам киши ҳам имон соҳиби эканлигини Қуръон ва сунна асосида ишлаб чиқилган муҳим эътиқодий масаладир.
Демак бир инсон зоҳирида “Ла илаҳа иллаллоҳ” деган калимани шаҳодатни айтиб ўзини мусулмон эканини изҳор қилса унинг гуноҳи ва қилаётган амалидан қатъи назар у мусулмон саналади. Чунки имон қалбга оиддир. Қалб ичидагини балиш имкони фақат Аллоҳга хосдир.
Ўз даврининг етук уламоси Ибн Нужайм ал-Ҳанафий ал-Мисрий (ваф. 970/1563 й.) ақидавий ва фиқҳий масалаларни атрофлича ўрганиб “Агар бир масалада кофир дейиш учун тўқсон тўққизгача далил бўлсаю кофир демаслик учун биргина далил бўлса тўқсон тўққизни кўйиб ўша бир далилни олиш керак. Аммо динда ҳаддан ошиб ғулувга кетганлар бу масалада “мўмин дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлсаю кофир дейишлик учун биргина далил бўлса тўқсон тўққизни кўйиб ўша бир далилни олиш керак” дейишга бориб етдилар. Бу еса барча исломий мазҳаблар ва уламоларнинг тутган йўлига тескаридир” дейди.
Шундай экан ҳар бир инсон гапираётган ҳар қандай сўзига огох бўлмоғи ўйламай-нетмай ўзгаларни кофирга чиқариб юборишдан тийилиши қолаверса бу билан ўз имонини сақламоғи лозим.
Тўрахон ўғли Ахмадхон
Жоме масжиди ноиби Рахимов Музаффар