#Раддия
Хозирги вақтда хижрат мумкинми?
Расулуллоҳ (с.а.в.) Мадинада яшаётганларида ҳижрат масаласи ўз-ўзидан яхшилик орттириш, ўқиб-ўрганиш, касб-ҳунар ўрганиш мақсадидагина бир жойдан вақтинчалик бошқа ўлкаларга бориб туриш маъносида жорий бўлган эди. Бунга Имом ат-Таҳовий (р.ҳ.) “Шарҳи Мушкил ал-асор” асарида келтирган Наввос ибн Самъон (р.а.)нинг ҳадиси шарифи яққол далил бўла олади. У айтади: “Мадинада Расулуллоҳ (с.а.в.) билан бирга бир йилча яшадим. Мени ҳижратдан фақатгина бирор масъала сўраш тўсиб турарди. Чунки, ҳижрат қиладиганлар фақатгина Расулуллоҳ (с.а.в.)дан бирор фойда олиш, ул зотдан бирор нарса ўрганиш учунгина ҳижрат қилар эдилар. Шунинг учун мен ҳам ундан ёмонлик ва яхшилик ҳақида алоҳида сўраб олдим.
Расулуллоҳ (с.а.в.): “Яхшилик ҳусни хулқдир. Ёмонлик эса нафсинг бирор ишни қилса-ю, уни одамлар билиб қолишини ёмон кўрадиган ишдир” дедилар. Демак, илм ўрганиш мақсадида вақтинчалик ўзга юртга бориб туриш мумкин. Шунинг учун ҳам Имом Таҳовий (р.ҳ.) ҳижрат қилганларнинг бари илм ўрганиб, динда фақиҳ бўлганлар, деб ёзади. Агар ўз юртида ҳам бу нарса мумкин бўлса, ҳижратнинг ҳожати йўқ. Саҳобалардан Ҳузайфа ибн Ямон (р.а.) айтишича, унга Расулуллоҳ (с.а.в.) ватанда туриб одамларга ёрдам бериш билан ҳижратдан бирини танлаш ихтиёрини берган. Шунда Ҳузайфа (р.а.) ватанда туриб ёрдам беришни танлаганини айтган.
Фиқҳий манбаларда ота-онаси бор одам улар ихтиёрисиз ҳатто илм ниятида ҳам бошқа ўлкаларга ҳижрат қилиши жоиз эмаслиги қайд қилинган. Бунга Имом Бухорийнинг “Адаб ал-муфрад” асаридаги мана бу ҳикматли ҳадиси шарифи яққол далолат қилади. Уни Абдуллоҳ ибн Умар (р.а.) ривоят қилган: бир киши Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳузурларига келиб, ҳижрат қилишга байъат қилиб келганини, ота-онаси эса йиғлаб қолганини айтибди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.) унга: “Ота-онангнинг ёнига қайтиб бор! Худди йиғлатганинг каби уларни кулдиргин!” деб буюрибдилар.
✍️✍️Қумқўрғон тумани бош имом хатиби Х.Зайниев
https://t.me/surxonmuslimuz