Ўтмишда аждодларимиз ўзаро ҳамкорликда, тинч-тотувликда, бир-бирларига ёрдам ва шафқатни дариғ тутмаган ҳолда умр кечиришган. Муқаддас динимиз аҳкомларида инсонлар бир-бирларининг ғам-ташвишларидан бохабар, бир-бирларига биродар ва ҳамкор бўлиб яшашларига ташвиқ ва тарғиб бор. Аллоҳ таоло Ўзининг каломи бўлмиш Қуръони каримда, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг  ҳадиси шарифларида ўзгаларнинг ҳолидан хабардор бўлиш, бошқаларга раҳм-шафқат кўрсатиш, бошига муаммо ёки ташвиш тушган мусулмон қардошига ёрдам қўлини чўзиш каби ишларда лоқайд бўлмасликка чақирилади.

Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар:

“Ким дунёда бир мўминнинг дунё ғамларидан бирини енгиллаштирса, Аллоҳ таоло ҳам ундан қиёмат ғамларини енгиллаштиради. Ким қийинчиликда қолган биродарини осонликка чиқарса, Аллоҳ таоло уни дунё ва охиратда осонликка чиқаради. Агар банда биродарига ёрдам берса, Аллоҳ таоло ҳам бандасининг ёрдамида бўлади” (Муслим ва Бухорий).

Таасуфки, айрим  одамлар орасида “лоқайдлик” деган оғир бир дард, худди тузалмас бир хасталикдек илдиз отиб бораётганга ўхшайди. “Қўшнининг уйи ёниб кетса, менга нима, меники омон қолди-ку” деганлар ҳам учраб турибди.

Оиладаги, маиший ҳаётдаги лоқайдлик тоборо кучайиб, энди ижтимоий, диний, маънавий аҳамият касб этишгача бориб етиши мумкин. Кеча боласининг аҳлоқсизлигига индамаган ота бугун жамият аъзоларининг жиноятларига ҳам кўз юмиши мумкин. Оила аъзосининг эътиқоди ҳақида қайғурмаган оила бошлиғи бугун айрим юртдошларининг адашган оқимлар, миссионерлар тузоғига осонгина илинаётганига бепарво бўлиши мумкин. Юртимизга Ғарб ўлкаларида шиддат билан кириб келаётган “ўзга маданият” билан ёшларимиз аҳлоқига заҳарли ханжар бўлиб урилаётган фаҳш ва бузуқликларни тарғиб қилувчи китоб ва фильмларнинг фарзандларимиз тарбиясига салбий таъсир кўрсатаётгани билан ҳам кўпинча ишимиз йўқ. Гўёки, бу нарсалар бизга тааллуқли эмасдек, лоқайдликка бериламиз. Аслида эса шу каби оддий лоқайдлик катта жиноятларга, кулфатларга йўл очиб беришини унутиб қўямиз.

Азизлар, қаердаки бепарволик ва лоқайдлик ҳукм сурса, энг зарур масалалар ўзибўларчиликка ташлаб қўйилса оқибати яхши бўлмайди. Лоқайд  одамлардан ҳеч қачон яхшилик чиқмайди. Чунки уларда на иймон, на ирода бўлади. Улар ҳатто ўз халқи ва Ватани тақдирига ҳам бамисоли бегона одамдек муносабатда бўлади.

Шунинг учун фарзандларимиз тарбиясида, маҳаллаларимиз, юртимиз ободлиги ва кўркамлигида, бир-биримизга меҳр-оқибат кўрсатишда доимо ҳушёр ва жонкуяр бўлайлик. Айниқса, бугунги нотинч ва мураккаб замонда биз учун улуғ ва бебаҳо неъмат ҳамда бойлик бўлмиш тинчлик ва осойишталикни, жамиятимиздаги меҳр-оқибат, миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатликни кўз қорачиғидек асраб-авайлайлик.

Ахир миллатимизга хос мардлик, саховатпешалик, ҳамдардлик хислатлари бизнинг вужудимизга, қон-қонимизга сингиб кетган-ку. Зеро, виждон поклиги ва бедорлиги биз мусулмонларга буюк аждодларимиздан меросдир.

Улуғ валийлардан бири Сирри Сақатий пиёда ҳажга кетаётганида ҳамсафарлари: “Эй шайх, умрингизда ҳеч хато қилганмисиз?” деб сўраб қолишибди. Шайх бошини ерга эгган кўйи: “Эй қардошларим, бир хатойим борки, унинг оташи мана ўттиз йилдирки юрагимни ёндиради, ҳар эслаганимда қалбим ўртанади”, деб жавоб берибди. “У қандай мудҳиш хато эканки, сизни бунчалар қийноққа солган?” деб сўрашибди ҳамроҳлар. Фазилатли шайх бундай жавоб қилди: “Ўттиз йил олдин Бағдодни ёнғин олди. Дўконим жойлашган  мавзе ҳам ёнғин балосидан омонда қолгани йўқ. Ўша куни сафарда эдим. Хабарчилар барча қўшниларимизнинг дўкони ёниб битгани ҳолда менинг дўконим оловдан омон қолгани  хабарини беришди. Қувонганимдан “Алҳамдулиллаҳ” дея Парвардигорга ҳамд айтдим. Аммо шу заҳотиёқ бошқа мусулмонларни унутиб, ёлғиз ўзимни ўйлаганим учун кўп афсуслар қилдим. Дарҳол тавба қилиб, истиғфор айтдим. Каффорат бўлсин деб дўконимдаги ҳамма молларимни садақа қилдим”.

Лоқайдлик худбинлик ва танбалликни келтириб чиқаради. Ўзгалар ғам-ташвишига лоқайд одам фақат ўзини ўйлаган, ўз роҳат-фароғати, манфаатини ҳамманикидан устун қўювчи ўта худбин кимсалар бўлади. Худбинлик эса меҳр-шафқат, одамийлик, фидойиликнинг кушандасидир. Юкингизни кўтара олмай турганингизда индамай тескарига қараб кетган, машиналарини йўлнинг ўртасига тўхтатиб, ҳаракатга халақит берган ҳолда салом-алик қилишаётган, ғижиллашиб қолган икки кишини ажратиб, муросага келтириш ўрнига можарони томоша қилиб турган, машина уриб кетган йўловчига ёрдам кўрсатиш ўрнига ҳалокатга учраганни телефонига суратга туширишга уринаётган кимсалар жамиятдаги энг хавфли иллатга чалинган лоқайд кишилардир.

Лоқайдликнинг энг ёмон кўринишиларидан бири ўзгаларнинг миннатли эҳсонларига кўз тикиб яшаш, ўзингизга ёки инсониятга фойда келтирмайдиган ишлар билан шуғулланишдир. Булар ҳам ҳаётингизнинг маромини бузадиган, турмушингиздан файз ва лаззатни олиб қўядиган энг ёмон иллатлардандир.

Лоқайдлик биргина оиланигини эмас, бутун дунёни ташвишга солаётган муаммолардандир. Лоқайдлик ҳар қандай фаровон ва аҳил жамиятни ҳам ҳалокатга элтувчи, парокандаликка дучор этувчи хавфли иллатдир. Бундан халос бўлиш учун эса динимиз одамларга эзгулик улашиш, меҳр-шафқат кўрсатиш, ҳаммага бирдай яхшилик қилиш, дин ва халқ манфаатини ўз манфаатларидан устун қўйишга буюрган. Буни бирор лаҳза бўлса ҳам эсдан чиқаришга ҳаққимиз йўқ!

 

Денов тумани Имом Бухорий жомеъ масжиди имом ноиби К.Артиқов

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here