Неча йилдирки юртимизда “1-июн Халқаро болаларни ҳимоя қилиш” куни байрам сифатида нишонланади. Бу бекорга эмас албатта. Чунки болалар бизнинг келажагимиз давомчилари ва хонадонимиз қувончи ҳисобланадилар. Болаларни ота-онасига, яқинларига меҳрибон ва юртига меҳр-оқибатли, иймонли ва эътиқодли, виждонли қилиб тарбиялаш биз катталарнинг олдимиздаги энг катта вазифаларимиздан биридир. Ва албатта биринчи навбатда уларга ёшлигиданоқ меҳрибон бўлишимиз керак. Уларни ҳозирги кунда кўп тарқалаётган ҳар хил оқим ва иллатларнинг фитна-ю, иғволаридан асрашимиз лозимдир. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам болаларга меҳрибон бўлишни, уларни эъзозлашни, сўзларига қулоқ тутишни ва ҳатто уларга “сиз” деб мурожаат қилишда биз умматларга ўрнак бўлганлар ва ўргатиб кетганлар. Пайғамбаримиз болаларни жуда яхши кўрардилар, уларга нисбатан ҳеч қачон ғазабланмасдилар ва аксинча уларга нисбатан хуш муомалада бўлардилар. Айниқса етимларга жуда эътиборли бўлиб, уларнинг бошини силардилар.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Фарзандларингизни уч хислатда тарбияланглар: Пайғамбарларингизни севдириб, ўз оила аъзоларингизга меҳрибон қилиб ва Қуръон ўқишликни. Чунки Қуръонни ёдлаган киши эрта қиёматда ҳеч қаерда соя бўлмаганда Аллоҳнинг соясида пайғамбарлар ва авлиёлар билан бирга бўлади”. Ва яна бошқа ояти каримада шундай дейилади: “Болангиз ўнг билан чапни ажрата бошладики намозни ўргатаверинглар”.
Фарзанд бу биз инсонларга Аллоҳ таоло томонидан берилган энг олий неъматлардан биридир. Бу неъмат ҳар кимга ҳам насиб қилавермайди. Ер юзида фарзанд доғида юрганлар, унинг тирноғига зор инсонлар қанча. Ва аксинча фарзандига ва унинг тарбиясига эътибор бермайдиганлар ва фақат ўзининг ташвишлари билан банд бўлиб, юрадиган, фарзанддек улуғ неъматни бергани учун Аллоҳга шукроналар келтиришни хаёлига ҳам келтирмайдиган инсонлар қанча. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам. марҳамат қилдилар: “Кимга Аллоҳ таоло фарзанд берса, унга гўзал исм қўйиб, чиройли ахлоқ-одобни ўргатсин. Вақтики балоғатга етса, уйлантирсин ёки турмушга чиқарсин. Агар уйлантирмасдан ёки турмушга бермасдан юрса ва у ўғли ёки қизи шу сабаблик гуноҳ иш қилса, гуноҳи отасининг бўйнида бўлади”.
Мана шу ояти карималардан ҳам кўриниб турибдики фарзанд тарбияси энг масъулиятли вазифа эканлиги. Биз катталар уларга ёшлигиданоқ чиройли меҳр кўрсатсак, яхши ва ёмонни ажратишида ёрдам берсак, ота-онасининг, яқинларининг ҳурматини жойига қўядиган ва уларнинг қадри етадиган фарзанд қилиб тарбияласак, ватанининг хизматидан қочмайдиган аксинча унинг гуллаб яшнашида ўз ҳиссасини қўшадиган авлод қилиб тарбияласак, уларни ҳар хил ёмонлардан асрасак шундагина ўз олдимиздаги улкан вазифани бажарган бўламиз.
Олтинсой туман “Раҳмонберди ҳожи” жомеъ масжид имом хатиби З.Абсаломов