Бу икки нарса, яъни ибодат ва дуо қазо ва қадар, банданинг амали ихтиёрий ёки мажбурий экани, савоб ва иқоб масалалари билан боғлиқ эканини алоҳида таъкидламоғимиз лозим.

Агар баъзи тушунмаганлар ўйлаганидек, қазо ва қадар Аллоҳ таолонинг илми эмас, балки мажбурлаши бўлганида,  У зот биз бандаларни ибодат ва дуо қилишга амр қилмаган бўлар эди. Мободо, Ўзи мажбур қилиб туриб, яна амр берадиган бўлса, мантиқсизлик бўларди. Бу эса,  Аллоҳ таолонинг шаънига мутлақо тўғри келмайди.

«Ибодат» сўзи «итоат» маъносини билдиради.

У, «убудият»-«қуллик» маъносидан кўра кучлироқдир. Чунки, ибодат маъбуд олдида ўзини хору зор тутишнинг юқори чўққисидир Бундай нарсага, яъни маъбудликка эса, фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигина сазовардир.

«Жавҳаратут тавҳид» номли китобнинг шарҳида ибодат қуйидагича таърифланган экан: «Ибодат»  Аллоҳ таоло ёқтирадиган-намоз, закот, рўза, ҳаж, ростгўйлик, омонатни адо қилиш, ота-онага яхшилик қилиш, силаи раҳм қилиш, аҳдга вафо қилиш, Аллоҳ таолонинг динига ихлос қилиш, У зотнинг неъматига шукр қилиш, қазосига рози бўлиш ва шуларга ўхшаш, зоҳир бўлсин, ботин бўлсин, ҳар бир эзгу гап ва амални жамловчи исмдир.

Аллоҳ таолонинг Қуръони Каримда бандаларни ибодатга чақирувчи баъзи оятларини ўрганайлик.

Аллоҳ таоло «Фотиҳа» сурасида:  «Фақат Сенгагина ибодат қиламиз ва фақат Сендангина ёрдам сўраймиз», деган (5-оят).  Бизда «ибодат» деганда, фақат намоз ўқиш, рўза тутиш, зикр, Қуръон қироати каби нарсалар тушуниладиган бўлиб қолган. Туғри, булар улкан ибодатлар, лекин аслида, Аллоҳга манзур бўлган ҳар бир иш ибодатдир. Демак, инсон ўз ҳаётида Аллоҳнинг айтганини қилиб юрса, ибодатда юрган бўлади. Аллоҳ ҳалол ризқ топ, деб буюрганми, демак, ҳалол ризқ топиш ҳаракатида юрганлар ибодатда бўладилар. Албатта, ҳалол ризқ топиш ибодат экан, деб бошқа нарсалар тарк қилинмайди. Масалан, намоз ва рўзани тарк қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йуқ.

Хулласи калом, «Ийяка наъбуду»  «фақат Сенинг айтганингни қиламиз» маъносини англатади. Бу эса, банда тарафидан Аллоҳга берилган улкан ваъдадир. Аллоҳ таоло барчамизни ушбу ваъданинг устидан чиқадиганлардан қилсин.

Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида:  «Эй, одамлар, сизларни ва сиздан олдингиларни яратган Роббингизга ибодат қилинг. Шоядки, тақводор бўлсангиз», деган (21-оят).  Ушбу оятда умумбашарга қарата нидо этилмоқдаки, сизларни яратган тарбиячингиз улуғ Аллоҳга ибодат қилинглар! Сизларни яратишда У ягона бўлган, энди ёлғиз Ўзига ибодат қилишингизга ҳақлидир. Ибодатдан мақсад-шоядки, тақводор бўлсаларингиз.

Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида: «Ва Аллоҳга ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани ширк келтирманглар», деган (36-оят).

 Олтинсой туман «Хидиршо ота» жоме масжиди имом-хатиби                                                 Абдусалом Султонов

 

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here