Сўнги пайтда кўплаб қўпорувчилик ҳаракатлари дин ниқоби остида ижро этилаётгани, дин ҳақида, хусусан, ислом дини ҳақида салбий фикрлар туғилишига сабаб бўлмоқда. Бу ташвиқотларни ривожлантиришга уринаётганларнинг кўзга кўринмаган яширин бир мақсади исломни қора қилиб кўрсатиш ва мусулмонларни ваҳший деб тасвирлашдир. Бундай ҳаракатлар ғарб дунёсида гоҳида матбуотчилар қўлида, гоҳида сиёсатчилар тилида, гоҳида дин пешволари сўзида намоён бўлмоқда.
Аслида, “Ислом” сўзи луғатда “тинчлик” маъносидадир. Шунингдек, саломатлик, омонлик, хотиржамлик каби кўплаб маъноларни билдиради. Ушбу маъноларнинг барчаси бир-бирига узвий боғлиқдир. Мусулмон дегани бу Аллоҳга итоат қилиш билан бирга, У яратган мавжудотга тинчлик, хотиржамлик берувчи шахс демакдир. Мусулмон шахсиятига таъриф бериб, Расулуллоҳ (с.а.в.): “Мусулмонлар унинг тили ва қўлидан саломатда бўлган киши ҳақиқий мусулмондир…” деганлар. Бу сўзларнинг акси ўлароқ, “Террор” — бузғунчилик, даҳшатга солиш, шиддат маъноларини ифодалайди. Ушбу икки сўз мазмун жиҳатидан бир-биридан қанчалик узоқ бўлса, моҳият жиҳатидан ҳам шунчалик фарқлидир.
Дунёнинг кўп ўлкаларида террор гуруҳлари ичида бир қанча ақлсиз ва жоҳил инсонлар нима қилаётганини ва нима учун қилаётганини билмасдан оломоннинг чақириқлари таъсири билан ҳиссиётга берилиб, аслида ўз ихтиёри билан қилмайдиган жиноятларга қўшилади. Бир онда қўли қон қотилга, тажовузкор исёнчига ва ғайриинсоний ишлар қила оладиган бир террорчига айланади. Ёлғиз ўзи тинч, сокин кўринган одам бир террор гуруҳига қўшилиб, бир уйга ўт қўйиши, бир бегуноҳ инсонга ҳамла қилиши, бир корхонани вайрон қилиши, бир тўп одамларни ҳалок қилиши, ҳатто ўз жонини ҳалокатга ташлаши ҳам мумкин.
Бузғунчи оқимларнинг энг хунук хусусиятларидан яна бири, нишонни таваккалига, кўр-кўрона, тўғри келган ҳар қандай жойдан танлашидир. Ҳеч кимни ажратмасдан нишонга олиниши, қўрқувни ёйишнинг энг муҳим омилларидан биридир. Чунки бу, ҳеч бир инсон омонликда (хотиржам) бўлолмаслигини англатади. Агар кимни нишонга олаётганликларида ҳеч қандай асос бўлмаса, ҳеч ким ўзини улардан омонда деб ҳисоблай олмайди. Уларга нишон бўлиш эҳтимоли бўлган кишилар эса, ўзларини ҳимоя қилиш учун ҳеч нарса қила олмайдилар. Чунки бузғунчи оқимлар ўзи танлаган жойда ва ўзи истаган вақтда ҳаракатга киришади.
Бугун XXI аср техника асри бўлиб, мамлакатлар ўртасидаги маънавий муҳит шу қадар тез ва жадал сувратда шаклланиб бормоқдаки, бузғунчи ғоя эгалари интернет орқали вертуал жамоаларини ҳам шакллантиришга осонгина эришмоқда. Бу эса бугунги ҳар бир иймон соҳиби тўғри йўлни танлаб, ёшларни уларнинг тўрига тушишидан ҳимоя қилиш зарур. Бунинг учун турли соҳа мутахассислари ва барча тоифадаги шахслар “лоқайдлик” қобиғига ўраниб олмасдан, биргаликда ҳамкорлик қилишлари лозим. Турли ташкилот ва ўқув муассасаларида давомий тушинтириш ишлорини изчил амалга ошириш, бугунги ҳолат тақоза қиладиган муҳим амаллардан саналади.
Денов тумани бош имом хатиби П.Тошбоев