«Исроф» деганда кераксиз нарсаларга беҳудага пул сарф этиш, фойдасиз сарф-харажатлар ва ҳаракатлар тушунилади. Инсон табиатан исрофгарчиликка мойил жонзот саналади. Ҳар қадамда молини беҳуда сарфлайди.  Кўпларимиз бу соҳада исрофгарларнинг исрофгарига айланиб бўлганмиз. Машаққат ва ҳамма нарсадан ўзни қайтаришлар эвазига йиллаб йиққан молимизни ном чиқаришга қилинган кераксиз бир маросим, маърака учун бир кечада совуриб юборамиз. Бирор буюмнинг (масалан, улов, рўзғор ашёси ёки кийим-кечакнинг) арзонроғи тургани ҳолда бошқаларни лол қолдириш мақсадида энг қимматини сотиб оламиз, ҳатто «кимошди» савдосидан харид қиламиз.  Сув, озиқ-овқат, кийим-бош, ёқилғи ва бошқа неъматларни исроф қилиш соҳасида-ку ҳар қандай миллатни ортда қолдирамиз.

Исрофнинг катта-кичиги йўқ. Бир замондош олим айтганидай, «Исрофнинг энг кичиги таом еган косангдаги ёғ юқини тозаламасликдир». Ном чиқариш, обрў қозониш, бошқалардан устун ёки пулдор эканини кўрсатиш учун уйларни ҳаддан ташқари ҳашаматли ва дабдабали қилиш, уларни хориждан келтирилган қимматбаҳо ашёлар билан жиҳозлаш, кийимнинг янги урф бўлгани (модадаги) изидан пул сочиш, зиёфат ва маросимларни бошқаларникидан бир неча баробар дабдабали, серчиқим қилиш ҳам давримиздаги исрофнинг кўринишларидандир.

Тошкент тўйхоналаридан бирида (!) ўтказилган «марҳумни хотирлаш» маросими дастурхонига тортилган неъматларнинг кўплигидан, ранг-баранглигидан, қимматбаҳолигидан ҳамма ҳайратда қолди. Ҳатто меҳмонлардан бири таажжубини яшира олмай: «Пул топибдию, аммо сал ҳаддидан ошибди-да» деди. Шунда маросимга келган отахонлардан бири мезбоннинг бу такаллуфини оқламоқчи бўлгандай: «Ҳа, энди Аллоҳ давлат берибди, шунақа савобли ишларга сарф қилади-да, агар уни ичкиликка, хотинбозликка ёки қиморга сочиб юборганида нима дея олардик», деб тасалли берди. Тўғри, унга   мўл-кўл давлат берилган бўлса, инсончилик туфайли буни элга билдиргиси келади, катта сарфлар билан ўзининг нималарга қодирлигини кўрсатмоқчи бўлади.

Лекин ҳамма ишда меъёр яхши, мўътадиллик яхши. Менга бойлик бериб қўйилибди, дея уни ҳар томонга сочавериш, айниқса  буюрилмаган ишларга харжлаш савоб ўрнига гуноҳ эшикларини очиб юбориши мумкин. Бунинг ўрнига маҳалладаги ночор яшаётган бир фақир оиланинг кам-кўстини қилиб бериш, ўқиш ҳақи (контракт) пулини тўлай олмаётган бир талабага елка қўйиб юбориш, уйланиш учун маблағ топа олмай гангиб юрган бир ёш оиланинг мушкулини осон қилиш, қарзини тўлай олмаётган бир танишини қўллаб юбориш мумкин-ку!

Ҳаётини, ақидасини нима қилиб бўлса ҳам бойиш, бу йўлда ҳар қандай ахлоқий меъёрлардан воз кечиш устига қурган Ғарбнинг расимол (капитал) дунёси ўз фойдасини кўзлаб, гугурт чўпини ҳам одамларга текинга бермасликка тиришади. Газетларда пўртахол ёки банан ҳосили кутилганидан ортиб кетса, унинг баҳоси тушиб, фойда камайиб кетишидан қўрққан сармоядорларнинг тонна-тонна неъматларни муҳтожларга тарқатмай уммонларга ағдаришгани ҳақида кўп марта ёзишган. Яна шуниси ажабланарлики, улар меваларни одамлар сувдан чиқариб олмасин, деган хавфда соҳилларга ҳеч кимни яқинлаштирмайдиган соқчиларни ҳам тайинлашади.

