Ватан меҳри  аввало инсоннинг ўз оиласи,уйи,маҳалласи ҳамда туғилиб ўсган юртига меҳр-мухаббатидир. Ватанга муҳаббат юксак инсоний фазилатлардан экани кўп зикр этилади. Бу ҳақда: “Ватанни севмоқ имондандир” дейилган хикматни эсга олиш кифоя. Ватанни севиш инсонга хос табиий туйғу бўлгани учун ислом уни имонинг бир бўлаги деб қарайди. Мустақил мамлакатимизда кечаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ, жамиятимизнинг барча жабҳаларида муносиб ютуқлар қўлга киритилаяпти. Аҳолининг тинч, осуда ва фаровон ҳаёт кечиришини таъминлаш ана шу саъй-ҳаракатларнинг туб моҳиятини ташкил этади. Тинчлик, осойишталик аввало оиладан, маҳалладан бошланади. Табиийки, инсон қаерда дунёга келса, ана шу ер унинг учун қадрли Ватан ҳисобланади. Киндик қони тўкилган жой инсон учун ҳеч нарсага алишиб бўлмайдиган, ҳамма нарсадан ҳам қимматли даргоҳдир.

Ибн Халдун “Ватан-бу инсонинг туғилиб ўсган ери,унинг гўдаклик чоғидан меҳр қўйган ўчоғидир”,- деб таъриф берган.[1] Бир инсонни ўз Ватанидан бадарға қилиш, мажбурлаб чиқариб юбориш оғир гуноҳлиги муқаддас китобларда  таъкидланади. Жумладан, Қуръон каримда: “Эсланг сизлардан “Бир-бирингизнинг қонингизни тўкмайсиз, ўзларингизни (бир-бирингизни) юртингиздан бадарға қилмайсиз”,- деган аҳдингизни олган эдик”,-дейилади (Бақара,84)[2].

Кўринадики, Ватандан бадарға қилиш қатл қилишдан кейинги энг оғир гуноҳлардан экан.  Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу билан Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб кетаётганларида орқаларига ўгирилиб, яъни Маккаи мукаррамага қараб:«Агар қавмим мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳечам ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлар эдим», – деганлар[3].

Қуръони Кармида  ва ҳадиси шарифларда ватан калимаси бир кишининг туғулиб вояга етган  яшашага қарор қилгани ва соғингани бир масканга  нисбатан ишлатилади. Фиқҳий китобларда  кишининг туғулиб ўсган ва уйланиб яшаган жойига нисбатан “Ватани аслий” кишининг ўн беш кундан ортиқ туриш ила отланган диёрларига “ватани иқомат”  , кишининг ўн беш кундан оз қоладиган жойига нисбатан  “ ватани сукунат” дейилади. Жоҳизий ўзларининг ватан севгиси ҳақида ёзган “ Ал-Ҳонин Илал –Автан” номлик асарларида ватан севгисини фитрий бир ҳис эканини таъкидлайдилар. “Ватанда дард алам чекмагинг  ғурбатта мўллик ичида яшамоқдан аълодир” сўзини нақл этарканлар Қуръони Каримнинг Нисо сурасини 66-оятини келтирадилар.“Агар Биз  уларга “ Ўзингизни ўлдиринг  ёки  ўзингизни диёрларингиздан чиқаринг “ деб  фарз  қилганимизда . озгиналаридан бошқаси буни қилмас эдилар.”[4]  оят-и каримада  жон севгиси ила  ватан севгисини  Муставий (тенг) тутилганини айтадилар.

Ҳазрати умар “Аллоҳ шаҳарларни ватан севгиси  сабабидан маъмур қилди” деганлар.

Демак, ватанни севиш, уни соғиниб яшаш инсоният фитратида мавжуд бўлган нозик ҳисдир. Бирор сабаб билан ватанини ташлаб, бошқа юртларга кетган кимса энг оғир дамларида уни қўмсаб, кўз олдига келтириши ва туғилиб ўсган замини ҳақида бирор қайғули хабар эшитганда қалбан эзилиши, ютуқларидан қувониши ҳам ватанга бўлган муҳаббатнинг белгисидир.

Тарихдан маълумки, бирорта миллат бошқа бир миллатни таҳқирламоқчи ёки оёқости қилмоқчи бўлса, аввало, унинг ватанини босиб олиб, вайрон қилган ёки ватанидан қувиб чиқарган. Ўз ватанининг душманлар қўлида қолганини кўрган миллат учун бундан ортиқ хўрлик ва азоб бўлмаса керак. Зеро, Ватан, миллат, дин тушунчалари инсон учун ҳар нарсадан азиз ва муқаддасдир. Шунинг учун ҳам динимиз таълимотида она Ватан ҳимояси, миллат фаровонлиги ҳақида қайғуриш Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида ҳам кенг ёритилган.

Халқнинг бошига оғир кун келганда жонини сақлаш учун ватанни ташлаб қочиш инсонийликка тўғри келмайди. Халқимизда «ўзга юртда шоҳ бўлганингча ўз юртингда гадо бўл», деган ҳикматли сўз ҳам бор. Ўз ҳузур-ҳаловатини ўйлаб, ўзгаларни унутган киши ҳеч қачон она Ватанига, халқига нисбатан садоқатли бўлолмайди.

Исломда Ватан тушунчаси кенг қамровли бўлиб, аввало у истиқомат маскани, яъни уй-жой маъносида ишлатилади. Ислом дини таълимотида инсон ўзи яшаб турган Ватанини, динини, оила аҳлини ҳимоя қилиши энг улуғ амаллардан эканлиги таъкидланган. Уламолардан бирлари айтган эди: «Ҳар бир кимсага маълумдирки, ҳаёт оламида инсоннинг энг севган, қадрли, қимматли тўрт нарсаси бордир. Бу тўрт нарсага эга бўлмаган кишилар инсонлик шарафидан маҳрум бўлурлар. Улар: озодлик ва эркинлик, меҳнат билан топилган молга ўзи эгалик қилмоғи, туғилиб ўсган она Ватани ҳамда асрлар бўйи асраб-авайлаб келаётган муқаддас дини».

Ҳакимлар айтадилар: «Кишининг вафодорлиги унинг ўз ватани учун қайғуришидан, биродарларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ўкиниб яшашидан билинади». Инсоннинг ўз халқига бўлган садоқати ва фидойилиги уни ватанини ҳимоя қилишига, тараққий топиб, ҳар томонлама мустаҳкам ва қудратли бўлишига ҳамда халқининг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига имконият даражасида ҳисса қўшишга ундаши лозим».

Келтирилган оят, ҳадис ва ибратли мисоллардан маълум бўладики, Ватан инсон учун муқаддас, уни ҳеч нарса билан алмаштириб бўлмайди, ўз- ўзидан севилишга, ардоқланишга ва қадрланишга лойиқдир.

Термиз тумани бош имом-хатибининг хотин қизлар масалалари бўйича маслахатчиси  Сайфуддинова Лутфинисо

 

 

 

 

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here