Аллоҳга беҳисоб ҳамду санолар бўлсинки, ўн бир ойнинг султони бўлган Рамазон ойи жаннатмакон мамлакатимизда ниҳоятда кўтаринки руҳда ўтди. Мустақил Ватанимиз учун бу йилги Рамазон ҳар қачонгиданфайз-футуҳли, шукуҳли, баракотли бўлди.

Мана бугун барчаларимиз баҳоли қудрат Рамазон ойи рўзасини тутиб, Аллоҳнинг ўзи ваъда қилган буюк мукофотни қабул қилиш куни бўлган фитр ҳайити каби улкан шодиёнада турибмиз.

Рамазон ҳайити жуда улуғ байрам, катта шодиёна, хурсандчилик ва кўтаринкилик билан ўтказадиган муборак байрам. Чунки ушбу кун тутган рўзаларимиз қабул этилади, Аллоҳнинг раҳмати ва фазли ер юзигамўл-кўл ёғилади.

Бу йилги Рамазон ҳайитимиз яна шуниси билан файзли ва шукуҳли бўлаяптики, у жонажон Ватанимиз мустақиллигининг йигирма икки йиллигини кенг нишонлашимиз арафасида ўтаяпти. Бунинг чуқур рамзий маъноси бор: агар мустақиллик бўлмаганида ҳайитларимизни бундай эркин, оммавий, шодиёна қилиб ўтказа олмас эдик. Айнан истиқлол мусулмонларимизга диний эркинликни таъминлаб берди, ибодатларни эмин ва осойишта ўтказиш имконини берди, динийқадриятларимизни ўзимизга қайтарди. Айнан мустақиллик шарофатидан муҳтарам Юртбошимиз ҳар йилги Рамазон ва Қурбон ҳайитлари кунини умумхалқ байрами сифатида дам олиш кунига айлантиришга оид фармонларини эълон қилмоқдалар. Айнан истиқлол туфайли ҳар йили Рамазон ойида масжидларимиздахатмул-Қуръонлар ўтаяпти, таровеҳ намозлари ўқилаяпти, ихлос ва тақво билан бошқа ибодатлар адо этилаяпти.

Ушбу муборак ой давомида Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш унинг моҳиятида мужассам бўлган инсонийлик, яхшилик, маънавий поклик фазилатларини эъзозлаш, юртимизда дину диёнатимизга бўлган имкониятлар,азалдан маданият тамаддун бешиги бўлиб келган Юртимиз аҳлининг минг йиллардан буён сақланиб келаётган урф-одатлари, анъана-ю маросимлари, муқаддас ислом динимизнинг асосий арконларидан бири бўлмиш Рамазон рўзасининг инсон манфаъатлари учун хизмати, нафс тарбияси ва Рамазон рўзасининг ҳикмати ва фазилатлари хусусида кенг ёритиб борилди.

Ҳақ таъолога беадад шукроналар бўлсинки, буюк истиқлол шарофати ила юртимизда тинчлик осойишталик ҳукм сурмоқда. Бу тинчлик неъматининг қадрига етмоғимиз, уни асраб авайлаш учун ҳар биримиз ҳаракат қилмоғимиз лозим. Чунки бу доруломон кунларга ўз-ўзидан эришилгани йўқ. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтади:

“Агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман…”.

Бизлар ҳам берилган неъматларнинг қадрига етиб, динимиз ривожига кўрсатилаётган шароит ва ғамхўрликларни Аллоҳнинг улуғ марҳамати деб қабул қилишимиз, бунинг шукронасини ҳамиша адо этишимиз лозим.

Шу билан бирга Муборак ҳайит куни миллийлигимизга ёт бўлган ишлардан сақланиб, хурсандчилик билан ўтказишга ҳаракат қилишимиз керак.Байрам кунини ён атроф қўшниларимизу, кам таъминланган оилалардан хабар олиш, ёши улуғ қарияларимиз дуосини олиб, ўтказишимиз айни муддаодир. Зеро ҳайит жамият ҳамжиҳатлиги билан тотли, ака-ука, ёру биродарлар билан мазали ўтади.

Юртбошимиз бошли барча ватандошларимизга ушбу қутлуғ қўшалоқ байрамлар муборак бўлсин. Жонажон Ўзбекистонимизга кўз тегмасин. Яратганнинг ўзи самовий ва арозий офатлардан асраб, бу каби байрамлар занжирини такрор-такрор насиб этсин деймиз!

 

Шеробод тумани бош имом хатиби У.Бўронов

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here