Оила инсон зоти яратилганидан бошлаб давом этиб, инсоният тарихининг ҳамма даврларида ҳар қандай тузум ва шароитда ҳам кишиларнинг асосий ва муҳим ҳамда шарафли ишларидан ҳисобланади.
Шунинг учун инсоният тарихининг барча босқичларида Аллоҳ таоло ўзи юборган пайғамбарлари орқали оиланинг мустаҳкам бўлиши учун ҳар қайси даврга мувофиқ низом ва қонунлар жорий қилган.
Ислом динида оилага катта эътибор берилиб, уни қандай ташкил қилиш, оила аъзоларининг ҳуқуқлари, фарзандлар тарбияси, унинг аъзолари ўртасида чиқадиган келишмовчиликларни муолажа қилиш, умуман оилавий ҳаётнинг барча масалаларига жавоб топиш мумкин.
Оила — муқаддас даргоҳ. Биргина шу муқаддас сўзининг оилага нисбатан ишлатилишида чуқур маъно ва моҳият мужассам. Зотан, миллатнинг эртанги кунига дастлаб оилада пойдевор қўйилади, унда ҳаётнинг давомийлигини таъминловчи авлод шаклланади, миллий маданият, урф-одатлар, ахлоқий-маънавий қадриятлар асраб-авайланади, жамият тараққиётининг иқтисодий фаровонлик ва маданий юксалишларига асос солинади, мустаҳкамланади. Инсонга хос бўлган чинакам ҳаётни, фаровон ва бахтли турмуш шароитини мана шу амалларсиз тасаввур этиб бўлмайди, албатта. Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб моҳиятида инсон ва унинг манфаатлари устувор экан, биз кўзлаган мақсадларга эришишда ҳаётимизнинг таянчи ва суянчига айланган оиланинг ўрни бениҳоя каттадир.
Дарҳақиқат, Ислом дини ўз аёлларига нисбатан яхши муносабатда бўлган эркакларни инсонларнинг энг яхшилари қаторига қўшади. Бу ҳақда Расулуллоҳ (сав) шундай деб марҳамат қиладиларки:
“Сизларнинг ичингиздаги яхши эркак ўз аҳли аёлига нисбатан яхши муносабатда бўлганидир. Мен эса ўз аҳлимга сизлардан кўра яхшироқ муносабатдаман”.
Албатта, ҳар тўкисда бир айб деганларидек, инсон зоти айбу нуқсондан холи эмас. Шундай экан, эркаклар ўз аёлларининг айбларини беркитиб, оиланинг бардавом бўлишлигини кўзда тутган ҳолда уларга панду насиҳат қилиб туришлик буюрилади.
Пайғамбармиз (сав) марҳамат қиладилар.
“Ҳеч бир мўмин ҳеч қайси мўмина аёлини ёмон кўрмасин. Агар унинг хулқ атворидан бирини ёқтирмаса, бошқа хулқини ёқтириши мумкин”.
Истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ, мамлакатимизда оила манфаатларини ҳимоялашнинг ҳуқуқий, маънавий-ахлоқий асосларини умуминсоний ва миллий қадриятлар муштараклигида янада бойитиш, чуқур билимли, касб малакаси шаклланган маънавий ва жисмоний соғлом авлодни вояга етказиш борасида кенг қамровли ишлар бошлаб юборилди. Хусусан, Конституциямизда алоҳида бобда оиланинг ижтимоий мақоми аниқ белгиланди. Оила, Фуқаролик, Уй-жой кодекслари, бошқа қонун ҳужжатларида оилавий муносабатларнинг азалий қадриятлари ўз ифодасини топди.
Шунингдек, ўтган йиллар давомида Президентимизнинг аҳоли даромадларини ошириш, ёш оилаларни уй-жой билан таъминлаш, тадбиркорлик, касаначилик, ҳунармандчилик ва оилавий бизнесни ривожлантиришга қаратилган фармон ва қарорлари қабул қилинди, мақсадли давлат дастурлари ҳаётга татбиқ этилди. Ҳар бир фуқаронинг ҳалол йўл билан фойда олиши, оиласининг тўкинлиги, фаровонлигини таъминлаши учун зарур шарт-шароитлар яратилди.
