Тўғри келган нарсани суриштирмай, ўзиники қилиб олиш, ундан фойдаланиш ҳайвонга хосдир. Инсон ҳалол ҳаромни ажратиши билан ҳайвондан фарқ қилади. Мусулмон киши ҳаромдан ҳазар қилишда ўта масъулиятли бўлиши керак. Акс ҳолда, уни дунёда ҳам, охиратда ҳам ёмон оқибат кутади.

Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Одамларга бир замон келадики, унда киши молни қандай қўлга киритганига, ҳалолдан ё ҳаромдан топганига эътибор қилмайди”, дедилар”.

Одамлар ҳақиқий Исломдан узоқлашиши натижасида ҳалол билан ҳаромни ажратиш гўёки иккинчи даражага тушгандек. Мол-дунё тўплаш, яхши ҳаётга осон эришиш учун айрим кишилар ҳаромдан, жиноятдан, пасткашликдан тап тортмайдиган бўлиб қолишди. Ҳатто ҳалол яшашга уринган кишиларнинг устидан кулиш, уларни камситиш оддий ҳолга айланди. Оилани боқиш вазифамиз экан деб, кўчадан топганларини, ҳалолми, ҳаромми, суриштирмасдан олиб келиб фарзандларига едирадиган ота-оналар ҳам бор.

Ноҳақ, ҳаром йўллар билан касб қилиш оммавийлашиб кетса, хунук оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақидаги фикрлар баъзи кишилар ўйлаб топган оддий гаплар эмас.

Аллоҳ таоло: “Мол(мулк)ларингизни ўрталарингизда ботил(йўллар)билан емангиз!” (Бақара, 188), деб марҳамат қилади.

Яъни, бир бирингизнинг молингизга, ҳақингизга хиёнат қилманг. Имом Қуртубий оятдаги “ботил(йўл)билан емаслик”ка ҳаромнинг барча турлари: қимор, алдамчилик, ҳаром нарсаларни сотиб, ҳаром касб қилиб мол, бойлик топиш ва бошқа шу кабилар киради, деганлар. Ушбу оят тафсирида Ибн Аббос (розийаллоҳу анҳу) айтадилар: “Аллоҳ таоло кишини ноҳақ, ёлғон қасам билан биродарининг молини ўзиники қилиб олишдан қайтарди. Бировнинг ҳақини ейиш икки хил бўлади: зулм орқали – тортиб олиш, хиёнат, ўғрилик; ҳазил ва ўйин орқали – қимор ва бошқа шунга ўхшаш бекорчи эрмаклар”.

Ҳаром ейиш, яъни, Аллоҳ ман қилган нарсаларнинг истеъмоли дунёнинг ўзида ҳам, охиратда ҳам ёмон оқибатларга олиб келади.

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) айтганлар: “Бир киши узоқ сафар қилади, сочи тўзғиб, уст боши чанг бўлади, қўлларини осмонга чўзиб: “Ё Раббим, Ё Раббим…” дейди. Ҳолбуки, егани ҳаром, кийгани ҳаром ва ҳаромдан озиқланган. Бас, унинг дуоси қандай ижобат бўлсин?!” (ИмомМуслим).

Ҳазрат Анас (розийаллоҳу анҳу) Пайғамбарга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ё Расулуллоҳ, мени дуоси ижобат бўладиган қилиб қўйинг”, дебдилар. У кишига жавобан Пайғамбармиз (алайҳиссалом) “Луқмангизни ҳалол қилинг”, деган эканлар.

Дуо қабул бўлиши учун луқманинг ҳалол бўлиши шартлиги ушбу ҳадислардан англашилиб турибди. Унда ҳаром ейишнинг дунё ва охират учун энг биринчи ёмон оқибати дуонинг қабул этилмаслиги бўлиб чиқади. Дуонинг қабул бўлмаслигида эса ибодат ва бошқа яхши амалларнинг ҳам қабул бўлмаслигига олиб бориш хавфи бор. Аллоҳ сақласин!

Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Албатта, Аллоҳ ўрталарингизда ризқни тақсимлаганидек хулқларингизни ҳам тақсимлагандир. Албатта, Аллоҳ таоло дунёни яхши кўрган ва яхши кўрмаган бандаларига бераверади, динни эса фақат яхши кўрган бандасига беради.

