Исрофгар аёлларга инсоф берсин!
Муқаддас Ислом гўзал дин бўлиб, барча ишларда ўртача йўлни тутишга буюради, исрофдан қайтаради. Чунки ҳар қандай ишда ҳаддан ошиш исроф саналади.
Аллоҳ таоло инсонларга беҳисоб неъматларни ато этиш баробарида, улардан тежамкорлик билан, исроф қилмай фойдаланишни буюрган. “Исроф” арабча сўз бўлиб, “ҳар бир ишда ҳаддан ошиш” деган маънони англатади. Исроф динимизда қаттиқ қораланади.
Қуръони каримда исрофнинг нақадар ёмон экани ҳақида ўнлаб ояти карималар бор: «Енглар, ичинглар ва исроф қилманглар. Чунки У исроф қилувчиларни севмас» (Аъроф сураси, 31-оят).
Аллоҳ таоло бизларга берган беҳисоб неъматларни дунё ва охират учун фойдали йўлда ишлатиш талаб этилади. Уларни исроф қилиш, беҳуда нарсаларга сарфлаш қаттиқ қораланади. Аллоҳ ҳар бир ишда меъёрга риоя қилишга ва ҳаддан ошмасликка буюради.
Муқаддас Қурьони каримда исрофнинг зарари, исрофгарнинг мазаммати ҳақида бундай марҳамат қилинади: «(Бахиллик қилиб) қўлингизни бўйнингизга боғлаб ҳам олманг. (Исрофгарчилик қилиш билан) уни бутунлай ёйиб ҳам юборманг! Акс ҳолда, маломат ва маҳрумликда ўтириб қолурсиз» (Исро сураси, 29-оят).
Абдуллоҳ ибн Аббосдан розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сени икки хислат – фахрланиш ва исрофгарчилик хатога бошламаса, хоҳлаганингни еб, хоҳлаганингни ичавер”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Енглар, ичинглар, садақа қилинглар, аммо исрофгарчилик ва фахрга ўтманглар”; “Ким ҳаётда тежамкор бўлса, зинҳор қашшоқлик кўрмайди”; “Исрофгар жаннатга кирмайди”, деганлар.
Исрофнинг катта-кичиги бўлмайди. Хамма нарсанинг уволи бор. Халқимизда “Нимани хор қилсанг, шунга зор бўласан”, дейилади.
Инсоннинг ризқи, омади Аллоҳ таолонинг иродасига боғлик. У Зот бунга турли сабаблар қатори жуфтини ҳам сабаб қилиб қўйиши мумкин. Албатта аёл солиҳа бўлса, тақводор, ибодатли бўлса, эрининг ҳаққига дуо қилиб, уни рози қилса, рўзғорда тежамкор бўлса, хайри эҳсонли бўлса, эрининг руҳиятини кўтарадиган ишлар қилса, оилада меҳр-муҳаббат, тинчлик-тотувлик бўлса, барака бўлади, Аллоҳ ризқларини улуғ қилади, эрнинг иши юришади. Аллоҳ кўрсатмасин, аёл буларнинг акси бўлса, Аллоҳдан қўрқмаса, эрни риоя қилмаса, исрофгар, дунёга ўч, жанжалкаш бўлса, уйнинг файзи баракоти ўчади, ризқ тораяди, эрнинг боши эгилади, руҳияти чўкади, натижада омади ортга кетади.
Бир вақтлар қишлоқда яшайдиган эр-хотин бўлган экан. Эр жуда хушфеъл, вазмин, сабр-қаноатли зот экан. Аммо хотини яхши тарбия олмаган, исломни ҳеч ўрганмаган ва эр қадрини билмаган, уй-рўзғор ишидан бехабар, исрофгар, дил озор аёл экан.
Кўп вақтлар ўтгач у одам хотинидан хафа бўла бошлабди. Чунки у насиҳат этса, қулоқ солмас эмиш. Яхши гапирармиш, тушунмас эмиш. Қўпол гапиришга одоби йўл қўймас эмиш. Эр яна насиҳат қилармиш:
— Хотинжон тежамли, тутумли рўзғор юритгин. Мен кўп чарчадим, аввалги куч-қувватим қолмади.
Бир кун у одам уйда қолибди. Ҳаво совуқ бўлганидан ўша кун ишга бормабди. Не кўз билан кўрсинки, кеча олиб келган ўтинларини хотини қучоқ-қучоқ ўчоққа солиб ёқарди.
—Эй хотин! Сен нима қилаяпсан ўзи? Шунча ҳам ўтин ёқиладими? Сал аяб ёққин ўтинларни,—деди у одам тутоқиб.
— Нима қилай, бундан кам ўтин ёқсам, уй исимайди, — жавоб берди хотини.
Орадан вақтлар ўтиб, ул одам хасталаниб қолди. Тоғдан ўтин кесиб келтириш хотиннинг ўзига қолди. Хотин бориб ўтин кесиб орқалаб келди. Эри туриб ўчоққа бир қучоқ ўтин солди. Буни кўрган хотини:
— Сиз қандай одамсиз, нима қиляпсиз? Утинни кесиб орқалаб келдим, елкам ярабўлди. Аяб ёқинг, менинг ҳолимга тушунинг,— деди.
—Яхши хотин, хўп бўлади. Сен хафа бўлма. Бир тутам ўтинни бекорга ёқмайман, сен айтганча бўлсин,—хотинини тинчлатди у.
Ул одам охири тушундики, ота-боболаримиз: «Минг насиҳатдан бир машаққат, мусибат яхши», «Одамга минг ўгит бергандан, қийинчилик тезроқ ақл киргизади», «Насиҳат билан тузалмаганнинг ҳаққи азобдир» деб жудатўғри айтган эканлар.
Шунга ўхшаш ўз эрининг мол-мулкини совуриб, исроф этувчи хотинлар ўз оиласи саодатига ўз қўллари билан ўт қўядилар, демакдир.Эрининг мулки ўзининг мулки, болалари, набираларининг мулки эканлигини тушунмаган хотинлар ақлдан ёки тарбиадан маҳрум бўлганлардир. «Оқ оқча қора кун учундир»,—деганлар боболаримиз. Инсоннинг иши доимо яхши бўлавермайди. Балки бир борлиқнинг бир йўқлиги бор. Бир гугурт, бир ип учун келинга танбеҳ берган қайноталар кўпни кўрган-кечирган оқил инсонлардир.
Исрофгар аёлларни на Аллоҳ ва на эр севади. Ҳамма иш ўз вақтида бўлгани яхши. Инсон хасис бўлиб, ҳаддан ортиқ тежаши ҳам, сахий бўлиб совуриб ташламаслиги ҳам зарур. Энг яхшиси, шуларнинг лозим даражада ўртаси қадар иш кўрмоқ маъқулдир. Агар аёл тежамкор бўладиган бўлса албатта у хонадонда хорлик зорлик бўлмайди.Иншооллоҳ.
ЎМИ Сурхондарё вилояти вакилининг хотин қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Хосият Косимова