Бандаларини жуфт-жуфт қилиб яратиб, улар орасига ўзаро муҳаббат солган, башарият ҳаётини оила асосига барпо этган, оилани муқаддас деб билишга буюриб, уни сақлаган кишига катта ажру савоблар ваъда қилган ва уни поймол этган кишига улкан уқубатлар ила таҳдид қилган Роббимиз Аллоҳга Ўзи рози бўладиган даражада ҳамду-санолар, мақтовлар бўлсин.Умматларига Аллоҳнинг оила борасидаги кўрсатмаларини комил суратда таълим берган, ўзи бу масалада мукаммал ўрнак бўлган расуллар саййиди, оилапарварлар пешқадами, кўзимизнинг оқу-қораси бўлмиш пайғамбаримиз ҳазрати Муҳаммадга, у кишининг покдамон аҳллари ва ҳуснихулқ саҳобаларига салавоту саломларимиз бўлсин.

Муқаддас динимиз ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида ўзининг бекаму-кўст кўрсатмаларини  бергани каби, оила масаласида ҳам оламшумул натижаларни кўрсатган беқиёс кўрсатмаларини бергандир. Ушбу сўзимизни, ўтмишдаги ота-боболаримиз ҳаётига, уларнинг оилага алоҳида эҳтимом ила ёндошганларига, ўша оилалардан қандай улуғ зотлар етишиб чиққанига разм солган инсон тасдиқламасдан иложи йўқдир. Оилапарварлик —  динимизнинг энг муҳим асосларидан биридир. Аллоҳ таоло бутун башариятни ер юзига бир оиладан, муборак никоҳдан, Одам Ато ва Момо Ҳаводан таратгандир. Роббимиз инсониятга қачон, қандай элчи жўнатмасин, албатта ўша пайғамбар ўз умматини оила деб аталмиш қадриятни муқаддас деб билишга, уни кўз қорачиғидай асрашга даъват этиб келган. Аллоҳ таоло бандалари оила қуриб ҳаётгузаронлик қилишларини ирода қилган ва бунинг учун барча шароитларни юзага чиқарган. Аллоҳ таоло қуйидагича марҳамат қилади: “Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (ҳам руҳий, ҳам жисмоний жиҳатдан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир (Рум сураси, 21 – оят).

Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ўз умматларига жонкуярлик ила динимизда оиланинг тутган муҳим ўрни ҳақида таълим берганлар, ўзлари эса гўзал хулқлари, оила эҳтиёжларини таъминлашдаги тиришишлари ва оила муаммолари олдидаги чиройли сабрлари ила юксак намуна бўлганлар. У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам аввало оила қуришга даъват қилганлар ва бу ишни улкан савоб эканлигини эълон қила туриб, қуйидагиларни айтганлар: “Никоҳ менинг суннатимдир. Ким менинг суннатимдан юз ўгирса, мендан эмасдир” (Суютий Жомеъул Кабирда келтирган). Сўнгра оилани мустаҳкам ушлаш, бу борада Аллоҳнинг кўрсатмаларига амал қилишга ундаб ушбуларни марҳамат қилганлар: “Яхшингиз – аҳли оиласига нисбатан яхши бўлганингиздир. Мен сизларнинг ичингизда аҳли оиласига нисбатан яхши бўлувчиларнинг энг яхшисиман” (Термизий ривояти).

Пайғамбаримиз даврларида саҳобаларнинг оилалари динимиз кўрсатмалари асосида қурилган бўлгани учун энг бахтли оилалардан эди. Мана шу кунгача ҳам Ислом дини кўрсатмалари бўйича яшаётган оилалар дунёдаги энг бахтли оилалардир. Бунинг сабаби оила тушунчаси Ислом динида муқаддас тушунча эканлигидандир. Халқимиз ўз мустақиллигини қўлга киритиб, диний эркинлигини қайта тиклагач, оила деб аталмиш даргоҳни динимиз кўрсатмалари, миллатимиз қадриятлари асосига қуриш имконияти кенгайди. Аммо бу соҳада ҳали кўпгина ишлар олдинда. Ҳақиқий исломий оила қандай бўлиши керак эканлигини, ота-боболаримиз, момоларимиз қандай оилапарвар бўлганликларини халққа етказиш, уларга шу йўсинда соғлом оила руҳиятини сингдириш  — мана шундай муҳим ишлардан ҳисобланади.

Шунингдек оилага беэътиборлик, оила қуришга ҳар тарафлама тайёр бўлмаган ёшларнинг оила қуришлари, динимизда эътиборсизлик қилиш ман этилган оилавий қадриятларга аҳамият бермаслик, оилага ғарбча назар ила қараш ва оммавий маданият унсурларини оилаларимизга кириб келиши каби кўнгилсиз ҳолатларнинг ҳам олдини олиш бугунги кунда долзарб вазифалардан ҳисобланади. Бунинг учун ҳар биримиз аввало ўз оиламиздаги ишларни диний кўрсатмаларга асосланиб, миллий қадриятларни риоя қилган ҳолда йўлга қўйишимиз зарур. Зеро, пок оила икки дунёда бахту-саодат манбаидир. Зеро, оила – муқаддас даргоҳдир.

 

Олтинсой туман бош имом хатиби         М.Маматқулов

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here