Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни яратиб, жаннатни у кишига маскан қилди. У зот жаннатда хоҳлаган нарсани еб, унинг сояларида сояланиб, унинг неъматларидан баҳраманд бўлиб, тенги йўқ роҳат-фароғатда юрган эдилар. Лекин шунча неъматлар ва роҳатларга, атрофларини ўраб олган гўзалликларга, дарахтларнинг, қушларнинг гўзаллигига, таом ва бошқа нарсаларнинг лаззатлилигига қарамай, у киши ёлғизликни ҳис қилдилар.Ёлғизликни ҳис қилган Одам алайҳиссаломга Аллоҳ таоло Ҳавво онамизни яратиб берди.Аллоҳ таоло Ҳавво онамизни Одамга унсу улфат бўлсин, унга яқин бўлсин, уларнинг ўртасида муҳаббат бўлсин, унда хотиржамлик, омонлик бўлсин деб яратди. Аллоҳ таоло Ҳавво онамизни Одам алайҳиссаломнинг қовурғаларидан яратди. Албатта, солиҳа аёл эркак учун роҳат ва гўзаллик тимсолидир. Ундай аёл доим эрини рози қилиш пайида бўлади. Солиҳа аёл эри билан яшар экан, унинг ҳаётини роҳат-фароғатга, меҳру муҳаббатга тўлдириш учун қўлидан келган барча ишни қилади. Солиҳа аёлга дунё матоларининг қизиғи бўлмайди. Унинг мақсади фақат Аллоҳнинг розилиги ва эрининг розилиги бўлади. Солиҳа аёл дунёга ҳар қанча рағбати бўлмасин, уларни эрини деб қурбон қилади. Дунё ўз эшикларини унга ҳар қанча очиб турса ҳам, у ўзига керагидан ортиғини олмайди. Чунки солиҳа аёл қаноатли бўлади. Либос, уй жиҳозлари ва ҳоказо нарсаларнинг илинжида эрининг таъбини хира қилмайди. Ўзига ўхшаган аёллар ўз эрларидан турли нарсаларни талаб қилаётганларини ҳар қанча кўрса ҳам улардек йўл тутмайди. Балки сабрли, қаноатли, борига рози бўлувчи бўлади. Солиҳ эри борлигини Аллоҳнинг катта неъмати деб билади. Агар ўзига ёки эрига бирор мусибат ё беморлик етса, мол ҳам обрў ҳам ҳеч қандай фойда бермаслигини билади. Бундай аёлнинг эри уйига шошилади, аёлини тезроқ кўргиси келади. Солиҳа аёлга уйланган эркак аёли билан гаплашганда кўнгли кўтарилади. Иффатли аёл одамларнинг кўзига виқорли бўлиб кўринади. Иффатли аёлнинг эри у билан фахрланади. Ислом дини солиҳа, гўзал хулқли аёлга уйланган эркакни зафарга, бахтга эришган деб эълон қилган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Диндорини танла, қўлинг тупроққа қорилгур!” деганлар. Солиҳа аёлга уйланган эркак дунё ва охират яхшилигига эришган бўлади. Чунки у эрига ибодатларни адо этишда, вазифаларни бажаришда эслатувчи, қизиқтирувчи бўлади. Иффатли аёл эри учун хазинадир. Бундай аёл эри учун фарзанд тарбияси борасида ҳам силаи раҳм борасида ҳам хазинадир. Иффатли аёл фарзандларини Аллоҳни рози қилишга уринадиган этиб тарбиялайди. Фарзандларига барча гўзал хулқларни ўргатади. Натижада фарзандлари энг гўзал хулқли инсонлар бўлиб вояга етишади. Солиҳа, иффатли аёлнинг фарзандлари ҳам ота-оналари учун хазина бўлишади.Саҳобия аёллар, салафи солиҳларнинг аёллари, ҳозирги кунда яшаётган солиҳа, иффатли аёллар ўз эрларига чин маънода хазина бўлишган ва бўлишмоқда. Буюк инсонларни, забардаст уламоларни, фузалоларни дунёга келтириб, тарбия бериб, илм ўргатиб, комил инсон қилиб жамиятга қўшганлар ҳам солиҳа, иффатли аёллардир. Зурриёдларини комил инсон бўлишини истаганлар аёлини солиҳа бўлишига эътибор қаратсинлар. Зеро, фарзанднинг солиҳ-солиҳа бўлишида аёлнинг ўрни жуда ҳам каттадир. |
ЎМИ Сурхондарё вилояти вакилининг хотин қизлар масалалри бўйича ёрдамчиси Хосият Қосимова.