“Нурчилик” ҳаракатининг асосчиси Туркиянинг Битлис вилоятидаги Нурса қишлоғида туғилган Саид Нурсий(1876-1960) бўлиб, “Бадиуззамон”(арабча – замонанинг буюги, беназир) лақаби билан танилган. Ҳаракат унинг асосчиси томонидан 20 асрнинг 20-йилларидаги Туркиядаги сиёсий вазиятнинг ўзхгариши таъсирида, хусусан Усмонийлар халифалиги ағдарилгандан кейин ҳокимият тепасига келган Мустафо Камол Отатуркнинг дунёвий давлат тузишига мухолиф равишда шакллантирилган. Саид Нурсий Туркия Республикаси конститутсиясига таҳдиди ва шариатга асосланган давлат тузишни уюштиришда айбланиб, 23-йил давомида қамоқда сақланган. Ҳаракатнинг мақсади узоқ даврга мўлжалланган бўлиб, аста- секинлик билан ёшларга пантуркизм ва мутаассиб диний ғояларни сингдириш, келажакда уларнинг рахбар лавозимларга тайинланиши орқали “Нурчилик” жамоасига мойил шахсларни ҳокимият тепасига чиқаришга асосланган. Ҳаракат ўз фаолиятида Саид Нурсий томонидан ёзилган, унинг талқинидаги Қуръони карим оятлари шарҳлари ва диний кўрсатмаларини ўз ичига олган “Рисолаи нур” китобида баён этилгн ғояларга асосланади.Нурчилар Туркиянинг амалдаги давлат тузуми ўрнига ислом шариатига мувофиқ қонун- қоидаларни жорий қилиш орқали ғаразли мақсадларига етишни кўзлайди. Кейинги босқичларда гўёки туркийзабон давлатларни Туркия соясида бирлаштириб, исломий давлватни барпо этиш ғоясини илгари суради. Бунда ҳаракат раҳнамоси Фатхулла Гуленнинг “Бутун ер юзи Аллоҳнинг мулки, уни бу меники, бу сеники, деб бўлиб олишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ”, деган фикр остида бошқа халқларни ватан туйғусидан ажратиб, улар устидан ҳукмронлик ўрнатиш кўзланади.
“Нурчилик” ҳаракати динимизга мутлақо зид бўлган, унинг асосларини бузишга қаратилган ғояларни тарғиб қилиб келаётганини таъкидлаш зарур. Хусусан, С.Нурсий фикрича, “Илм учун «Рисолаи нур»ни ўқиш ва кўчириб ёзиш кифоя, бошқа ҳеч нарса керак эмас”. Бундай ёндашув “Сизнинг ичингизда икки нарсани қолдирдим. Агар уларни маҳкам тутсангиз, ҳеч адашмайсиз. Булар- Аллоҳнинг китоби ва менинг суннатимдир”,- деган ҳадисдаги кўрсатмаларга бутунлай зиддир. С.Нурсийнинг издоши Ф.Гюлен “мақсадга эришиш йўлида ҳар қандай ёлғон ва ҳийла ишлатиш мумкин, то қудратли бўлмагунча «маънавий жиҳод» орқали ҳаркат қилиш лозим”,деган кўрсатмаларни бермоқда. Бундай ўзбошимчалик билан берилган “фатволар” ҳам исломнинг асл моҳиятига мутлақо зиддир. Зеро, Қуръонда “Аллоҳ номидан ёлғон тўқиб, тилларингизга келган ёлғонни гапириб, «бу ҳалол, бу харом» деявермангиз! Чунки Аллоҳ шаънига ёлғон тўқийдиган кимсалар сира нажот топмагайлар”. (“Наҳл” сураси, 116,117-оятлар). Деб очиқ-ойдин баён этилган.
Нурчиларнинг етакчилари ўз қарашлари, ғоялари ва кўрсатмалари билан ислом асосларини бузиш йўлида тизимли иш олиб бормоқдалар. Бунга Ф.Гюленнинг Туркияда чоп этиладиган газеталаридан бирида келтирилган “Жаҳаннам эшигини қўлларим билан тўсиб, менга эргашганларнинг ҳеч бири унга тушмаслигига ваъда бераман” , деган фикрлари ҳам мисол бўла олади. Маълумки Қуръони каримда “Барча шафоат (оқлов) фақат Аллоҳникидир” (“Зумар”сураси, 44-оят) ҳамда “Унинг изнисиз бирор шафоат қилувчи бўлмас” (“Юнус”сураси, 3- оят), деган кўрсатмалар очиқ- ойдин баён этилган. Ислом таълимотига биноан шафоат (арабча – ҳимоя қилиш, далолат қилиш) қиёмат куни Аллоҳ Пайғамбарларга ва ўзи танлаган инсонларга берадиган махсус имтиёз ҳисобланади. Фақат қиёмат куни Аллоҳ изн берган ана шундай кишиларгина айрим гуноҳкор мусулмонларнинг гуноҳлари кечирилишини сўраш ҳуқуқига эга бўладилар. Бу ҳақда Қуръони каримнинг “Марям” сураси 87-оятида «(У кунда) фақат Раҳмон наздида аҳд (изн) олган кишиларгина (гуноҳкор мўминларни) шафоат қилишга эга бўлурлар»,- дейилади.
Олтинсой туман бош имом хатиби М.Маматқулов