Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:
ادْعُوا رَبَّكُمْ تَضَرُّعًا وَخُفْيَةً ۚ إِنَّهُ لَا يُحِبُّ الْمُعْتَدِينَ
«Роббингизга тазарруъ ила ва махфий дуо қилинг. Зотан, У ҳаддан ошувчиларни севмас…»
Ҳар гал ушбу оятни ўқиганимда устозим шайх Дўстмуҳаммад домла билан бўлган суҳбат ёдимга келади. Қуръон ўқиб юрган кезларимда ушбу оятни ўқиганимда устозим тўхтатиб «Аллоҳга тазарру билан ичингизда (махфий) илтижо қилингиз! Зотан, У ҳаддан ошувчиларни суймас» деган эдилар.
Ривоят қилинишича саҳобаларнинг: «Ё Росулуллоҳ, Роббимиз яқинми, унга пичирлаб гапирсак ёки узоқми, товушимизни кўтариб гапирсак?!- деб берган саволлари Аллоҳ таолонинг: «Агар бандаларим Сиздан Мен ҳақимда сўрасалар айтингки, Мен уларга яқинман» оятининг нозил бўлишига сабаб бўлган экан. Аллоҳ яқин бўлгани учун ҳам, бандалар товушларини кўтаришга эҳтиёж йўқ. Дуони хуфёна қилиш одобдан экан.
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ: «Ошкора ва хуфёна дуо ўртасида етмиш даража бор»- деди.
Тазарруъ, хушуъ, синиқлик ва ҳокисорликнинг дуо ижобат бўлиш сабабларидан бири эканида ҳеч шубҳа йўқдир.
Шунингдек, Аллоҳ таоло ёқтирмайдиган тажовуз «баланд товуш билан дуо қилиш» деб ҳам тафсир қилинди.
Ибн Журайж раҳимаҳуллоҳ айтди: «Товушни кўтариш, бақириб, қичқириш — дуо қилишдаги тажовуздан ҳисобланади».
Ундан ташқари сўралинаётган нарсанинг ранги сифатигача сўраб дуо қиладилар. Баъзи кишилар дуо қилиш асносида ён-атрофга аланглаб, одамлар мени кўряптими, эшитяпдими дегандек тез-тез қарайверишади. Гўёки, Аллоҳга эмас, одамларга қарата дуо қиладигандек.
Ибн Қоййим раҳимаҳуллоҳ айтади: Дуони тазарруъ, ҳокисорлик ва қўрқиб қилмаган одам – тажовузкордир.
Шундай экан, дуо қилишда ҳам ҳаддан ошмаслигимиз лозим.Зеро, биз бутун коинотнинг Холиқи, Эгасига дуо қилмоқдамиз.Шуни унутмасак бўлди.
Қизириқ тумани «Саид Муҳаммад» жоме масжиди имоми хатиби
Муҳаммадиев Нуруллоҳ