Муқоллиднинг иймони ҳақида.
Аввало «муқаллид» ким? деса,
Жавоб; тақлид қилувчи, яъни иймон келтиришда етарли илми йўқ, далил ҳужжат келтира олмайдиган киши. У бошқаларга тақлид қилиб иймон келтирган. Худди шундай иймон келтирган авом кишиларнинг иймони ҳақида ҳизбийлар ихтилоф қилишади.
Бу масала кўп йиллар олдин ҳам кўтарилган. Фақат унда Ҳизбут таҳрир оқимининг “бобоси” бўлган Мўътазилий оқимида дуч келинган. Улар ҳам тақлидий иймонни инкор этган ва куфрга чиқарган.
“Муқаллиднинг иймони, яъни бировнинг сўзини ҳужжатсиз қабул қилиш маъносида келади. Иймон қалб билан тасдиқ қилишдан иборат. Демак, шунга яраша далилни ҳам келтирмоғимиз лозим бўлади. Агар биров мен иймон келтирдим, деб айтса, лекин қалби билан тасдиқ қилмаса, ҳақиқий иймон келтирмаган бўлади. Шунинг учун, Аллоҳ таоло мунофиқларнинг иймонини инкор этиб шундай деди:
«Аъробийлар иймон келтирдик, дедилар. Сен, иймон келтирганингиз йўқ, лекин бўйинсундик денглар… деб айтгин» (Ҳужурот 14.)
Имом Абу Ҳанифа, Имом Молик, Имом Шофеъий, Имом Аҳмад ва Имом Авзоийларнинг барчалари раҳматуллоҳи алайҳум муқаллиднинг иймони саҳиҳ, лекин далил қидирмаганлиги учун гуноҳкор бўлади, деб айтишган. Мўътазилийлар эса муқаллиднинг иймони тўғри эмас, сабаби унда маърифат, яъни англаш йўқ, иймон эса англашдир, у мўъмин ҳам эмас, кофир ҳам эмас, деб айтадилар. Мўътазилийларнинг бошлиғи бўлмиш Абу Ҳошим муқаллиднинг иймони куфрдир, деб фатво ҳам берган экан (Аллоҳ бировни ноҳақ кофир дейишдан ўзи сақласин). Абу Ҳошим айтишича ким шубҳаларни даф қилиши мумкин бўлган ақлий далиллар масалаларини билмаса мўъмин бўлмайди.
Энг тўғри сўз илм ва фиқҳ аҳлининг сўзидир. Яъни, иймон мутлақ тасдиқ қилишдир. Мисол учун: биров бир хабарни етказса, бошқа биров уни тасдиқ қилса, унга ишонибди, иймон келтирибди, деб айтиш дуруст бўлади. Худди шунингдек муқаллид ҳам. Муқаллид шу иймони билан Аллоҳ мўъминларга ваъда берган мукофотларга эришади. Шунингдек, Жаброил а.с. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан иймон ҳақида сўраганларида у кишининг қуйидаги жавоблари муқаллиднинг иймони дуруст эканлигига далолат қилади;
«Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, элчиларига, охират кунига, тақдирнинг яхшилиги ва ёмонлиги Аллоҳдан эканлигига иймон келтиришинг»
(Муттафақун алайҳи)
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам фақат тасдиқ қилиш орқали жавоб бердилар. Бу эса муқаллидда ҳосил бўлган ҳолатдир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрилган ишларда ва айниқса, эътиқодий масалаларда бирон марта ақлий далилларга суяниб ўргатишга киришмаганлар, яъни қандай бўлса ўшандай қабул қилишга ўргатганлар.
Олимларимизнинг очиқ ва аниқ баёнларидан билинадики иймон келтиришда киши ҳизбут таҳрирга эргашса иймони ноқис ва ъақидада адашган бўлади. Валлоҳу аълам биссавоб.
✍️✍️Бойсун туман «Саид Баҳромхон» жоме масжиди имом-хатиби Ў. Алимов