Аллоҳ кимга динни ато этган бўлса, ҳақиқатда уни яхши кўрибди. Жоним измида бўлган Зотга қасам, дили ва тили мусулмон бўлмагунча ҳеч бир банда мусулмон бўлмайди, то қўшниси “бавоиқ”идан омонда бўлмагунича имонли бўлмайди”. “Бавоиқ нима?” деб сўрашган эди, “Алдов ва зулм” дедилар да, давом этдилар: “Қайси бир банда ҳаромдан мол топиб, уни садақа қилса, қабул қилинмайди, инфоқ эҳсон қилса, баракаси бўлмайди, ўзидан кейинга қолдирса, дўзах учун ҳозирлаган озуқаси бўлади. Аниқки, Аллоҳ ёмонликни ёмонлик билан ўчирмайди, билъакс, ёмонликни яхшилик билан ўчиради. Шубҳасиз, нопок нопокни ўчирмайди” (Имом Аҳмад ва бошқалар).

Мазкур ҳадисдан ҳаром еювчи кишининг садақаси қабул бўлмаслигини, ўзидан кейин қолдирса, дўзах учун ҳозирлаган озуқаси бўлишини билиб оламиз.

Ҳаром билан озиқланиш фарзанд тарбиясини ҳам бузади. Булар ҳаром ейишнинг дунёдаги ёмон оқибатларидир. Бундай шум амал охиратда ҳам бир неча ёмон оқибатларга сабаб бўлади. Каъб ибн Ужрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Эй Каъб ибн Ужра, ноҳақ – ҳаромдан ўсган гўшт (жасад) жаннатга кирмайди” (ИбнҲиббон).

Имом Табароний ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Қиёмат кунида айрим кишиларни олиб келишади. Уларнинг Туҳома тоғича келадиган яхшиликлари бўлади. Улар келтирилгач, Аллоҳ уларнинг яхшиликларини тўзғиган ғуборга айлантириб қўяди, ўзлари эса дўзахга улоқтирилади”. “Ё Расулуллоҳ, бундай бўлишининг боиси недир?” деб сўрашди. “Улар намоз ўқир, рўза тутар, ҳаж қилар эдилар, бироқ бирон бир ҳаром нарсага дуч келсалар, уни олишар эди. Шу боис Аллоҳ уларнинг амалларини беҳуда қилади”, деб жавоб бердилар.

Демак, ҳаром еювчи кишиларнинг амаллари беҳуда бўлади ва ўзлари дўзахга улоқтирилади. Бундан да ёмон оқибат бўлмаса керак!

Бу ўринда Абу Бакр Сиддиқнинг (розийаллоҳу анҳу) тақволарини мисол келтириш мумкин. Ойшадан (розийаллоҳу анҳо) ривоят қилинади: “Абу Бакр Сиддиқнинг (розийаллоҳу анҳу) хирож тўлайдиган ғуломи – қули бор эди. Абу Бакр унинг хирожидан тановул қилар эдилар. Бир куни у зот қули келтирган таомни ея бошладилар. Ғулом Абу Бакрдан сўради: “Бу нималигини биласизми?”. “Йўқ, у нима?”. “Жоҳилиятда бир кишига фол очган эдим. Фолбинлик яхши бўлмаган, мен уни алдаган эдим. Ҳозир ҳалиги киши йўлиқиб, ўша ишим учун менга мана шу сиз еган нарсани берди”, деган эди, Абу Бакр қўлларини оғизларига тиқиб, қоринларидаги бор нарсани қайт қилиб ташладилар” (Имом Бухорий).

Биз ҳам у зотларга ўхшаб тақводор бўлишимиз учун нима қилмоғимиз зарур? Аввало, ман қилинган нарсаларни ва уларни ман қилган Зотни танимоғимиз керак. Уламоларнинг фатволари бўйича, “хоин, алдовчи, ўғри, баттол, фоиз олувчи (судхўр) ва берувчи, етимнинг молини ноҳақ еювчи, ёлғон гувоҳлик берувчи, қарзга биноан бир нарса олиб, ундан тонувчи, порахўр, ўлчов ва тарозидан уриб қолувчи, молининг айбини яшириб сотувчи, қиморбоз, сеҳргар, мунажжим, фоҳиша, томоша учун дод солиб йиғловчи, сотувчидан сўрамай ҳақини олиб қолувчи даллол ва ҳур одамни сотиб, пулини еювчи кимсалар бошқаларнинг ҳақини ноҳақ, яъни ҳаром еювчилар сирасига киради”.

Бундан хулоса шуки, инсонда яшаш ҳуқуқи ва мол тўплаш ҳуқуқи бўлганидек, луқмасини ҳаромдан сақлаш масъулияти ҳам бор. Луқма поклигини кўз қорачиғини сақлагандек асраш лозим.