Маълумки, мамлакатимизда аёлларни ҳуқуқи тўла тўкис ҳимоя қилинади. Чекка-чекка қишлоқларимизда ҳам аёлларни соғлиғини тиклаш, шифохоналарни ташкил қилингани, барча ижтимоий сиёсий соҳаларда уларнинг фаол қатнашиб келаётгани бунинг ёрқин мисолидир. Аёллардан катта ва кичик раҳбарлар, тадбиркорлар, сиёсат арбоблари, фан докторлари ва ҳатто Ўзбекистон қаҳрамонлари мавжудлиги дилимизни қувонтиради, албатта.
Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунда баъзи бир оила бошлиқлари айни шу масалада ўз вазифаларини унутиб қўймоқдалар. Ҳатто баъзилари ориятсизлик билан ўз жуфти ҳалолларини аёллар шаънига мос келмайдиган йўллар билан пул топиб келиш учун кўча-кўйга чиқариб, ҳатто мардикорчилик қилишга ҳам мажбур қилаётганликлари ҳам сезилмоқда. Бундай холатларни пайдо бўлиши ачинарли ҳолдир.
Расулуллоҳ )сав) Ҳажжатул Вадоъда эркакларга мурожаат қилиб шундай дедилар:
“Аёллар ҳақида Аллоҳдан қўрқинглар, дарҳақиқат, улар сизнинг ёрдамчиларингиз бўлиб, сизларнинг улардаги ҳаққингиз шундан иборатки, сизнинг уйингизга сиз ёқтирмаган бирорта кимса бостириб киришига йўл қўймаслик. Борди-ю, шундай қилсалар уларни жароҳат етказмайдиган қилиб уришиб қўйингиз! Ўз навбатида сизлар ҳам уларни яхшилик билан едириб, кийдирингиз”.
Фарзандларни одатда оналар эмизиб тарбия қиладилар. Моддий таъминот бўйича аёл эридан унинг тоқати етмайдиган нарсаларни талаб қилиш мумкин эмас. Уламоларимиз айтадиларки, эрининг топганига қаноат қилмасдан, ундан янада кўпроқ нарсалар талаб қилган аёллар гуноҳкор бўладилар.
Жамиятнинг муҳим бўғини бўлган оилани мустаҳкамлаш, юртимиздаги маънавий ўзгаришлар асосида ривожлантириш, нуфузини оширишга доир режалаштирилган дастурларни бажаришда жамиятнинг барча институтлари, айниқса, ўзини ўзи бошқариш органлари — маҳаллалар ҳам ўз имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда фаол иштирок этмоқда.
Оила фаровонлиги маҳаллада ижтимоий муҳит барқарорлигини таъминлашда ва жамият тараққиётида муҳим омил ҳисобланади. Қолаверса, минг йиллар давомида маҳаллаларда ўзаро меҳр-оқибат, аҳиллик ва тотувлик, кам таъминланган, эҳтиёжманд кишилар ҳолидан хабар олиш, тўй-томоша, ҳашар ва маъракаларни кўпчилик билан бамаслаҳат ўтказиш, яхши кунда ҳам, ёмон кунда ҳам елкадош бўлишдек халқимизга хос урф-одат ва анъаналар шаклланган ва ривожланган. Бир сўз билан айтганда, маҳалла оиланинг асосий таянчи ва суянчи бўлиб келган.
Мустақиллик туфайли халқимизнинг бу анъаналари яна ҳаётга қайтди. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи — маҳалла институтини ҳуқуқ ва ваколатларини янада кенгайтириш, мавқеини мустаҳкамлаш, нуфузини ошириш учун барча ташкилий-ҳуқуқий асослар яратилди. Натижада фуқаролар йиғинлари қошида оилалар аҳволи билан яқиндан таниш, уларга ўз вақтида моддий-маънавий кўмак бера олувчи, фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий фаровон турмуши, маънавий-маърифий дунёқарашига самарали таъсир кўрсатувчи ўзига хос демократик дарсхона шаклланди.
Бугун мустаҳкам оилани шакллантиришда маҳалла қошида фаолият юритаётган диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар, Яраштириш, Маънавият тарғиботи, Ёшлар билан ишлаш комиссияларидаги вакиллар зиммасидаги масъулиятни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Улар фаолиятларида асосий эътиборни аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида маънавий-ахлоқий тарбия ишларини олиб бориш, оилаларнинг ижтимоий-маънавий аҳволини ўрганиш, нотинч оилаларни ўз вақтида аниқлаб, улар билан якка тартибда ишлаш, хотин-қизларни фойдали меҳнатга жалб этиш, миллий қадриятларимизни тарғиб этадиган тадбирлар уюштиришдек масъулиятли вазифаларни изчил амалга оширишга қаратиб келаётир.
