ВАҲҲОБИЙЛАР МАВЛИД МАСАЛАСИДА
ИБН ТАЙМИЯГА (Раддия)
Ваҳҳобийларнинг уммати исломияга қарши пайдо қилган қабиҳ бадъатларидан бири бу—мавлиди шарифни нишонламоқни ҳаром, деб даъво қилишларидир. Улар ўзларининг мавлиди шарифга нисбатан муносабатларини изҳори учун бир қанча рисолалар ҳам битишган. Носир Албонийнинг “Бидъат-улмавлид”, Солиҳ ибн Фавзон ал-Фавзоннинг “Ҳукм-ул иҳтифал бизикр-ил мавлидин-набавий”, Муҳаммад ибн Иброҳим Оли Шайхнинг “Ҳукм-ул иҳтифал билмавлид вар-родду ъала ман ажазаҳу”, Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Бознинг “Ҳукм-ул иҳтифал билмавлидин-набавий” номли рисолаларини мисол тариқасида келтириш мумкин. Ваҳҳобийлик оқими аъзоларидан бири Абу Бакр ал-Жазоирийнинг айтишича эса, ҳатто мавлиди шариф маросимида сўйилган жонлиқнинг гўшти чўчқа гўштидан ҳам баттарроқ ҳаром эмиш.
Мавлид маросими бир неча юз йиллардан буён Ислом оламида кенг нишонланиб келинувчи амаллардандир. Муаррих Ибн Ҳиллигон «Вафоят-ул-аъён» асарида зикр қилишича, мавлид маросимини биз кўриб, эшитиб одатланган ҳолидай нишонлашни расман давлат миқёсида ташкиллаштирган дастлабки ҳукмдор Арбил (ҳозирги Ироқ) волийси — малик Музаффариддин Кўкбўр бўлган (1190-1233). Бугунги салафий-ваҳҳобийлар раҳнамоси Ибн Таймиянинг талабаларидан бўлмиш аллома ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ Малик Музаффарнинг бу хайрли тадбирларини мақтаб, таҳсинга сазовор эканига алоҳида урғу бериб, ўзининг “ал-Бидая ван-ниҳая” номли тарих асарида келажак авлод учун ёднома сифатида ёзиб қолдирган.
Мавлид Ислом оламида феълий ижмоъ йўли билан собит бўлган гўзал амаллардан биридир. Асрлар оша Ислом подшоҳлари, машойихлар, ҳадисшунослар, фақиҳлар, зоҳидлар ва қанча-қанча орифлар мавлид маросимини нишонлаб келишлари тарихдан маълуму-машҳурдир. Ҳофиз ибн Ҳажар ва бошқа уламоларнинг таъкидлашича ҳаттоки мавлид байрамининг суннати набавиядан истинбот қилинган асли ҳам бор. Шуни яхши эслаб қолиш керакки, ваҳҳобийлар доҳийси Ибн Таймия ҳам мавлид маросимини бугунги издошлари каби инкор қилган эмас. Балки, айрим фатволарида “агар яхши ният билан қилинса унга ажр-савоб берилади”—деган.
Ваҳҳобийлар ва уларга хайрихоҳлар шуни билиб қўйсинларки, уларнинг улуғ устозлари ибн Таймия ўзининг машҳур “Иқтизоус-сирот” асарида айтади:
و كذلك ما يحدثه بعض الناس إما مضاهاة للنصاري في ميلاد عيسي عليه السلام، و إما محبة للنبي صلي الله عليه و سلم و تعظيما له، و الله قد يثيبهم علي هذه المحبة و الإجتهاد لا علي البدع
“..шунингдек, бугунги кунда баъзи инсонлар насороларнинг Исо алайҳис-салом туғилган кунини нишонлашларига қиёсан, ёки Пайғамабар алайҳис-саломга камоли муҳаббатлари ва ул зотни улуғламоқ ниятида қилаётган янги тадбирларига келсак, Аллоҳ уларнинг бу бидъатлари учун эмас балки, муҳаббатлари ва ижтиҳодлари учун савоб беради”.
Мана шу иборада ваҳҳобийлар шайхи ибн Таймия мавлид байрамининг савоби бор эканини тан олган ва исбот қилган. Бугунги ваҳҳобийлар эса мавлид маросимларини гуноҳи азим ва ҳатто ширк дейишгача бориб етишди. Ибн Таймия юқоридаги иборасидан кейин яна шундай дейди:
فتعظيم المولد و إتخاذه موسما قد يفعله بعض الناس، و يكون له فيه اجر عظيم لحسن قصده، و تعظيمه لرسول الله صلي الله عليه و اله و سلم، كما قدمته لك
“Бас, мавлиди шарифни улуғламоқ ва уни байрам сифатида нишонламоқки, уни баъзи иснонлар қилиб келади, бунга яхши ниятлари, ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни улуғлаганлари учун ажри азим берилади. Чунончи буни сизга олдинроқ тақдим қилиб ўтгандим.” (Аҳмад Ибн Таймия. Иқтизоус-сирот. 297/б).
Шундай экан, бу ваҳҳобийлар мавлид масаласида ким тарафда туришибди?! На аҳли сунна билан бирга ва на шайхлари бўлмиш Ибн Таймия билан бирга?!
Аллоҳ барчамизни ваҳҳобийларга қўшилиб қолишдан, шунингдек, уларга қўшилиб Ислом уламолари саҳоба ва тобеъинлар йўлидан ажраб қолишдан ва қиёмат куни бутун башарият ичида яккаланиб шарманда бўлишдан ўзи асрасин!
Бойсун тумани бош имом хатиби З. Чориев