Дин, шу жумладан ислом дини хам минг йиллар давомида барқарор мавжуд бўлиб келганлигининг ўзиёқ у инсон табиатида чуқур илдиз отганлигидан, унинг ўзига ҳос бўлган бир қанча вазифаларни адо этишидан далолат беради. Энг аввало, жамият, гуруҳ олдида шахс маънавий ҳаётининг муайян соҳаси бўлган дин умуминсоний аҳлоқ меъёрларини ўзига сингдириб олган, уларни жонлантирган, ҳамма учун мажбурий хулқ-атвор қоидаларига айлантирган. Маданиятга катта таъсир кўрсатган. Инсоннинг одамлар билан бахҳамжиҳат яшашига кўмаклашган ва кўмаклашмоқда.
Бинобарин, дин одамларда ишонч ҳиссини мустаҳкамлаган. Уларни поклаб, юксалтирган. Ҳаёт синовлари, муаммо ва қийинчиликларни енгиб ўтишларида куч бағишлаган. Умуминсоний ва маънавий қадриятларни сақлаб қолиш ҳамда авлоддан-авлодга етказишга ёрдам бериб келган. Баъзи вақтларда эса бунинг бирдан-бир чораси бўлган. Бундай хулосалар чиқаришга, ота-боболаримизнинг дини бўлмиш ислом дини мисолида айтиш учун ҳамма асосларга эгамиз. Шунинг учун ҳам дин инсоннинг ишончли ҳамроҳи, одамзот ҳаётининг бир қисми бўлиб келмоқда.
Афсуски, инсоният тарихида диний онгнинг ажралмас қисми бўлган одамлардаги эътиқоддан фақат бунёдкор куч сифатида эмас, балки вайрон қилувчи куч, ҳатто фанатизм (ўта кетган мутаассиблик) сифатида фойдаланилганлигини кўрсатувчи мисоллар кўп. Фанатизмнинг ўзига ҳос хусусияти ва кўринишлари аввалам бор ўз динининг ҳақиқийлигига ўта қаттиқ ишониш, бошқа диний эътиқодларга муросасиз муносабатда бўлишдан иборатдир.
Биз дин бундан буён ҳам аҳолини энг олий руҳий, ахлоқий ва маънавий қадриятлардан, тарихий ва маданий меросдан баҳраманд қилиши тарафдоримиз. Лекин биз ҳеч қачон диний даъватлар ҳокимият учун курашга, сиёсат, иқтисодиёт ва қонуншуносликка аралашиш учун байроқ бўлишига йўл қўймаймиз. Чунки бу ҳолни давлатимизнинг хавфсизлиги, барқарорлиги учун жиддий хавф-хатар деб ҳисоблаймиз.
Ўзбекистонга нисбатан ислом фундаментализми — ақидапарастликнинг таҳдиди нималарда намоён бўлмоқда?
Биринчидан. Ақидапарастликни ёйиш орқали диндор мусулмонларнинг ислоҳотчи давлатга ишончини йўққа чиқаришда кўринмоқда. Яхшилик йўлидаги ўзгаришларнинг устувор шартлари бўлган барқарорликни, миллий, фуқаролараро ва миллатлараро тотувликни бузиш йўлидаги уринишларда намоён бўлмоқда. Ақидапарастларнинг мақсади демократияни, дунёвий давлатни, кўп миллатли ва кўп динли жамиятни обрўсизлантиришдан иборатдир.
Иккинчидан. Фундаменталистларнинг адолат ҳақидаги оломонбоп, жозибадор, аммо бақироқ ва асоссиз даъватларига кўр-кўрона эргашувчилар ўзгалар иродасининг қули бўлиб қолишини англашимиз лозим. Бу даъватлар охир-оқибатда бундай одамларнинг ақлигагина эмас, балки тақдирига ҳам ҳукмрон бўлиб олишини яққол англашимиз, айниқса, ёшларимиз буни аниқ тасаввур қилиши лозим. Бундай нуфузли одамларга бўйсунмай қўйиш шахсий фожиага айланиб кетиши ҳам мумкин. Қулларча мутелик, шахснинг эрксизлик асоратига тушиб қолиши, фикрлаш, саъй-ҳаракат ва ташаббус кўрсатиш эркинлигининг мутлақ чекланиши бунинг энг оғир оқибатларидир. Бизнинг тараққиёт сари интилишимизни эса фикрлаш, ҳаракат килиш ва ташаббус кўрсатишсиз тасаввур қилиб бўлмайди.
Учинчидан. Мамлакат минтақалари аҳолиси ва ижтимоий қатламлар ўртасида “ҳақиқий” ва “соҳта” диндорлик белгилари бўйича қарама- қаршилик келтириб чиқаришда кўринмоқда. Бундай ҳол Жазоирда, Афғонистонда миллатларнинг парчаланиб кетишига олиб келди.
Тўртинчидан. Ўзбекистоннинг жанубий чегараларидаги қўшни мамлакатларда фуқаролар уруши тўхтамай, давом этиб келаётганлигида намоён бўлмоқда. Бу ҳолат ўзларини чин мусулмон, дин учун курашувчилар деб ҳисоблайдиган, мудҳиш тасаввурларини халкимизга зўрлаб қабул қилдиришни истайдиган террорчилар, жангариларнинг янгидан-янги авлодларини вужудга келтирмоқда.
Бешинчидан. Мусулмон ва номусулмон мамлакатлар, уларнинг жамоатчилиги орасида ҳам Ўзбекистон ҳақида кўнглини совутадиган фикр туғдиришга уринишларда намоён булмоқда. Уларга бизни гоҳ динсиз дахрийлар қилиб, гоҳ эса давлатни исломлаштиришнинг яширинча тарафдорлари қилиб кўрсатишни истайдилар.
Олтинчидан. Ислом цивилизацияси билан исломий бўлмаган цивилизация ўртасида ялпи қарама-қаршиликни шакллантиришда намоён бўлмоқда. Бу эса жаҳон хамжамиятига қўшилиш жараёнларига ғоят салбий таъсир кўрсатмоқда. Янги мустақил давлатларнинг қолоқлигини турғун бир ҳолатга айлантирмоқда. Ундан ҳам дахшатлиси шуки, одамларни диний заминда “цивилизациялар тўқнашуви»ни кутишга мажбур қилмоқда.
Еттинчидан. Омманинг онгида Дин барча иқтисодий, сиёсий ва халқаро муаммолар ҳамда зиддиятларни ҳал қилишнинг универсал воситаси деган фикрни қарор топтиришда кўринмоқда
Диний фундаментализмнинг ҳар қандай кўринишларига қарши чиқаётган, жахондаги таъсир доираси кенг ва обрў-эътиборли кучлар турли маданиятлар ҳамда цивилизациялар ёнма-ён яшашининг нормал, тинч ва ўзаро фойдали шарт-шароитлари учун курашда Ўзбекистоннинг ўрни ва аҳамиятини англаб етмоқдалар. Мамлакатимизнинг ўзига ҳос ислоҳотлар йўлини тушунмоқдалар ва қўллаб-қувватламоқдалар.
Буни бизнинг фуқароларимиз, ёшларимиз эсда тутишлари ва қадрлашлари лозим. Мамлакатимиз ичида ҳам, жахон хамжамияти олдида ҳам ўз масъулиятларини тушунишлари ва унутмасликлари зарур.
Бобур Усмонов