Шубҳасиз, оила мустаҳкамлигининг асосий омилларидан бири унинг қонуний ва меҳр-муҳаббат асосида қурилганидир. Шу боис, оилалар билан якка тартибда суҳбат олиб бориш, уларнинг муаммоларини ҳал этишда маслаҳатчилар ҳамда ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ўтказилаётган тадбирлар яхши самара бермоқда. Хусусан, хотин-қизлар қўмитаси, ФҲДЁ бўлимлари, ҚВП ва оилавий поликлиникалар ҳамкорлигида аҳоли ўртасида оила ва никоҳ муносабатларининг қонунийлигини таъминлаш, ёшларни турмушга тайёрлаш, никоҳдан аввал тиббий кўрикдан ўтказишга бағишланган турли маънавий-маърифий тадбирлар уюштирилаётир. Бундай тадбир ва тарғиботлар ёшларнинг мустаҳкам оила қуришларига замин яратади.
Инсон табиатидаги энг яхши фазилатлар, дунёқарашини белгилайдиган маънавий мезонлар аввало оила, маҳалла, қолаверса, мактаб бағрида куртак ёзади. Ҳар бир боланинг эртага қандай инсон бўлиб вояга етиши, иқтидорининг шаклланиши мана шу уч муҳим бўғин ҳамкорлиги ва таълим-тарбиясига боғлиқ. Барчамизга яхши маълум, таълимни тарбиядан, тарбияни таълимдан айро ҳолда тасаввур қилиш мумкин эмас. Эртанги кунимиз эгалари бўлган ёш авлоднинг ҳар томонлама баркамол инсонлар бўлиб вояга етишида нафақат ота-она ёки ўқитувчи, балки қўни-қўшни, маҳалла-кўй ҳам бирдек жавобгар. Шу маънода, ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятида йўлга қўйилган «Оила-маҳалла-мактаб ҳамкорлиги» концепцияси таълим ва тарбия самарадорлигини оширишда муҳим омилдир. Эндиликда маҳалла маслаҳатчилари ва турли комиссиялари иштирокида ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, йиғинлар ва ўқув муассасалари қошида ташкил этилаётган турли бадиий ва ҳунар тўгараклари, спорт машғулотлари ёшлар ўртасида майда безорилик, жиноятлар, иллатларга берилиш ёхуд зарарли оқимлар таъсирига тушиб қолишнинг олдини олишда қўл келмоқда.
Кейинги йилларда мамлакатимизда томорқачилик, паррандачилик, чорвачилик, боғдорчилик, ҳунармандчилик каби оилавий бизнес тармоқларини ривожлантиришга доир кенг имконият ва имтиёзлар яратилди. Оилавий бизнеси орқали фаровон ҳаёт кечираётган юртдошларимиз сафи кун сайин ортиб бормокда. Эндиликда, касб-ҳунар коллежини битирган ёш йигит-қизлар фуқаролар йиғини кўмагида банкдан имтиёзли кредит ва керакли ускуналар олиб тадбиркорликни йўлга қўймоқдалар. Турли маиший хизмат ва ишлаб чиқариш корхоналари очиб, юрт тараққиётига ҳисса қўшишга интилмоқдалар. Шу маънода, маҳаллаларни оилавий бизнес ва хусусий тадбиркорлик марказларига айлантиришда ёш оилалар иштирокини ошириш айни муддаодир.
Оиладаги унча-мунча катта-кичик гаплар, баъзи кечирса бўладиган хатоларга кўп хам эътибор бермаслик, ундан улкан иш ясамаслик лозимдир. Шунда, иншоаллоҳ, фарзандларимиз одобли, билимдон ва ақлли, меҳнатсевар, иймон-эътиқодли бўлиб тарбияланадилар. Ёшларимизнинг ҳар томонлама соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш, маънавият қўрғони бўлмиш оилани мустаҳкамлаш барчамизнинг бурчимиздир.
Хуллас, оила бошлиқлари, яъни ота-оналар намунали, аҳил оила қурсалар, фарзандларнинг тарбияси ҳам осон бўлади. Бинобарин, оиланинг муқаддас даргоҳ эканини ҳеч қачон унутмаслик лозим.
Аллоҳ таоло юртимизни обод қилиб, оилаларимизни мустаҳкам ва азиз фарзандларимизни ота-онасига раҳмат келтирадиган, элу юртга манфаатли инсонлар бўлишиларини насиб этсин!
Денов туман “Абу Ҳанифа” жомеъ масжиди имом хатиби Д.Давлатов