Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 18 март куни маҳалла ва оила муаммоларини ўз вақтида аниқлаш ҳамда ҳал этиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Маълумки, Президентнинг жорий йил 18 февралдаги фармони ва қарорига мувофиқ, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилган эди.

Йиғилишда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш, ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш бўйича вазифалар муҳокама қилинди.

– Вазир ва унинг ўринбосарлари, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари амалий ишлар ва натижадорликка ўтиши керак. Бунинг учун барча ресурс, ваколат ва шароит қилиб берилди. Бундан кейин масъуллардан маҳаллабай аниқ натижа сўралади, – деди давлатимиз раҳбари.

Ҳар бир оила билан манзилли ишлайдиган, уларни қўллаб-қувватлайдиган янги тажриба яратиш зарурлиги таъкидланди.

Президент ажримлар масаласига алоҳида тўхталиб, кичик маиший сабаблар жиддий оқибатларни келтириб чиқараётганини афсус билан қайд этди. Вазирлик раҳбарлари, жойлардаги мутасаддилар нотинч оилалардаги аҳволни олдиндан ўрганиб, муаммони бартараф қилиш бўйича манзилли ишлаши кераклиги кўрсатиб ўтилди.

Маҳаллалар қошида бўлғуси келин-куёвларни оилага тайёрлаш бўйича қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил этиб, уларга психологлар, обрўли отахон ва онахонларни бириктириш, “Ибратли оила” танловини ўтказиш бўйича тавсиялар берилди.

Юртимизда 22 мингга яқин хотин-қиз оғир турмуш шароитида яшамоқда. Улар кам таъминланган, ишсиз, уй-жойга муҳтож ва ногиронлиги бор аёллар бўлиб, ҳар бирининг муаммосига индивидуал ёндашув талаб этилади.

Йиғилишда аёлларнинг турмуш шароитини яхшилаш, даромад топиши учун шароит яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Касб-ҳунари бор ишсиз хотин-қизларга кўмаклашиш бўйича Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида бошланган тажрибани бошқа ҳудудларда ҳам кенг жорий этиш бўйича кўрсатмалар берилди. Хотин-қизлар ўртасида бизнес лойиҳа бўйича танлов ўтказиб, ғолибларга грантлар, кредит ва жой ажратиш, мақсадли жамғармалар ҳисобидан кўчма савдо пунктлари ташкил этиб, уларни ижарага бериш, йирик савдо марказлари ва корхоналарда эҳтиёжманд аёллар тайёрлаган маҳсулотларни сотиш тизимини жорий қилиш муҳимлиги таъкидланди.

Бугунги кунда мамлакатимизда 1 миллион 335 мингдан зиёд ишсизлар, 125 мингдан ортиқ боқувчисини йўқотган оилалар мавжуд. Шунингдек, 1 миллион 400 мингга яқин ёшлар хорижга ишлаш учун кетган. Бу инсонларнинг аксарияти касбга эга эмас.

Яшнобод туманида бошланган “Ишга марҳамат” мономаркази тажрибасини Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тасарруфига ўтказилган 30 та коллежда ҳамда Тошкент шаҳрининг ҳар бир туманида камида биттадан ташкил этиш бўйича топшириқ берилди. Талаб юқори бўлган касб-ҳунарларни эгаллаган киши ўз ишини топиб кетади.

Президент Шавкат Мирзиёев маҳаллаларнинг меъморий қиёфаси ва инфратузилмасини яхшилаш, баҳорги ободонлаштириш масалаларига ҳам тўхталиб ўтди.

Маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш ишларидан одамлар норозилиги таъкидланар экан, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига бу тизимни такомиллаштириш бўйича қатъий вазифа қўйилди.

Йиғилишда қайд этилганидек, инсон саломатлигини таъминлашнинг 55 фоизи соғлом турмуш тарзи ва тўғри овқатланишга боғлиқ. Шу боис, ҳар бир қишлоқ ва шаҳар поликлиникаларига, врачлик пунктларига тўғри овқатланиш, гигиена ва жисмоний тарбия бўйича мутахассис штатлари ажратилади.

Тўғри овқатланиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, пиёда юришнинг фойдасини тарғиб этиш, оммавий спортни ривожлантириш ишларини “умуммиллий ҳаракат”га айлантириш зарурлиги таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари маҳаллада маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш масаласига ҳам эътибор қаратди. Маданият вазирлиги, Республика Маънавият ва маърифат марказига маҳаллаларда кутубхона, маданият уйлари, кинохона, мусиқа ва санъат тўгараклари ташкил этиш, китобхонлик маданиятини ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.

– Қалбига санъат ва китоб нури кириб борган одамдан ҳеч қачон ёмонлик чиқмайди, – деди Шавкат Мирзиёев.

Видеоселектор йиғилишида маҳаллаларда жиноятчиликни жиловлаш масалалари ҳам атрофлича муҳокама қилинди.

Ўтган йили жиноятлар сони 2 минг 922 тага камайган бир пайтда 20 фоиз маҳаллада жиноятчилик сони ошган.

Президент одамлар тинч-тотув яшаши учун ҳар бир маҳалланинг “қулф-калити” бўлиши кераклигини таъкидлади.

Криминоген вазият оғир маҳаллаларда алоҳида чора-тадбирлар амалга ошириш, керак бўлса, маҳаллий бюджетдан қўшимча маблағ, куч ва воситалар жалб этиш бўйича топшириқ берилди.

Таъкидланганидек, эндиликда маҳалладаги вазиятга профилактика инспектори билан бирга Миллий гвардия ҳам бирдек жавоб беради. Шу боис Миллий гвардиянинг ҳуқуқбузарларни аниқлаш, ушлаш, уларга чора кўриш ваколатларини такомиллаштириш зарур. Ушбу тузилма ходимлари аҳоли гавжум жойларда мустақил патрулликни олиб бориши лозим. Мутасаддиларга бу борада ташкилий-ҳуқуқий чораларни ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан вазирлик ва идоралар раҳбарлари, ҳокимлар ҳисобот берди.

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here