Фарзандларимиз Яратганнинг бизга берган чексиз неъматларидан бири бўлиши билан бирга, ҳар бир ота – она ҳузурида масъулият юклайдиган омонат ҳамдирлар. Бу омонат фарзандларга гўзал тарбия бериш, ҳам маънан, ҳам жисман соғлом қилиб ўстириш, уларни жамият, эл-юрт ривожига муносиб ҳисса қўшадиган шахслар этиб тарбиялаш каби кўплаб ишлар орқали адо қилинади.

Фарзанд тарбиясига ота−отанинг масъул эканлиги Қуръони каримда қуйидаги оятни далил сифатида  келтириш мумкин: “Эй имон келтирганлар, Ўзингизни ва аҳли оилангизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган ўтдан сақлангиз” (Таҳрим сураси 6 — оят) Шунингдек, ҳадиси шарифларда ҳар бирингиз қўл остингизга масъулдирсизлар дейилиши билан бирга, болани гўзал тарбияламоқ  ва гўзал исм бермоқ унинг отаси устидаги ҳақларидан эканлиги айтилган.

Демак, ота−онадаги масъулият болани янг яхши шаклда тарбияламоқдир. Уларнинг болага берадиган тарбияси ва ахлоқи ҳеч шубҳасиз ўзлари эга бўлган тарбия ва ахлоқдан бир намунадир. Бу хусусда қуйидаги ҳадисни келтириш мумкин: Ҳар туғилган бола фитратда туғилади, сўнгра уни ота ва онаси яҳудий бўлса яҳудий, христиан бўлса христиан, мажусий бўлса мажусий этади. Бундан кўринадики, фарзанд тарбияда умумий маънода ота ва онасининг ва улар тарбиясининг маҳсулидир.

Руҳий-маънавий тарбия — бу фарзандимизга моддий сабабларга боғлиқ бўлмаган адолат, севги, раҳм шафқат, эзгулик ва шижоат каби фазилатларнинг нима эканини ўргатиш ва уларни бу фазилатларга одатлантиришдир. Бунинг учун ота ва она бу руҳий туйғу ва ҳиссиётларнинг болада қай даражада шаклланаётганини текшириб туришлари керак бўлади. Маънавият тарбиянинг энг таъсирчан қуроли экан, ундан оқилона фойдаланиш, тарбияланувчи фарзандларимизни ватанпарварлик, ростгўйлик, ҳалқсеварлик каби юксак фазилатларга ўргатишимиз керакдир. Фарзандларимизга севмоқ ва севилмоқни, марҳаматли бўлмоқни ўргатиш учун ота-оналарнинг ўзлари ҳам уларни ўпишлари, силаб севишлари  ва меҳр кўрсатишлари керакдир. Фарзандларни севишни мустаҳаб амаллардан бўлиб, Ақро бин Хабис Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ҳазрат Ҳасанни ўпганини кўриб, менинг ўнта болам бўлса ҳам ҳеч бирин ўпмадим деганлари, бунга жанобимиз “Марҳамат қилмаганга марҳамат кўрсатилмас” дея жавоб қайтарган ҳадисларини келтиришимиз ўринли бўлади.

Болани яхши ишлар учун моддий ва маънавий ҳадялар билан севинтирмоқ керакки, бу уни яхшиликларга ташвиқ этади. Ибни Масъуд (р.а) илми маърифат билан маўғул фарзандларни кўрсалар: “Марҳабо илму ҳикмат манбалари, зулматни ёритгувчи чироқлар, киймларни юпин бўлсада қалблари пок инсонлар”, —  дер эканлар (имом Байҳақий ривояти). Бошқа тарафдан, болани ҳаддан ортиқ завқ ва сафога одатлантирмаслик, болани кичкиналигидан бу нарсаларга боғламаслик керакки, агар шундай қилинса бола катта бўлганида ҳар доим бирдай бўлмаганда ўзини бахтсиз ҳис қилади.

Фарзандларимизни замонавий билимларда ҳам пешқадам бўлишлигига жиддий эътибор қаратмоқлигимиз лозим. Юртимизда баркамол авлод тарбияси давлат сиёсати даражасигача кўтарилган бўлиб, ҳукуматимиз бу борада етарлича шароитлар яратиб бермоқда.  Юқорида кўриб ўтганимиздек, динимиз ҳам ёшларни замонасининг пешқадами бўлишга тарғиб қилади. Ҳазрати Али розиаллоҳу анҳу:     “Фарзандларингизга ўз замонасининг  илмини ўргатинглар, чунки улар сизнинг даврингиз учун эмас, балки ўзларининг даврлари учун яратилгандирлар”-деган эдилар.

Бизда ҳамиша азал-азалдан фарзанд тарбиясига катта эътибор билан қараб келинган. Маърифатпарвар юртдошимиз Абдулла Авлоний ёзганидек «Тарбия бизлар учун ё ҳаёт — ё мамот,  ё нажот -ё ҳалокат, ё саодат, ё фалокат масаласи» бўлиб келган. Юртга, Она-ватанга муҳаббат, инсонпарварлик туйғулари халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган азалий хусусиятдир. Ана шу ноёб инсоний фазилатларни асраб, авайлаш ва янада такомиллаштириш, фарзандларимизни озод ва демократик Ўзбекистоннинг муносиб ўғил — қизлари қилиб тарбиялаш масаласи ҳар доим диққат-эътиборимизда турмоғи лозим. Зеро, келажагимизнинг қандай бўлиши ҳозирги кунда биз тарбиялаётган ёшларимизга боғлиқдир.

 

Денов туман «Имом Бухорий» жоме масжиди имом ноиби  К.Артиқов

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here