Ёш авлодларимизни нияти бузуқ кимсалардан асрайлик!

Ёшлик ажойиб давр, у ҳар бир инсонга бир марта бериладиган тенги йўқ неъматлардан бири бўлиб, унинг қадрига етиш керак. Бу неъматдан унумли фойдаланиб, ўзининг илмий ва маънавий салоҳиятини ошириб борган инсон ўз зиммасидаги энг олий вазифани уддалаган ҳисобланади. Ҳозирги кунда Ўзбекистон аҳолисининг асосий фоизини ёшлар ташкил этади. Мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ ёшларнинг ҳар томонлама камол топишига қаратилган ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Ҳар бир фарзанднинг шахсияти оилада шаклланади. Шундай экан оилада фарзандларни аҳлоқий-ҳуқуқий жиҳатдан тарбиялаш, айниқса, адолат, бурч, ватанпарварликни шакллантириш, она ватанни севиш ҳиссини уйғотиш ўта муҳим ҳисобланади. Жамиятимиз равнақи учун зарур бўлган илмларни олиш ҳар бир ёш йигит-қизнинг зиммасидаги бурчларидан бири бўлиб, унда ниятнинг холислиги энг муҳим нарсадир. Ҳар томонлама етук билимли ёшларгина ўзларининг соф имон-эътиқоди билан ўз билимини тўғри ва фойдали нарсаларга йўналтириб, ўзига ҳамда атрофидагиларга, шу жумладан жамиятга фойда келтиради. Ахлоқий бўшлиқнинг олдини олиб, жамиятнинг порлоқ келажаги учун замин тайёрлайди. Миллий ва диний қадриятларимизнинг ёшларимиз тарбиясидаги ўрни беқиёсдир. Улардаги ватанпарварлик, инсонийлик, меҳр оқибат каби тушунчалар фарзандларимизни иймонли инсофли, юртимизга астойдил хизмат қилувчи юксак маънавиятли шахслар қилиб тарбиялайди.

Минг афсуслар бўлсинки, ёшларимиз онгини муқаддас ислом дини номи остида турли хил экстремистик ва террористик ғояларни сингдиришга уринишлар ҳозирги вақтда авж олиб кетди. Бузғунчи ғоялар кенг миқёсда дунё бўйлаб тарқалганлиги ҳар бир оқил инсонни хавотирга солади. Бугунги кунда диний экстремизм ва терроризмдан ёшларимизни асраш ҳар бир зиёли кишининг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланди.

Эзгуликнинг ёрқин намоёндаси ва дунёдаги ҳар бир мўмин-мусулмоннинг буюк устози бўлган жаноб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳар бир мусулмон кундалик фаолиятида қўллайдиган, умри давомида татбиқ этиши даркор бўлган ҳадиси шарифлар ворид бўлган. Жумладан; “Аллоҳ Таолога фарз  ибодатлардан  кейин энг маьқул иш – мусулмон кишини хурсанд қилишдир(минг бир хадисдан)

Абу Ҳурайра (р.а.) дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдедилар: “Мусулмон – мусулмонлар унинг қўли ва тилидан саломат бўлган кишидир. Мўмин – инсонлар ўз қонлари ва молларида ундан эмин бўлган кишидир.” (Мишкату-л-масобиҳ). Маълумки, тил ва қўл энг кўп ишлатиладиган аъзолар бўлиб, яхши ишлар ҳам, ёмон ишлар ҳам асосан шулар билан бажарилади. Ён-атрофдагиларга аксар ҳолларда тил билан сўкиб ёки қўл билан туртиб, уриб, озор берилади, зарар етказилади. Шунинг учун, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шу икки аъзони алоҳида зикр қилдилар. Демак, бировларга, у ким бўлишидан қатъий  назар,  диндошми, ғайридинми – озор беришдан  ўзимизни  сақлашимиз лозим. Айниқса, тилимиз ва қўлимизга ҳушёр бўлишимиз керак. Динимиз таълимотида нафақат инсонларга нисбатан эзгулик қилиш, балки уни ўраб турган табиат ва ундаги барча жонзотларга  нисбатан ҳам меҳру шафқатли  бўлишга буюрилган.

Юқоридаги фикр-мулоҳазалардан аён бўладики, ҳар қандай ном остидаги зулм вa зўрaвoнлик, турли кўринишдаги жиноятлар, гарчи у ислом номидан содир бўлаётган бўлса ҳам, Ислoм aқидaси ва таълимотига мутлақо қaршидир. Мусулмoн киши бoшқa oдaмлaрни, хоссатан ўсиб келаётган ёшларни ёмон ишларни қилишдан қaйтaришга, нафақат қайтариш, балки огоҳ этишга мaсъул. У катта бўладими, кичик бўладими – гуноҳларнинг ҳар қандай кўринишидан тийилиши ҳамда бошқаларни ҳам ундан қайтариши лозим.

“Ўз уйингни ўзинг асра” — ҳар бир ота-она ўз фарзандини, ўқитувчи ўз талабасини бепарволик қилмасдан бундай оқимлар таъсиридан ҳимоя қилишга интилиши ҳамда бу йўлда ўз устида ишлаши, изланиши керак. Ёшларимиз таълим-тарбиясини миллий ва диний қадриятлар асосида шакллантириб, Ватанга муҳаббат, ота-она, элу юртга муҳаббат билан ҳамоҳанг қилиб, миллий ва диний қадриятларни, она заминни ва ҳатто унда ўсган ҳар бир дарахтни, кўчатни асраб-авайлашга ҳамда келажак авлод учун озод-обод Ватанни асраб етказиш ҳар бир ўсмир йигит-қизнинг вазифаси эканлигини ўргатиб боришимиз зарур. Ёшларимиз онги ва руҳиятига салбий ва кескин таъсир қилувчи ҳар қандай воситаларга қарши уларда аввало иммунететни ҳосил қилишимиз энг долзарб ишлардан бири ҳисобланади.

Шубҳа йўқки, миллий ва диний қадриятларимизнинг тарбиявий жиҳати жуда кенг ва серқирра бўлиб, ёшларимиз тарбиясидаги ўрни беқиёсдир. Улардаги ватанпарварлик, инсонийлик, меҳр оқибат каби тушунчалар фарзандларимизни иймонли инсофли, юртимизга астойдил хизмат қилувчи юксак маънавиятли шахслар қилиб тарбиялайди. Шундай экан юртимиз келажаги фарзандларимизни нияти бузуқ кимсалардан асрайлик, Ватанга бўлган меҳру муҳаббатни қалбларига сингдирайлик!

ЎМИ Сурхондарё вилояти вакилининг

хотин қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси    Хосият Қосимова

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here