Севимли қайноналаримиз бизнинг маслаҳатларимизга қулоқ солганларида ва амал қилганларида ҳеч бир оилада ажралиш бўлмасди ва болалар етим қолмасдилар. Айрим қайноналар борки, бировнинг жондан азиз фарзандини уйига келин қилиб олиб келади-да, уларга ҳудди бир қул, хизматкор каби қарайдилар. Келинларнинг қилган ишларидан айб топиб оилада, келин ва куёв ўртасида жанжал чиқишига сабабчи бўладилар. Бунинг оқибатида эса, оила аталмиш муқаддас даргоҳга дарс кетади. Келинларимизни бировнинг қизи деб эмас, ўз боламиз каби кўрайлик. Келинимизни яхши кўришимизни айтишдан, уларга яхши гапиришдан уялмайлик, қўрқмайлик, улар бундан талтайиб кетмайдилар. Аксинча биз қайноналарни ўз оналаридек кўриб, меҳр берадилар.

Ўғлимиз, дўсту-биродарлар, қариндош-уруғлар орасида келинимизнинг фазилатларини эътироф этайлик, мақтаб қўяйлик эшитиб хурсанд бўладилар. Бизга ҳам меҳрлари ортади. Халқимизда бир мақол бор, “Яхши гапга илон инидан чиқади”. Келинларимизни ҳамма камчиликларини ўғилларимизга  айтмасдан уларнинг ўзига алоҳида чиройли ҳолатларда тушунтирайлик. Чунки келинларга ҳам осон эмас, негаки улар туғилиб ўсган уйини бир умрга ташлаб, сизнинг оила аъзонгиз бўлиш мақсадида келган.  Шунинг учун улар янги хонадонга кўниккунча қайноналар сабр тоқатли бўлишлари керак. Оилада катталар келинга ҳурмат кўрсатса, кичиклар ҳам ҳурмат қилишни ўрганади. Бўлар-бўлмас ишларга аралашиб орага совуқчилик туширмаслик керак. Ҳар қанча тажрибага эга бўлсак ҳам инсонмиз, хато қиламиз. Ўз қизимизнинг айбларини яширганимиз каби, келинимизнинг ҳам айбларини яширайлик. Ўзимиз ҳам маҳшар куни айбларимиз яширилишидан умид қилайлик. Келинимизда бўлмаган фазилатларга ҳафа бўлиш ўрнига борларига қувонайлик, шукр қилайлик. Билмаганини ўргатайлик. Шунда ўзимиз ҳам ҳаловатга эришамиз, ўзгаларга ҳам роҳат бахш этамиз.

Ғийбат ва туҳматлар билан ўғлимизга салбий таъсир кўрсатиб дунё ва охират саодатидан бебаҳра бўлмайлик. Қайноналар шундай яхши фазилатларга эга бўлганда, келинларимиз ҳам уларни ўз оналаридек кўриб, ҳурмат қилиб, эъзозлашлари керак. Айрим хонадонларда кўрамиз ёки эшитамизки, келин қайнонани одам ўрнида кўрмайди, менсимайди. Билмаганини ўргатмоқчи бўлса, буни нотўғри тушуниб, онани беҳурмат қилади. Ҳатто ҳамма нарсага аралашаверади деган айб қўйиб, она ва ўғил ўртасига совуқчилик туширади. Келин бу оила аъзоларининг хизматини қилиб, дуосини олиш ўрнига, ўғлига ёмонлаб, уйдан кетказишгача бориб етишади. Агар келин шундай пайт қайнонасини ўз онаси каби кўриб, ўгитларини тўғри қабул қилса, бу оиладан қут-барака аримайди ва тотув ва иноқ оила бўлишади. Аллоҳ таолодан қайноналаримизга ҳам, келинларимизга инсоф беришини сўраймиз, оилаларимиз тинч бўлсин, орамиздан меҳр-оқибат йўқолмасин.

 Олтинсой туман бош отинойиси Сирожова Саодат

 

 

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here