Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) «Ҳажжатул вадоъ»да мусулмонларга қарата бундай деб панд-насиҳат қилганлар: «Эй одамлар, хоҳ ўзингизнинг ва хоҳ бир-бирингизнинг қонингизни тўкишингизни Аллоҳ таоло сизларга ҳаром қилди. Шу билан бирга бир-бирингизнинг мол-мулкингизга тажовуз қилишни ҳам Аллоҳ таоло сизларга ҳаром қилди. Ушбу Арафа кунида одам ўлдириш ва бошқалар жонига қасд қилиш қанчалик ҳаром бўлса, мол ва жонингизга тажовуз қилиш ҳам шунчалик ҳаромдир» (Имом Бухорий ривояти).

Парвардигоримиз бизларни барча ёмонликлардан сақланишга, илоҳий амрларни адо этишга, жамият ва дин манфаати йўлида яхши амалларни қилишга, виждонли, мустаҳкам иродали, жисми соғлом, гўзал хулқли, дини ва жамиятига наф келтирувчи, Ватанини ҳимоя қилувчи, умматга қалқон бўлувчи, Ўзига ибодат қилувчи, зиммасига юклатилган вазифани мукаммал адо қилувчи бўлишга ва фақат покиза нарсаларни истеъмол қилишга даъват этади. Шу боис инсон зиммасига буюк масъулият – Аллоҳ ва Унинг расулига имон келтириш, ер юзини обод этиш, наслини давом эттириш, жамиятга фойда келтириш, зулм ва разолатни бартараф этиш, турли гуноҳлардан сақланиш ва доимо яхшилик қилиш каби улкан омонат юклатилган. Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Биз (бу) омонатни (чин бандалик омонатини) осмонларга, ерга ва тоғларга таклиф этдик, улар уни кўтаришдан бош тортдилар ва ундан қўрқдилар. Инсон эса уни ўз зиммасига олди… (Аҳзоб, 72)”.

Банданинг юрти ва миллатига хиёнат қилиши оғир гуноҳ, зиммасига олган илоҳий омонатдан юз ўгиришдир.

Разил, имони йўқ, гиёҳванд моддалар ва одам савдосининг ортидан келаётган ҳаром маблағлар эвазига фаолият юритаётган кимсаларнинг хуружи юртимиз тинчлиги ва халқимиз осойишталиги, фарзандларимизнинг келажагига қаратилган тажовуздан ўзга нарса эмас. Ҳозирги пайтда дунёнинг кўпгина мамлакатларида гиёҳвандлик офати инсон жони ва ақлини ўз вазифасини адо этишдан маҳрум қилиб, ҳаётга эндигина  қадам ташлаб бораётган азиз фарзандларимизнинг ногирон бўлиб қолишларига олиб келмоқда.  Ақл-фаросати ва онгини ишлатмайдиган, ўзининг ким эканини англаб етмаган, бугунги куннинг ҳузур-ҳаловати билан яшаб, эртаси, Ватан тинчлиги, миллат осойишталиги тўғрисида қайғурмайдиган кимсалардан бепарво бўлмаслигимиз керак.  Ҳар доим бу террор ҳуружидан ким фойда кўради, у қандай вазифаларни бажаради, буюртмачи ким, бундай амалиётларнинг инфратузулмалари ортида кимлар турибди деб савол бериб кўриш лозим.

Буни амалга оширганлар истаган одам ёки гуруҳ бўлиб чиқиши мумкин. Амалга оширганлар ўзларининг кимларнинг қўлида қай мақсадда ўйинчоқ бўлиб қолганини билмаган бўлишлари ҳам мумкин.

Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: “Уларда қалблар бор, лекин улар билан “англамайдилар”. Уларда кўзлар бор, лекин улар билан кўрмайдилар. Уларда қулоқлар бор, лекин улар билан эшитмайдилар. Ана ўшалар ҳайвонлар кабидирлар. Балки, улар (янада) адашганроқдирлар. Айнан ўшалар ғофиллардир” (Аъроф, 179).

Муфассирлар , ушбу оятдаги “англамайдилар”“кўрмайдилар”“эшитмайдилар” феъллари мажозий маънода айтилган, дейди. Яъни, ҳақ гапни эшитсалар-да, тафаккур қилмаганлари, ҳидоят ва тўғри йўлни кўрсалар-да, унга юрмаганлари, панд-насиҳатни эшитсалар-да, унга амал қилмаганлар назарда тутилган.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “…Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларини қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир. Уларга расулларимиз (илоҳий) ҳужжатларни келтирганлар. Сўнгра уларнинг кўпчилиги ўшандан кейин (ҳам) Ерда исроф қилувчилардир” (Моида, 32).

Ушбу оятдаги “исроф қилувчилардир” хабаридан мурод – мол-дунёни исроф қилиш эмас, балки умрни гуноҳ ва жиноий ишлар билан исроф қилиб ўтказишдир.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (солаллоҳу алайҳи ва саллам) халқлар ва миллатлар бирлиги ҳамда осойишталигига таҳдид солувчи фитна-фасод, бузғунчиликлар ҳақида бундай огоҳ этганлар: “Умматимдан қайси бири умматимга қарши чиқса, унинг яхши ва ёмони фарқига бормаса, мўминга зиён етказишдан ўзини тиймаса, берган ваъдасига вафо қилмаса, у менинг умматим эмас!” (Имом Муслим ривояти).

Имонли, виждони пок, қалбида Ватанга, халқига муҳаббатли киши ҳеч қачон ўзи билиб тургани ҳолда хато ишларга қўл урмайди. Ватан меҳри, дегани шунчаки айтиладиган сўз эмас, балки у – бахт топган остонамиз – оиламиз, бизни элу юртга қўшган урф-одатларимиз, удумларимиз – миллий қадриятларга, биз ўсиб-улгайган тупроқ, ота-онамиз тебратган бешикка бўлган муҳаббатимиз, ҳаяжонли туйғуларимиздир. Фақат буни биз ҳис қила билсаккина, у қалбдан чиқади, самимий бўлади.

Дин душманлари одамларнинг қўлларига қурол бериб, инсониятга зид бўлган қабиҳ режаларини амалга ошириш пайида экан, шу Ватан учун, миллат келажаки, фарзандлар камоли, динимиз ривожи учун ҳам ҳушёр ва огоҳ бўлишимиз лозим.  Ичкиликбозлик, гиёҳвандлик ва кашандаликка қарши бутун чоралар билан кураш олиб бориш инсониятнинг энг муҳим ва долзарб вазифаларидан биридир.  Бу ишдан мусулмонларимиз ҳам четда турмасликлари, ёшларга бу одатларнинг зарари ва келтиражак кулфатлари ҳақида мунтазам тушунтириш ишлари олиб боришлари, уларни пок турмуш тарзи, гўзал одоб-ахлоққа тинмай тарғиб қилишлари зарур бўлади.

 

 

ЎМИ матбуот хизмати

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here