Муҳтарам ва азиз диндошлар, куни кеча рамазон киришини завқ билан кутиб олгандик. Мана бугун эса унинг кўпи кетиб ози қолибди. Хаш-паш дегунча рамазон тугаб ҳайит ҳам келиб қолади. Ҳаммангизга маълум рамазон ойи ойларнинг энг улуғи бўлганидек, бу ойнинг ҳам кеча ва кундузларининг фазилатли ва улуғлари бор. Улар рамазоннинг охирги ўн кунлиги. Уларнинг фазилати шу кечаларда яширинган «Лайлатул Қадр-Қадр кечаси» сабаблидир.

«Албатта, Биз У (Қуръон) ни Қадр кечасида туширдик». Бу ояти каримада зикр қилинаётган Қуръони каримнинг туширилиши Лавҳул Маҳфуздан бу дунё осмонига туширилишидир. Бу маъно Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган. Ана ўша ҳодиса Қадр кечасида содир бўлганини ушбу ояти карима очиқ айтиб турибди. Қуръони карим бу дунё осмонидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлиб-бўлиб, йигирма уч йил давомида туширилган. Демак, бу ояти кариманинг маъноси биз Қуръонни Лавҳул Маҳфуздан бу дунё осмонига Қадр кечасида туширдик, дегани бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига ҳам шундоқ бўлишини орзу қилиб: «Эй Роббим, менинг умматимни умматлар ичида умри қисқа, амали оз қилдинг!» деганларида, «Лайлатул Қадр сенга ва умматингга ўша одам жиҳод қилган минг ойдан яхшироқдир», деб марҳамат қилди Аллоҳ таоло.

Қадр кечасининг яна бир фазилати қуйидаги оятда баён қилинади: «Унда фаришталар ва Руҳ Роббилари изни билан барча ишлар ила тушадирлар». Бу оятдаги «Руҳ»дан мурод Жаброил алайҳиссаломдир. Қадр кечасида Жаброил алайҳиссалом бошчиликларида фаришталар Аллоҳ таоло келаси йилгача тақдир қилган ишлар ила тушадилар. Бу ҳам Қадр кечасининг шарафини оширади.

     “Кимики Лайлатул Қадр кечасини имон ва ихлос билан бедор ўтказса, унинг шу кечагача қилган гуноҳлapu мағфират қилинур”, — дедилар. “Лайлатул Қадр йигирма еттинчи кечададир”, — дедилар”.

Бу кечада рўзадор бедор бўлиб, аҳли аёлини ҳам, ёру дўстларини ҳам савобли ишларга чорлаб туриш лозим. Аллоҳ таоло ўша кечанинг барокатидан минг ойлик ибодатнинг ажру савобидан кўра яхшироқ ажру савоб беришидан умидвор бўлиши керак. Қадр кечанинг ва ундаги бедорлик, ибодат, намоз, Қуръон тиловати ҳамда илтижо, тазарруъ, дуолар фазлидан ўтган гуноҳларни кечиришидан умидвор бўлиши керак. Лекин яна шу нарсани ҳам унутмаслигимиз лозимки, Рамазон ойининг ҳар бир куни ва туни улуғдир. Шунинг учун ҳам бизлар мана бу кунларни ғанимат билган ҳолда, унда ибодат ва рўзалардан ташқари бошқа хайрли ва савобли ишларга ҳам кўпроқ эътибор қаратишимиз, кексаларни зиёрат қилиб дуоларини олишимиз, ночор оилалар бўлса уларга ҳам эътиборли бўлишимиз, хожатмандларнинг хожатларини чиқаришга ҳаракат қилишимиз ва шу каби савобни кўпайтирувчи ишларга интилишимиз, динимиз кўрсатмаларидандир.

Ушбу муборак кечада бошимиз саждага боришдан қўлимиз дуога кўтарилишдан забонлармиз эса суралар ва дуолар ўқишдан чарчамасин илоҳим!

 

 

Олтинсой туман “Раҳмонберди ҳожи” жомеъ масжид имом хатиби З.Абсаломов

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here