Наманганнинг Янги шаҳар қисмида яшовчи бир аёлнинг ҳикоясига қулоқ солинг: «Эрим вафот этиб, учта болам билан икки хонали «дом»да нафақасиз қолдик. Тўғри, очимиздан ўлаётганимиз йўқ, Аллоҳ тирик бандасининг ризқини бериб тураркан. Лекин ҳозир «осмондан чалпак ёғилармикин?» деб кутиб ўтирадиган пайт эмас. Қолаверса, «Сендан ҳаракат, Худодан баракат», деган гап ҳам бор. Ишлай десам, ҳеч қайда бўш ўрин йўқ. Ўйлай-ўйлай, бир қўшнимнинг маслаҳати билан ёндаги хонадонда турадиган бойвачча йигитнинг уйини тозалаб туришга ёлландим. У туманлардан бирида яшайди, дам олиш кунлари улфатлари билан базм қилиш учун шу хонадонни сотиб олган. Шартлашганимизга кўра уларнинг «базми» тугаб, туманига кетганидан кейин хонадонни йиғиштириб-тозалайман. Лекин ҳар гал тозалагани у ерга кириб, хўрлигимдан йиғи келади. Еб-ичилганидан ортган қанча-қанча қимматбаҳо пишлоқ, қўлбости (колбаса), қази, шоколад каби неъматлар, мева-чевалар шундоғича яроқсиз ҳолда қолаверади. Чунки эгаси рухсат бермагани учун мен болаларимга едиришдан тийиламан, сўрагани бетим чидамайди. Ўчириб кетилган музхонадаги ортиб қолган анчагина гўшт-ёғ, тансиқ таомлар ҳам айниб бўлган, фақат чиқариб ташлаш керак, холос. Ахир, кетаётганида мени чақириб, «Манавиларни саранжомлаб олинг», деса асакаси кетармикин? Ўзим айтай, десам, отасиинг амалига, қўлидаги давлатига қўнқайган қўрс йигитнинг жаҳлини чиқаришдан қўрқаман. Хулласи, «кимдир унга зор, кимдир қилар хор», деганларидай, исрофнинг касри бир куни унга уриб хароб қилмасайди, деб қўрқаман».

Исрофгарчиликнинг охири надомат билан тугайди, ҳалокат билан якунланади. Исрофгар қанчалик бой бўлмасин, оқибатда барибир камбағалга айланади. Шамини кундузи ёндирган одамнинг туни қоронғу бўлади. Пулини, молини, бошқа неъматларни хор қилган киши оғир кунда ўзи ҳам хор бўлади. Тасаввур қилинг: бир уй тўла оч-яланғоч одам ўтирибди. Уй совуқ, егани ҳеч вақо йўқ, хасталарга табиб чақиргани, дори-дармон олгани ҳам пул йўқ. Оила аъзоларининг барчаси ғамга ғарқ бўлган, ҳатто болаларнинг кўнглига шўхлик сиғмайди. Мана шу кўнгилсиз ҳолатнинг бош айбдори кераксиз ўринга мол сарфлаган, иқтисод, тежаш деган гапларни аллақачон унутиб юборган оила бошлиғидир. У «Пул мени эмас, мен пулни топаман», деб  эртасини ўйламай топганини беҳуда совурган.

Фахри коинот айтганларидек: «Енглар, ичинглар, садақа қилинглар, аммо исрофгарчилик ва фахрга ўтманглар»; «Ким ҳаётда тежамкор бўлса, зинҳор қашшоқликка тушмайди».

Тўғри, пулга, мол-дунёга муҳаббат қўйиш, пул устига пул йиғиш ёмон хулқлардан саналади. Аммо кераксиз ўринга пул-мол сарфлаш ҳам ақлга зид ишдир. Бир донишманд айтганидай, «саховатли бўл, аммо исроф қилма, тежамкор бўл, лекин бахил бўлма». Исроф сахийлик эмас, тежамкорлик бахиллик эмас. Тежамкор киши пулини керагидан ортиқча сарфламайди. Юз сўмга олинадиган нарсага ҳовлиқиб минг сўм тўламайди. Пулини фақат ҳаёти, рўзғори, эҳтиёжи учун зарур бўлган нарсаларгагина харжлайди. Тежаган киши асло фақир бўлмайди, балки икки дунё саодатига эришади.

Исрофгарлардан бири Суқрот ҳакимга камбағал бўлиб қолганидан шикоят қилди. Суқрот ўша одамга шундай маслаҳат берди: «Исрофингга бир чегара қўйиб, пулингни тежа, ўзинг ўзингдан қарз ол, шунда аҳволинг ўнгланади». Улуғ донишманднинг тавсияси бугунги кунимизда ҳар қадамда исрофга йўл қўйса-да, яна ҳаёти ночорлигидан шикоят қилиб фиғони фалакка чиқаётган айрим кишиларга ишоратдек туюлмайдими?

Имоми Аъзамнинг ғоят ибратли бир гаплари бор: «Хайр (яхшилик) ва эҳсонда исроф бўлмаганидек, исрофда ҳам ҳеч қандай хайр йўқдир». Дарҳақиқат, Аллоҳ розилиги йўлида ўзгаларга ҳар қанча хайр-эҳсон (яъни, яхшилик) қилсангиз ҳам ортиқчалик қилмайди, исроф бўлмайди. Аксинча ҳар қандай  ишда исрофга йўл қўйсангиз, у ҳар қанча чиройли кўринмасин, ортида ҳеч бир яхшилик йўқ. Пулни ҳисоб-китоби билан сарф қилиш фойданинг ярмидир.

 

Денов туман “Нурил Ислом” жомеъ масжиди имом хатиби           А.Ҳамидов

 

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here