Яратганга шукрлар бўлсинки, Юртимиз истиқлолга эришгандан сўнг миллий қадриятларимиз, урф-одатларимиз ва диний эркинликларимиз қайта қарор топди. Мусулмонлар ўз ибодатларини диёримизда кенг тарқалган Ҳанафий мазҳаби асосида бемалол адо қилиб келмоқдалар. Бироқ, шундай дорул-омон кунларни кўралмаётган баъзи кимсалар борки, мусулмонларнинг бирлиги ва хамжиҳатлигига раҳна солишликка ҳаракат қилмоқдалар. Улар ўзларининг ғаразли мақсадларига эришиш учун турли услублардан фойдаланмоқдалар. Жумладан, динлараро, миллатлараро, мазҳаблараро ўзаро тафовутларни юзага олиб чиқиб,турли ихтилофларни келтириб чиқармоқдалар.
Бинобарин, бизларнинг соф динимиз Исломда бундай ихтилофларни келтиришлик қаттиқ қораланади. Инсонлар бир-бирларига нисбатан ўзаро бағрикенг ва ҳамжиҳат бўлиб яшашликка чақирилади.
Исломга ёт бўлган бундай фитналар, бўлинишлар, фирқаланишлар юзага келишлиги ҳақида динимизда қаттиқ огоҳлантирилган.
Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Яхудийлар 71 фирқага, насронийлар 72 фирқага бўлиниб кетган. Менинг умматим 73 фирқага бўлиниб кетади .Улардан 72 таси адашганлар бўлиб фақат биттасигина нажот топгайлар ва омон қолгайлар».
Ушбу ҳадисда таъкидланган тоифа “Аҳли сунна валжамоа”, қисқартирилиб суннийлар дейилади. “Аҳли сунна” дегани Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашувчилардир ва “вал Жамоа” сўзи эса мусулмонларнинг кўпчилиги ортидан юрувчиларни англатади. Шундай экан “Аҳли сунна вал Жамоа” суннатга ва жамоатга эргашувчилардир, дегани.
Дарҳақиқат,айни вақтда мусулмонларнинг кўпчилиги, яъни 92.5 фоизи “Ахли сунна вал Жамоа” га мансубдир.
“Ахли сунна вал Жамоа” тоифаси эътиқодий жиҳатдан икки йўналишга, Мотуридия ва Ашъарийя, фиқхда эса тўртта:
1. Ҳанафий 47.5 %
2. Шофеъий 21 %
3. Моликий 17 %
4. Ҳанбалий 7.5 %
мазҳабларига мансуб бўлган мусулмонлардан ташкил топган жамоа суннийлик йўналишини ташкил қилади.
Ҳозирги пайтда, Ҳанафий мазҳаби эргашувчилари сони жиҳатидан кўпчиликни ташкил этади. Унга сабаб Ҳанафий мазҳаби ўзининг мўътадиллиги, Исломнинг асл мазмун моҳиятини ифодалаш билан биргаликда неча асрлардан бери мусулмонларни ўзига жалб қилиб келмоқда. Ҳанафий мазхабининг асосчиси бўлган Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳининг асл исми Нўъмон ибн Собит, яъни имом Аъзам Ироқнинг Кўфа шаҳрида 80ҳ/699м. йилларда таваллуд топган. Имом Аъзамнинг оталари Собит ибн Зутий Термиз , Қабул, Наса ва Анбор шаҳарларида яшаб охири Кўфада қарор топган. Абу Ханифа роҳматуллоҳи алайҳи айнан шу шаҳарда дунёга келган. Ривоятларга кўра имом Аъзамнинг отаси Собитни болалик чоғида бобоси ҳазрат Али розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига олиб келиб, унинг хаққига дуо қилишларини сўрайди. Шунда Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу «Аллоҳ таоло бу боланинг ўзига ва зурриёдига барокат берсин» деб дуо қиладилар. Ушбу дуо шарофатидан Собитнинг зурриёдидан Имом Аъзам машҳурлик касб этди ва бу зотнинг мазҳаблари оламга ёйилиб, шогирд ва эргашувчилари сон-саноқсиз бўлди.
Фикримиз бошида айтилганидек, умматлар 73 тага бўлиниб кетишини келтириб ўтган бўлсак, ҳозирги кунга келиб бундай фирқа ва гуруҳлар сони 500 тадан ошиб кетганлиги гапимиз тасдиғидир. Албатта, ушбу гуруҳларнинг қилаётган ишлари на Исломга, на шариат, на шароит, на мазҳабга тўғри келмаслиги ҳаммамизга очиқ аён бўлиб қолди. Ҳозирги замонда бўлаётган мазкур оқимларнинг қилаётган ишлари ўзларини мусулмон қилиб кўрсатаётган бўлса-да, лекин, ҳеч бир мусулмончиликка, Ислом динига тўғри келмайдиган ишларни қилиб юришибди. Ислом ниқобидаги бундай гуруҳлар, аслида, қалблари фақат разолат, жаҳолат, ёлғон иддоалар, хокимиятни эгаллаш, тинч-тотув давлатларда тинчликни, хотиржамликни бузиб, ўша ерда уруш ўчоғини авж олдириб, миллатлараро, динлараро, мазҳаблараро уруш жанжал, хунрезликлар келтириб чиқариш асосий мақсадларидир.
Шундай экан огоҳ бўлайлик…

Қизириқ тумани «Эшмамат ўғли Қувондиқ» жоме масжиди имом хатиби
Ў. Эгамбердиев

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here