Бир пайтлар боболаримиз ҳаж ё умрага боришни орзу қилиб ўтиб кетдилар. Яқин йилларгача умрага бориш учун навбат кутишар эди. Йилда икки бор умрага бориш бўлар эди. Алҳамдулиллаҳ, бугунги кунга келиб ватандошларимиз бир кунда икки маҳал умра сафарига бориб, ибодатларини қилиб, оиласи, фарзандлари, ватанимиз, элу халқимиз ҳаққига дуо хайрлар қилишмоқдалар. У ерда хожиларимиз учун барча зарур шарт шароитлар яратилган. Замонавий меҳмонхоналар, ундаги шароитлар юксак даражада ташкил этилган бўлиб, ошхоналарда уч маҳал, уч хил турдаги иссиқ овқатлар мухайё қилинган. Бунинг ҳаммаси ватандошларимизнинг ватанимиз раҳбарларининг хизматларига шукронаси деб ўйлайман. Чунки Аллоҳ таоло айтади:
وَإِذْ تَأَذَّنَ رَبُّكُمْ لَئِنْ شَكَرْتُمْ لَأَزِيدَنَّكُمْ ۖ وَلَئِنْ كَفَرْتُمْ إِنَّ عَذَابِي لَشَدِيدٌ
Яъни «Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир», деб билдирганини эсланг…
Демак, биз шундай тинч диёрда яшаётганимизга Аллоҳга шукрлар қилиб юртимиз тинчлиги ва равнақига ўз ҳиссамизни қўшиб борсак, албатта, Аллоҳ таоло бу шароитларни зиёдаси билан беради. Агар биз бугунги кундаги шароитларга ношукрлик ва кўнгил тўймаслик қилаверсак, Аллоҳнинг аламли азоби келиб қолиши ҳеч гап эмас. Бундан фақат ўзимиз ва фарзандларимиз зарар кўради.
Қизириқ тумани Саид Мухаммад жоме масжиди имом хатиби Муҳаммадиев Нуруллоҳ