Аллоҳ таолодан афв ва мағфират сўраймиз. Зеро, У Зот афв қилишни яхши кўрадиган ва афв қиладиган Зотдир. Бизларни Ўзи суйган, рози бўладиган ишларга, жумладан, ҳаромдан сақланишга муваффақ қилишини сўраймиз.

Тўғри савдо ибодат, бузуқ савдо гуноҳдир

Қуръони каримда бундай марҳамат қилинган: “…Аллоҳ байъни ҳалол, судхўрликни (эса) ҳаром қилган…” (Бақара, 275).

Савдога доир ҳукмларга фиқҳий ва ҳадис китобларида алоҳида бўлимлар ажратилган. Чунки савдо инсонларнинг бу дунёда қиладиган муомалалари орасида энг кўп юз берадиганларидан биридир. Унинг нотўғрилиги турли балоларга сабаб бўлади. Аллоҳ таоло одамларни бир бирига муҳтож қилиб яратган. Инсон ўзи ёлғиз яшай олмайди. У ўзига ўхшаш бошқа инсонлар билан бирга умргузаронлик қилади. Жамоавий ҳаётда одам болалари ўзаро муомалада бўлишга, нарсаларини айирбошлашга, олди берди қилишга муҳтож. Бу муомалалар тартибга солинмаса, одамларнинг ўзларига қўйиб қўйилса, кучли кучсизни, ақлли ақли озни, моҳир нўноқни алдаб қўйиши, ҳақини поймол қилиши турган гап.

Ислом дини савдо сотиқ, иқтисодий ишларда ҳам ўз таълимотларига эга. Агар инсон ушбу таълимотлардан узоқлашиб, нафсига қул бўлса, шайтон ҳам унинг олдида ип эшолмай қолади.

Азиз ўқувчи! Ушбу сатрларни ўқир экансиз, бехос хотирингизга баъзида ўзингиз гувоҳ бўлган, баъзида эса қулоқларингизга чалинган воқеалар келмасдан иложи йўқ. Сифати яхши молни кўргазмага қўйиб, ёмонини тортиб ёки ўлчаб бераётган кимсалар оз эмас. Муддати ўтиб, яроқсиз, ҳаттоки зарарли ҳолга келиб қолган дори дармонларни шифо излаб юрган бечора беморларга пуллаётганлар-чи?

Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) буғдой сотаётган одамнинг олдидан ўтаётиб: “Қандай сотяпсан?” деб сўрадилар. У хабар берди. Шунда у зотга: “Қўлингни буғдойга тиқ”, деб илҳом қилинди. У зот қўлларини тиқсалар, ҳўл экан. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким алдаса, биздан эмасдир”, дедилар (Абу Довуд, Имом Муслим ва Имом Термизий). “У зот: “Эй таом эгаси! Бу нима?”дедилар”. “Ёмғир теккан эди, эй Аллоҳнинг Расули”, деди. “Буни одамлар кўришлари учун таомнинг устига қўйсанг бўлмасмиди?! Ким алдаса, мендан эмас!” дедилар (Имом Муслим ва Имом Термизий).

Савдо молининг айби бўлса, уни харидорга айтиб сотиш керак, айбини кўриб туриб олса, ўзининг иши. Демак, савдода алдамчилик қилиш савдогарни мусулмонга хос ахлоқ доирасидан чиқарар экан. Бозорда шеригининг ширин анорини кесиб кўргазмага қўйиб, ўзининг аччиқ анорини пуллайдиганлар; сигирини бир икки кун соғмасдан, елинини шишириб, бозорга олиб чиқадиганлар; қазига гўшт тайёрлашда сув сепиб, намлаш эвазига оғирлигини ошираётганлар; килодан, литрдан уриб қолишнинг янгидан янги усулларини ихтиро қилаётганлар; қўйингки, инсон боласининг ақлига сиғмайдиган нарсалар, ҳийла найранглар ҳаётимизнинг бозор ва савдо сотиқ билан боғлиқ қисмини қамраб олаётгани бу иллатлар доираси кенгайиб бораётганидан далолатдир. Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қасам ичиш савдо молини ўтказувчи, баракани ўчирувчидир” дедилар”. (Имом Бухорий, Имом Муслим, Абу Довуд). Имом Муслимнинг ривоятида: “Савдода кўп қасам ичишдан ҳазир бўлинглар. Чунки у ўтказади ва ўчиради”, дейилган.

