#Мақола
ОТА-ОНАСИГА ОҚ БЎЛГАН ФАРЗАНДНИНГ 10 ТА ЖАЗОСИ
Мусулмон умматининг барча уламолари ота-онага оқ бўлиш ҳаром ва гуноҳи кабира эканига иттифоқ қилишган. Ота-онасига оқ бўлган, яъни ота-онасига итоатсизлиги, ёмон хулқи ва қўпол муомаласи билан озор берувчи, улардан яхшилигини аяган фарзанд Аллоҳ таоло томонидан дунёю охиратда турли уқубатлар билан жазоланади. БИРИНЧИСИ, бундай фарзанднинг ризқи тор қилиб қўйилади, мабодо кенг бўлса ҳам, бу истидрож бобидан бўлади. Яъни, агар ундай фарзанднинг ризқи торайиш ўрнига кенгаяётган бўлса, бу унинг фойдасига эмас, зарарига бўлаётган ва унинг янада туғёнга кетиб, гуноҳлар жарлигига чуқурроқ қулаши учун амалга оширилаётган бир тузоқ бўлади. ИККИНЧИСИ, ота-онасига ёмонлик қилувчи кишининг умри ота-онасига яхшилик қилиб, қариндошлари билан борди-келди қилувчи кишининг умридек узайтириб қўйилмайди. УЧУНЧИСИ, пайшанбадан жумага ўтар кечада унинг солиҳ амаллари Аллоҳ ҳузурига кўтарилмайди. ТЎРТИНЧИСИ, ундай кимсани Аллоҳ таоло ёмон кўради. БЕШИНЧИСИ, уни ўз аҳли оиласи ва қўни-қўшнилари ҳам яхши кўрмайдилар. ОЛТИНЧИСИ, ундай фарзанднинг ёмон хотима топиш эҳтимоли бор. ЕТТИНЧИСИ, ота-онасига оқ бўлган фарзандни Аллоҳ, фаришталар ва мўминлар лаънатлайдилар. САККИЗИНЧИСИ, дуоси ижобат бўлмайди. ТЎҚИЗИНЧИСИ, у ота-онасига қандай ёмон муомалада бўлса, худди шундай муомалани ўз фарзандлари ва набираларидан кўради. Зеро, жазо қилмишнинг жинсидан бўлур. ЎНИНЧИСИ, ота-онасига оқ бўлган фарзанд тавҳид аҳлидан бўлса, жаннатга биринчилар қаторида киролмайди. Набий (алайҳиссалом) дедилар: “Уч тоифа инсон борки, Аллоҳ азза ва жалла Қиёмат куни уларга боқмайди. Улар: ота-онасига оқ фарзанд, ўзини эркакча тутадиган аёл ҳамда даюс киши. Яна уч тоифа инсон жаннатга кирмайди: миннатчи, ота-онасига оқ фарзанд ва хамрга муккасидан кетган киши” (Насоий ривояти). Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинишича, бир куни Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Хор бўлсин!.. Яна хор бўлсин!.. Яна хор бўлсин!..”, дедилар. Саҳобийлар: “Ким (хор бўлсин), ё Расулуллоҳ?” дейишди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Ота-онасининг ҳар иккиси ёки бирига (уларнинг қарилик чоғида) етишган-у, лекин (уларни рози қилиб) жаннатга кирмаган киши!” (Имом Муслим ривояти).
✍️✍️Бандихон тумани бош имом хатиби. Н. Махаммадиев
https://t.me/surxonmuslimuz