Ватан учун жон фидо этганлар хотираси

Мустақиллик йилларида 9-май кунини “Хотира ва қадрлаш куни” сифатида нишонланиб келиниши, ҳеч шубҳасиз, юртимизда тарихий хотирани тиклаш йўлида ҳаётнинг ўзи тақозо этган яна бир муҳим қадам бўлди.

Ҳар йили 9 май – “Хотира ва қадрлаш куни” арафасида давлатимиз томонидан уруш қатнашчиларига ғамхўрлик кўрсатилиб, уларни рағбатлантириш тўғрисида Фармон қабул қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йилнинг 4-апрелдаги 1941-1945-йиллардаги Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабанинг етмиш икки йиллиги нишонланиши муносибати билан хамда уруш қатнашчилари ва ногиронларини  2 000 000 (икки миллион) сўм миқдорида бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантириш тўғрисидаги Фармони, ва фармон ижроси тўғрисидаги кўрсатмалар, шунингдек, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари GM Uzbekistan автомобилларини навбатсиз олишлари, Ўзбекистонда уруш қатнашчилари санаторийларга бепул йўлланмалар берилиши каби кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликлар фикримиз, далилидир.

Сариосиё тумани  ҳокимлиги ва жамоат ташкилотларини ҳам хотира ва қадрлаш куни олдидан,туманда яшовчи иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронлари уй манзилларига олиб борувчи кўчаларни ободонлаштириш, уй манзиларини тартибга келтириш, бўйича комплекс чора-тадбирлар режаси белгилаган. Режага кўра кўчалар ободонлаштирилади, уйларни ички ва ташқи қисми таъмирланади, ҳовлилар тартибга келтирилади. Моддий ва маънавий жиҳатдан эътибор кўрсатилиб барчаларини хурсанд қилиб дуолари олинади.

Ватан учун жон фидо этган ва бу ёруғ оламдан кўз юмганлар хотирасини доимо эсга олиш, уларнинг руҳи покларига дуои хайрлар қилиш ҳам, гўзал, инсоний, фазилатлардандир.

Бу хусусда Аллоҳ таборака ва таоло ўзининг Каломи шарифида  қуйидаги мазмунда марҳамат қилади: “Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: Эй, Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй, Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!”(Ҳашр сураси, 10-оят). Бу ояти каримада инсонларнинг аввали билан охирини боғлаб турувчи ришта мавжудлиги такидланади. Кейин келган мусулмон авлоди ким бўлишидан қатъий назар, ўзидан аввал вафот этиб кетганларни яхшилик билан эслаб, уларнинг ҳаққига хайрли дуолар қиладилар ва офият сўрайдилар деб буюради.

Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дунёдан ўтганларнинг яхши сифатларини эсланглар, уларнинг ёмон сифатларини айтишдан сақланинглар” (Имом Термизий ривояти) деб биз умматларни огоҳлантирганлар.

Кунлар -кунларни, йиллар -йилларни қувиб, чархи фалак айлангани-айланган. Инсоннинг абадий – боқий эмаслиги онг-шууримизда хотира деган тушунчани пайдо қилгандир. Негаки, хотирагина ўтганларни эслаш, бугунни кечанинг ёди билан тўлдириш – бойитиш имконини беради. Хусусан, тарихий хотира – бу умр мазмунини, авлодлар ўртасидаги ворислик туйғусини, уларнинг бир-бирига дахлдор эканини, ҳаётнинг бамисоли узвий ҳалқалар каби кетма-кет боғланишини англаш, тарихдан хулоса чиқариб, бугунги кун учун тўғри йўл танлаш, ота-боболаримизнинг руҳи покларига ҳурмат билан қараш, миллий қадрият ва анъаналаримизни топташга йўл қўймайди, уларни кўз қорачиғидек асрашга ундайди.                                                   Ватанимиз тинчлиги тараққиёти ва ободлиги, миллатимиз ифтихори ва ғурури, динимиз софлиги ва муқаддаслиги йўлида жон фидо қилган аждодларимиз хотираси, бизлар учун қанчалик ардоқли ва муқаддас бўлса, кексалик ёшига етиб, ёшларимиз тарбиясида фаол бўлиб келаётган  улуғларимизнинг қадрига етиш, ҳурматларини жойига қўйиш ҳам шунчалик муҳимдир. Жонажон диёримиз мустақилликка эришган илк кунларданоқ нафақадаги кекса отахон ва онахонларга, ногирон ва муҳтожларга катта ғамхўрлик ва беминнат ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Айниқса, байрам кунлари ёлғиз ва бемор кексалар, ногиронлар ҳолидан хабар олиниб, уларга ижтимоий ёрдам кўрсатилмоқда. Буларнинг барчаси азиз юртимизнинг қадрли дуогўйларига билдирилаётган катта ҳурмат-эътибор рамзидир. Зеро,  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кичикларимизга раҳм-шафқат қилмаган ва катталарнинг шарафини билмаган кишилар биздан эмасдир” — деганлар.

Сариосиё туман бош имом-хатиби:  М.Бадалбоев

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here