Бозор оралар экансиз, баъзи савдогарларнинг молини ўтказиш учун ёлғон сўзлашларини, ҳатто қасам ҳам ичаётганларини, кўпинча эса, харидорлар уларнинг қасамига ишониб, молларини сотиб олишаётганларини ҳам кўриб қоласиз. Ёлғон гап ёки қасам билан молини сотган савдогар савдоим юришди, деб хурсанд бўлади. Аслида эса, ёлғон гапиргани, ёлғон қасам ичгани учун молининг баракаси учганини билмайди. Миқдор кўпайгани билан баракаси бўлмаса, нафақат фойда камаяди, балки бошқа томондан балолар ҳам келиб қолади.

Шунинг учун савдогар ростгўй бўлиши, қасам ичиб молини ўтказишга уринмаслиги лозим. Тўғрилик билан, бировни алдамасдан қилинган савдода барака бўлади. Бу барака эса, албатта, эгасига ва унинг оиласию рўзғорига юқади, фойда беради. Ҳалол савдогарнинг даражаси ҳам баланд бўлади.

Рифоъадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “У киши Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан намозгоҳга чиққан эканлар. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) савдо қилаётган одамларни кўриб: “Эй тожирлар жамоаси!” дедилар. Улар бошларини кўтаришиб, чақириққа жавобан қарашди. Шунда у зот: “Албатта, тожирлар қиёмат куни фожирлар бўлиб қайта тирилурлар. Аллоҳга тақво қилган, яхшилик ва ростгўйлик қилганлар бундан мустасно”, дедилар”.

Бошқа бир ривоятда: “Ростгўй, омонатли тожир набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан биргадир”, дейилган. Ушбу икки ҳадисни Имом Термизий ривоят қилган. Албатта, бундай улуғ зотлар билан бир сафда туриш олий даража ҳисобланади. Чунки мазкур сифатлар эгаси бўлган савдогар савдо қилганида фожирлик, алдамчилик, ҳаромхўрликка йўл қўймайди. Агар тожир тақводор, яхшилик қилувчи ва ростгўй бўлмаса, бу дунёда ҳасрат чекади, охиратда эса шарманда бўлади.

Савдогарлик, агар шариат кўрсатган йўл билан бўлса, ибодат саналади. Сабаби, бундай савдогарлар тижоратлари орқали нафақат ўзларига, балки атрофдаги жамият, қишлоғи, шаҳри, маҳалласига ҳам катта наф келтирадилар, кўпчиликнинг эҳтиёжини қондирадилар. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам тижорат қилганлар. Ростгўй, мусулмон тожир қиёмат кунида юксак мартаба соҳибларидан ҳисобланиб, набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан бирга бўлади.

Мўмин мусулмон энг яхши савдогар, энг яхши ишчи, энг яхши деҳқон, энг яхши косиб, энг яхши муҳандис, энг яхши табиб (ва ҳоказо) бўлишга ҳаракат қилиши лозим. Бу талабларга жавоб бериш учун касб қиладиган ишининг ҳақларини ўрнига қўйиш бош вазифаси бўлмоғи керак. Энг аввало, ўз касбини яхши ҳамда пухта эгаллаши мақсадга мувофиқдир. Ойша онамиздан (розийаллоҳу анҳо) ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Албатта, Аллоҳ сизлардан бирингиз иш қилганида, уни яхшилаб бажаришини севади”, дедилар (Байҳақий).

Бизда марҳумларни йўқлаб, қилинадиган йиғинга эҳсон дейиш одат бўлиб қолган. Аслида эса, ҳар бир ишни астойдил, самимий, ўрнига қўйиб қилиш, яъни яхшилаб бажаришга эҳсон дейилади.

Жаброил (алайҳиссалом) Пайғамбаримиздан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эҳсон нима?” деб сўраганларида, у зот: “Эҳсон Аллоҳга Уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғингдир. Агар сен Уни кўрмасанг ҳам, У, албатта, сени кўради”, деб жавоб бердилар.

Зикр қилинган бу ҳадиси мубораклардан биз ҳар бир иш эгаси ўз касбининг мутахассиси бўлмоғи лозимлигини, жумладан, савдо ходими ҳам ўз ишига ҳалоллик билан ёндашиши зарурлигини билиб оламиз. Зеро, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Агар иш эгасининг қўлига тушмаса, қиёматни кутавер”, деганлар.

Ҳамма ушбу кўрсатмаларга амал қилганида эди, ҳақлар зое бўлмаган бўлар эди! Одамлар бир бирларининг ҳақини емаган, ҳамма бир биридан рози бўлган тақдирда, фарзандларнинг луқмаларида ҳалоллик устунлик қиларди.

Яна бир улуғ қоида шуки, тирикчилик жараёнида алдамчилик қилмаслик керак.

