Ўзбекистон халқаро ислом академиясига Малайзиянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Хенди Ассан ташриф буюрди.
Ўзбекистон халқаро ислом академияси Халқаро ҳамкорлик бўйича проректори Б.Мамадиев учрашувда меҳмонга академия фаолияти, мақсад ва вазифалари, келажакдаги режалари, академия таркибидаги ташкилотлар, таълим муассасалари, шунингдек, юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ишлар тўғрисида батафсил маълумот берди.
Музокара давомида Малайзия университетлари билан Ўзбекистон халқаро ислом академиясидаги мавжуд йўналишлар бўйича яқиндан ҳамкорлик қилишни йўлга қўйиш, илмий тадқиқотчилар, ўқитувчилар ва талабалар алмашинувига эришиш каби масалалар юзасидан фикр-мулоҳазалар юритилди. Жумладан, академия туризм соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлаш, туризм соҳасини ривожлантиришда Малайзия тажрибасидан фойдаланишни режалаштирмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекисон халқаро ислом академияси Малайзия ислом илмлари университети, Малайзия Халқаро ислом университети, Ал-Бухорий фонди билан ҳамкорлик ҳужжатларини имзолаган. Малайзия олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик доирасида Малайзия ислом илмлари университети вакиллари — профессор Муҳаммад Юсуф Халид ва Амир Шаҳаруддин, Малая университети ўқитувчиси доктор Моҳд Одил Абд Сукор академияда талабалар билан мулоқот қилди. Академия профессори З.Мунавваров Малая университети, Малайзия халқаро ислом университети ва Малайзия ислом илмлари университетида маъруза ўқиди.
Учрашув давомида Б.Мамадиев Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари янги босқичга кўтарилаётгани, диний ва дунёвий билимларни ўрганишда ҳар икки давлатларнинг тажрибаларидан кенгроқ фойдаланиш керак эканини билдирди ва бу борада ўз таклиф-мулоҳазаларини билдирди.
Ўз навбатида элчи Хенди Ассан жаноблари ҳам, Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида дўстона алоқалар ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлаб, академияга таклиф этилганидан, ушбу олий таълим муассасасининг Малайзиядаги университетлар билан ҳамкорлик ўрнатаётганидан мамнун эканини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, элчи Малайзия университетларидаги профессор-ўқитувчилар томонидан олиб борилаётган илмий тадқиқ ишлари, юқори билим ва тажрибага эга кадрлар малакасини оширишга қаратилган тадбирларнинг мунтазам равишда ўтказиб келинаётгани ва бу тажриба билан қатор давлатларнинг олий таълим муассасалари билан ўрнатилган ҳамкорлик алоқалари хусусида ҳам маълумот берди.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон халқаро ислом академияси “Ислом иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар” факультети декани А.Абдирашидов, “Ислом иқтисодиёти ва молияси, зиёрат туризми” кафедраси ўқитувчиси А.Равшанов элчи жанобларига академия томонидан амалга оширилаётган ишлар, талабалар билимини оширишга қаратилаётган тизимлар жорий этилганини таништириб, ўзаро ҳамкорликка оид фикрларини ўртоқлашди.
Дўстона руҳда ўтган учрашув якунида Малайзия университетлари билан Ўзбекистон халқаро ислом академияси ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга келишиб олинди.
Шундан сўнг, Малайзиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Хенди Ассан жаноблари академияда ҳудудидаги “Манбалар хазинаси” фаолияти билан танишди ва “Шайх Хованди Тоҳур”, “Қалдирғочбий”, “Юнусхон” меъморий ёдгорликларини зиёрат қилди.