Мусулмон инсоннинг яхшиликга интилиб яшашлиги, Аллоҳ таолонинг мухаббатига сазовор бўлиш учундир. Зеро хар бир динимиз ахкомлари замиридаги мақсад ҳам мана шу бўлади аслида. Аллоҳ таоло қуръон карим оятларида жумладан: “Аллоҳ таоло яхшилик қилувчиларни яхши кўради”, “Аллоҳ таоло адолат қилувчиларни яхши кўради”, “Аллоҳ таоло тақводор бандаларини яхши кўради”, “Аллоҳ таоло сабр қилувчи бандаларини яхши кўради”, “Аллоҳ таоло пок юрувчи ва покланувчи бандаларини яхши кўради” , “Аллоҳ таоло ўзига тавакқул қилувчи бандаларини яхши кўради” ва хаказо деб мархамат қилади. Демак бу оятларда Аллоҳ таолонинг мухаббатига сазавор қиладиган ахлоқий фазилатлар рўйхати аввалида “эҳсон қилувчиларни яхши кўради” деб таъқид билан айтилмоқда. Эҳсон хам яхшилик қилиш бўлиб, динимиз урфий луғатида чўнтакдан пул чиқариб иккинчи бир одамга бериш, химмат қилишликдир. Шаръий истелоҳда эса Умар ибн Хаттоб (р.а) ривоят қилган хадисда “ Жаброил фаришта Расулуллоҳ (с.а.в) хузурида инсон суратида келиб, эҳсон бу худди Роббингизни кўриб тургандек унга ибодат қилишингиз, агар сиз Роббингизни кўрмасангиз ҳам у сизни кўриб турубди” деган таърифларидир. Эхсонни – бизлар самимийлик деган маънода тушунсак тўғри бўлади. Эхсон бу юқорида санаб ўтилган сифатлардан бири бўлиб, жойига қўйиб бажаришда самимий бўлишга айтилади. Абу Лайс Самарқандий (р.а) Расулуллоҳ (с.а.в)нинг “Роббингни кўриб тургандек ибодат қилишинг” хадиси шархида уни намозхон чўпонга ўхшатганлар. 1) Эхсон қилишлик аслида хар бир инсоннинг табий вазифаси саналади.Чунки Аллоҳ таоло инсонга молу-дунё ва бошқа неъматларни берди, шу берилган неъматлардан инсон хам бошқа инсонларга беришига эхсон дейилади. Қуръон –каримда “ Аллоҳ таоло сенга қилганидек сен ҳам эхсон қилгин” деб мархамат қилганлар. Бу оятда биз ишлатаётган эхсон сўзи хасана сўзида келган бўлиб яхшилик маъносини ифода қилади. Шу сабабли Расулуллоҳ (с.а.в) қизи Фотима (р.а)нинг ўғилларига Хасан ва Хусайн (р.а)ларга яъни катта яхшилик ва кичик яхшилик маъносини берувчи исмларни қўйганлар. 2) Эҳсон қилиш билан инсон ўзи учун манфаат олади. Аллоҳ таоло “Яхшилик қилган бўлсангиз ўзингиз учун, ёмонлик қилган бўлсангиз хам ўзингиз учундир” деб мархамат қилганлар. Чунки яхшилик қилган киши бошқаларда бўлмайдиган бир туйғуни ўзида хис қилади ва яхшилик қилувчига яхшилик кўрганлар томонидан дуо қилинади хамда уларга нисбатан хурмати ошишига сабаб бўлади. Яхшиликни Аллоҳ таоло ўзига қиладиган эҳсон билан баробар ўринга кўтариб қўйган. Аллоҳ таоло “ Юзини яхшилик қилувчи холда Аллоҳ таолога таслим қилган, Иброхим динига эргашган одам динидан хам яхши дин борму” деб мархамат қилганлар. Инсонлар ўзаро бир-бирларга кечиримли бўлишлиги ҳам яхшилик сифатида таъкидланмоқда. Чунки Аллоҳ таоло “Одамларни авф қилгин, уларнинг айбини ўтиб юборгин. Албатта Аллоҳ яхшилик қилувчи ларни яхши кўради” деганлар. Муқаддас ислом динимиз энг аввало кимларга яхшилик қилишимиз кераклигин ҳам баён қилиб берганлар. Аллоҳ таоло “Сендан нима эхсон қилишни сўрашса, нима эхсон (яхшилик) қилсангиз ҳам ота-оналарга, яқин кишиларга, етимларга, мискинларга ва мусофирларга бўлсин. Қандай яхшилик қилган бўлсангиз, албатта Аллоҳ уни билувчидир” (Бақара сураси 215 ояти) деганлар. Имом Муслим Жобир ибн Абдуллоҳ (р.а)дан ривоят қиладилар. Пайғамбаримиз (с.а.в) бир кишига: “Яхшилик қилишни ўзингдан бошла, сўнгра аҳлингга қил, сўнгра қариндошларга қил, кейин бошқаларга қилгин” деганлар. Абу Мусо Ашъарий ривоят қилади Расулуллоҳ (с.а.в) “Хар бир мусулмоннинг зиммасида садақа бор дедилар. Саҳобалар агар унда одамларга берадиган моли-дунёси бўлмасачи деб сўради. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в) одамларга қўли билан касб қилади ва манфаат етказади. Саҳобалар унга ҳам имкон тополмасачи дедилар.У зот одамларга яхшилик қилсин ва ёмон ишлардан ўзини тийсин, бу қилган ишлари унинг учун садақадир” дедилар. Бу хадисда одамлар учун ислом дини яхшилик қилиш учун кенг йўл очиб берганини кўриш мумкин. Демак хамма қилаётган яхши амалларимиз биз истиқомат қилиб келаётган шу жамиятимиз аъзоларига бўлиши керак экан. Чунки оилалардан жамиятимиз ташкил топган, шу туфайли оилалари тинч ва фаравон бўлса, жамиятимиз ҳам гуллаб яшнайди.
Жарқўрғон туман “Исломобод” жоме масжиди имом хатиби А.Халилов