Ибн Умардан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Бир киши Набийга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзининг савдо сотиқда алданиб қолишини зикр қилди. Шунда у зот (алайҳиссалом): “Қачон савдо қиладиган бўлсанг, алдаш йўқ, дегин”, дедилар” (ИмомБухорий, ИмомМуслимваИмомНасаий).

Ушбу ҳадиси шарифдан савдо сотиқда, молиявий муомалаларда алдаш ҳаром эканини билиб оламиз. Ҳадисда зикри келган саҳобийнинг бошларига шикаст етиб, бироз фикрлари ва тиллари оғир бўлиб қолган экан. Тутилиб гапирар ва олди сотдида алданиб қолар эканлар. Ўзларининг бу ҳолларидан шикоят қилганларида, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олди сотдидан олдин савдолашаётган одамга алдаш йўқ, деб огоҳлантириш бериб қўйишни тавсия қилганлар. Шояд шунда нариги томон алдашни ўзига эп кўрмаса.

Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Аллоҳ таоло: “Мен қиёмат куни уч тоифанинг хусуматчиси бўламан: Мен билан аҳд қилиб, кейин алдаган одамнинг, ҳурни сотиб, пулини еган одамнинг ва одам ишлатиб, ҳақини бермаган одамнинг”, деди”.

Қиёмат куни ҳар ким ўз ҳолидан хавотирда турганида кимларгадир Аллоҳ таолонинг Ўзи хусуматчи бўлса, бу жуда катта бахтсизлик, чидаб бўлмас ютқизиқдир. Аллоҳ бундай тоифалардан қилиб қўймасин, омин!

Молиявий муносабатларда ишонч катта ўрин эгаллайди. Одатда, шерик томонни ишонтириш учун баъзилар Аллоҳ таолони ўртага қўшадилар. Яъни, Аллоҳ таоло номи билан ваъда берадилар. Сўнгра ўз ваъдаларининг устидан чиқишмайди. Иши битганидан кейин хиёнат қилишдан ҳам тойишмайди баъзида.

Қиёмат куни Аллоҳ таоло бир бирига хусуматчи инсонлар орасида ҳукм чиқаради. У Зот ўша куни Ўзининг номи билан аҳд бериб, кейин алдаганларга нисбатан Ўзи хусуматчи бўлади. Ҳукм чиқарувчининг Ўзи хусуматчиси бўлган одамнинг ҳоли қандоқ бўлиши маълум нарса. Шунинг учун ҳам зинҳор Аллоҳнинг номи ила аҳд бериб туриб, кейин алдамаслик керак.

Аллоҳ таоло инсонга ато этган ҳуррият, озодлик энг улкан неъматдир. Бу неъматни ундан тортиб олиб, ўзини қул қилиш энг катта жиноят ҳисобланади. Ислом дини қулчиликка қарши кураш олиб бориш жараёнида қулларни озод қилиш чора тадбирларини кўриш билан бир қаторда ҳур, озод инсонларни банди қилиш йўлларини ҳам тўсди. Ҳур инсонни қул деб сотиб, баҳосини еган одамга Аллоҳ таолонинг Ўзи қиёмат куни хусуматчи бўлишини билдик. Албатта, бугунги давримизда қулдорлик тузуми тугатилган бўлса да, “одам савдоси” деган бир ҳаром савдо пайдо бўлиб қолди.

Яратганга ҳамду санолар бўлсин, ҳукуматимиз одам савдоси жиноятига қарши қатъий чоралар кўрмоқда. Бундай қабиҳ йўл билан пул топаётганлар билиб қўйсинлар, қиёмат куни Аллоҳ таолонинг Ўзи уларга хусуматчи бўлади.

Маълум ҳақ эвазига бировларни ишга ёллаб, ишлатиб бўлгач, ҳақини бермай юрган одам ҳам катта гуноҳкор ҳисобланади. Чунки бундай ҳолатда инсоннинг ҳақи поймол қилинди. Инсон ҳақини поймол қилган кишига ҳам қиёмат куни Аллоҳ таолонинг Ўзи хусуматчи бўлади. Бировни ишлатадиган одам қиёмат куни шарманда бўлишини хоҳламаса, Аллоҳ таоло менга хусуматчи бўлмасин деса, ишлатган ишчисига ўз вақтида ҳақини миннатдорлик билан тўлиқ берсин, меҳнаткашнинг ҳақини поймол қилмасин.

Барчамизга Аллоҳ ҳалол касбдан ризқ топишимизни насиб айласин.

 

Маъсидхон Чориев “Мурч бобо” жоме масжиди имом ноиби

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here